Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Анге Постекоглу: "Австралияликлар қийин вақтда бирлашишади"

Баҳо:
+ | -

Анге Постекоглунинг азалий орзуси ўтган йили рўёбга чиқди: 48 ёшли мутахассисни Бразилия-2014 чиптасини нақд қилган Авс­тралия миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинлашди.

Вақтида U-17 ва U-20 тоифасидаги жаҳон кубоги ўйинлари мазасини тотиб кўрган мураббий энди асосий мундиалга шайланмоқда. Айтиш жоиз, ёш «соккерузлар» унинг қўл остида кўп йиллар давомида шуғулланишган ва унчалик чакки таассурот қолдиришмаган. Пос­текоглу энди ёшлар футболидаги ютуқларини катталар доирасида ҳам қайд этмоқчи. Собиқ ҳимоячи FIFA.com сайти мухбирлари билан суҳбат чоғи буни дадил баён этди.

- 1985 йили футболчи сифатида U-20 тоифасидаги ЖЧда иштирок этгансиз, бироқ сизга асосий мундиалда тўп суриш насиб этмаган. Чунончи, ўша даврда Австралия термасининг саралаш босқичидан ўтиши ғоят мушкул эди...

- Ҳа, дарҳақиқат, йўлланмани қўлга киритишимиз осон эмасди. Тўғри, жамоамиз 1974 йилги мундиалда иштирок этган, бироқ шундан сўнг кўп қийинчиликларга дуч келди. Ҳар сафар катта умидлар билан ўйнасак, ҳаракат қилсакда, якунда мақсадга эришолмасдик. Аслида шахсий фикримча, биз ЖЧда ўйнаш даражасида бўлганмиз. Мана, 2005 йилги саралаш раундида муваффақият қозониб, янги даврга қадам қўйдик. Бунгача эса бир қатор ажойиб футболчиларимизнинг мундиалда ўйнаш имкониятини йўқотишгани ачинарли ҳол. Энди йилдан йилга натижаларимизни яхшилаб боришимиз шарт.

- Мана, Бразилиядаги жаҳон чемпионатига бош мураббий сифатида борасиз...

- Ҳа, бунга ишониш қийин: ахир миллий жамоага асосий масъул киши сифатида Бразилияга йўл оляпман. Бу орзунинг ушалишими? Билмадим... Лекин ортга назар солиб, ўз ишимга бор маҳоратимни сафарбар этганимни ҳис қиламан. Умуман, футболда 5-6 йилдан сўнг нима бўлишини тасаввур ҳам қилолмайсан. Балки унинг гўзаллиги ҳам шундадир...

- Австралиянинг U-17 ва U-20 тои­фасидаги термалари билан эришган ютуқларингиз анча салмоқли. Хусусан, ҳар икки жамоани бир неча марта ЖЧ «плей-офф» босқичига олиб чиққансиз. Ўша турнирлар ҳақида гап кетганида, биринчи нав­батда, нимани эслайсиз?

- Эртакнамо таассуротлар. Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларни 7 йил давомида бошқардим ва U-17 ҳамда U-20 доирасида 6та халқаро турнирда иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Қувонарлиси, биз футболи энг ривожланган мамлакатлар терма жамоалари ва бугунга келиб чинакам юлдузга айланган кўплаб иқтидорлар билан тенгма-тенг ўйнадик. Асосийси, Авс­тралияда футболнинг ривожига озми-кўп ҳисса қўшдим. Ўйлайманки, шу 7 йил давомида ўз ўйин услубимни яратдим, футбол фалсафамни шакллантирдим. Тўплаган тажрибамни маълум муддат клуб футболида синаб кўришга ҳам улгурдим. Табиийки, ортда қолган даврда халқаро футболдаги ўзгаришлардан ҳам хабардор юрдим. Шундай экан, бўлажак турнирдан умидим катта. Ҳарқалай, жамоамнинг ҳар қандай рақибга қаршилик кўрсата олишига ишонаман.

- Бундай ишончнинг асоси нима?

- Австралияликлар одатга кўра, энг қийин паллада бирлашишга одатланишган, бу айниқса, спортда яққол кўзга ташланади. Яна бизда таслим бўлмаслик ҳисси кучли. Асосийси, сиз қайсидир йирик турнирда қатнашсангиз, аввалги натижаларни яхшилашга уринасиз. Бунинг учун ўз кучингизга ишонишингиз ва ҳар қандай қўрқувни енгиб ўтишингиз лозим.

- Бундан 13 йил муқаддам «Мельбурн» сафида Бразилияга боргансиз - Клублар ўртасидаги ЖЧ-2000га...

- Яна бир ажойиб хотира. Афсонавий «Маракана»да «Манчестер Юнайтед» ва «Васко да Гама» каби буюк клубларга қарши тўп сургандик. Ўша вақт Австралия футболи ҳолати ҳозиргисидан анча фарқланарди. Шунга қарамай, биз ёмон таассурот қолдирмагандик. Ҳар ҳолда, рақиблар билан муносиб ўйнаганмиз. Бунда кучли иштиёқимиз қўл келганди. Айтишим жоиз, бугунги кунда ҳам иштиёқ бобида муаммомиз йўқ.

- Бугунги Австралия термасининг кўплаб аъзоларига вақтида ёшлар даражасида ҳам устозлик қилгансиз. Қўл остингизда шуғулланган ёшларнинг ўз йўлларида давом этиб, миллий жамоа юлдузларига айланишганини кўриш ёқимли бўлса керак...

- Бу менга чексиз ғурур бағишлайди. Агарда уларнинг фаолиятлари муваффақиятли кечишига озгина ҳисса қўшган бўлсам, бундан беҳад хурсанд­ман. Яна бирга ишлаётганимиз эса икки ҳисса ёқимли. Зеро, барчамиз бир-биримизни жуда яхши биламиз, футболчилар менинг иш услубимдан хабардорлар. Бу нарса умумий ишимизни анча енгиллаштиради. Иккинчи томондан, барча буюк термалар ёшлар ўртасидаги мусобақаларда ривожланган футболчилардан иборатдир. Австралия ҳам ажо­йиб футболчилар авлодига эга. Ишонинг, миллий жамоамизнинг ҳозирги аъзолари кўп нарсани кўришга улгуришди ва тажрибалари ҳам етарли. Шундай экан, улар сифатли, томошабоп ўйинлар кўрсатишга қодирлар. Ишончим комил, «соккеруз» ёзда барчани ҳайратга солади. Қолаверса, шахсий натижаларимизни яхшилайдиган вақт ҳам келди.

- Миллий жамоа бош мураббийи сифатида биринчи марта ишлаяпсиз. Жамоани Хольгер Осиекдан қабул қилиб олганингизда, тажрибали футболчилар ёрдамига эҳтиёж сездингизми?

- Тажрибали ўйинчилар ҳам клуб, ҳам терма жамоада муҳим ўрин тутишади. Айтайлик, Бразилияга аввалги 2та ЖЧда ўйнаган ва халқаро турнир моҳиятини яхши тушунадиган футболчиларимиз ҳам боришади. Ишончим комил, улар ёшларни йўлга солишда ва ҳар қандай қийин вазиятда ёрдам беришга тайёр туришади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:19, 16.02.2014.
Ўқилди: 4712 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.