Португалиялик футбол афсонаси Луиш Фигу катта жанжалга сабаб бўлган 14 йил аввал "Барселона"дан "Реал"га ўтишида айбни Каталония клубига юклади.
"Капм Ноу"да 5 йил ўйнаган Фигу 2000 йилнинг ёзида кутилмаганда "Қироллик клуби"га ўтишга рози бўлди. Унинг трансфери футбол тарихидаги энг можароли ва энг қиммат (60 млн. евро) трансферга айланганди.
"Барса" президенти Нуньес менга нисбатан яхши муносабатда бўлмаганди ва бу менинг жаҳлимни чиқарганди", дея футболчининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Sport.es сайти. "Вақт ўтиши билан бу жаҳл ва ғазаб ўтиб кетмади. Клуб менинг қадримга етмагани учун ўзи айбдор".
Фигу Мадридда ҳам беш йил тўп сурди. Шундан кейин эса "Интер"га йўл олди ва 2009 йилда у ўз футболчилик фаолиятини якунлади. Португалиялик футболчининг тан олиб айтишича, унинг "Реал" билан хайрлашиши ҳам чиройли суратда амалга ошмаган.
"Флоренто Перес мени ўз жамоасида кўришни жуда ҳам истаганди. Кейинчалик нима бўлганини билмайман. Бирданига захира ўриндиғи футболчисига айланиб қолдим. Бунга ҳеч қандай изоҳ беришмади. Менга оғриқ беришни исташди ва мен кетишга қарор қилдим", дейди Фигу.
Сўнгги 6 йилликнинг энг яхши футболчилари — Месси ва Роналду борасида Луиш ўз фикрларини қуйидагича билдирди: "Месси ҳам, Роналду ҳам — фантастик ўйинчилар. Мен уларнинг иккисини ҳам ўз жамоамга олган бўлардим".