Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Вали Султонов: «Хоразм»га қайтишни истайман»

Баҳо:
+ | -

Вали Султонов воҳа футболида муносиб из қолдирган инсонлар сирасига киради. Уни нафақат Хоразм, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яхши танишади.

Айтиш жоиз, ёш мутахассис сўнгги йиллари «Хоразм» жамоаси бош мураббийи сифатида самарали фаолият юритаётганди. Бироқ 2012 йилги мавсум арафасида кутилмаганда, жамоани тарк этди.

— Вали Фарҳодович, ўшанда жамоа­дан ўз ихтиёрингиз билан кетганмидингиз ёки...?
— Тўғриси, жамоадан асло кетгим йўқ эди. Қолаверса, шогирдларим билан янги мавсумга тайёргарлик жараёнини бошлаб юборгандик. Март ойининг бошида клубимизга янги директор тайинланди. Бу барча режаларимни чиппакка чиқарди. У нимагадир мен билан шартнома имзолашни лозим топмади. Натижада бошқа жамоа излашимга тўғри келди. Қизиғи шундаки, бир йилдан кейин бу директорнинг ўзини ҳам ишдан олишди.

— Умуман, «Хоразм»даги мураббийлик фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?
— Мақтанишга йўйманг, вилоят футболи ривожига озми-кўп хизматим сингди. Бундан мамнунман. Олий лигада ўйнаганимизда стадоинимизга томошабинлар сиғмай қолган вақтлар ҳам бўлди. Айниқса, 2009 йили Ўзбекистон чемпиони «Бунёдкор»га қарши ўйинимизда кўплаб ишқибозларимиз ташқарида қолишганди. Яна «Пахтакор» билан учрашувимиз ҳам ниҳоятда қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтганди. Мен учун унутилмас воқеа 2008 йили содир бўлди. Ўша йили жамоа қўл остимда олий лигага йўлланма олди.

— Устозларингиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз...
— Футболнинг илк сир-синоатларини Оллаберган Матниёзов ўргатган. Профессионал футболда дастлабки кўникмаларни Баҳодир Мирзаевдан олганман. Мураббийлик борасида эса Рўзмат Қурёзовни устоз, деб биламан.

— Сўнгги 2 йил ичида нима билан машғул бўлганингиз кўпчиликни қизиқтирса керак...
— Албатта, ишсиз юрмадим. «Хоразм»дан кетганимдан сўнг «Насаф» клуби директори Шамиль ака Ярулин биринчи лигада иштирок этаётган «Насаф-2»га таклиф этди. Бир йил мобайнида ушбу жамоада мураббий вазифасини ўтадим. Ўтган йили эса «Насаф» ёшлари билан шуғулландим. Ҳозирги пайт ушбу клуб академиясининг Урганч шаҳридаги филиалида хоразмлик ёшларга сабоқ беряпман.

— Мутахассис сифатида «Насаф» ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
— Тан олиш жоизки, клубда ҳақиқий футбол ҳавоси ҳукм суради. Ҳамма ўз ишига профессионалларча ёндашади. Яратилган шарт-шароитларга ҳавас қиласан киши. Қолаверса, у ерда жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевдан кўп нарсалар ўргандим.

— Агарда сизга «Хоразм» клубини қайта топширишса, ишни нимадан бошлаган бўлардингиз?
— Клуб раҳбарияти менга ишонч билдирса, бошим осмонга етади. Умуман, «Хоразм»га қайтишни жуда-жуда хоҳлайман. Мабода ниятим ушалса, режаларим бисёр. Авваламбор, бир пайтлар билиб-билмай йўл қўйган хато-камчиликларни такрорламасликка уринаман. Қолаверса, бор билим ва тажрибамни Хоразм футболи анъаналарини қайта тиклашга сарфламоқчиман. Умуман, диққат— эътиборимни маҳаллий ёшларга қаратиб, маҳоратларини янада юксалтириш орзум бор.

— Ўғлингиз 2003 йили Хоразм воҳасида ўтган «Умид ниҳоллари» мусобақаси даври туғилган экан...
— Бу тўғри. Ўшанда вилоятимиз терма жамоасига устозлик қилаётгандим. Ўғлим финал учрашуви арафасида туғилган. Ўйлаб ўтирмай, мусобақага рамзий маънода Умид, деб исм қўйдик. Айтганча, ўша мусобақада ғолиб чиққандик.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:11, 12.02.2014.
Ўқилди: 4619 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.