Бундан салкам 60 йил муқаддам Италиянинг бир қатор шаҳарларида ғайритабиий ҳодисалар кузатилганди. Флоренция фуқаролари бу воқеани мамнуният билан ёдга оладилар. Чунки у «Фиорентина»нинг илк марта скудеттога сазовор бўлишига яқиндан ёрдам берган эмиш...
«Бизга ҳужум қилишмоқда!» - дея чийиллади нотаниш аёл қўрқув ичида. Дино Гранди Бенито Муссолинони истеъфога чиқарганидан кейин ўтган 11 йил ичида La Nazione газетаси таҳририятида бунчалик тўс-тўполон кўтарилган эмасди. Даҳшатга тушиб қолган юзлаб газетхонларнинг тинимсиз қўнғироқлари таҳририят фаолиятини батамом тўхтатиб қўйди. Бош муҳаррир Жоржо Батини кўп ўйлаб ўтирмасдан, юқори қаватдаги нарвон орқали томга йўл олди. Бино томидан эски шаҳар кафтдагидек кўриниб турарди. Батини кўзларига ишонмай, уни ишқалаб кўрди: бир пайтлар қувғинди Данте ғамгинлик билан қўмсаган Флоренция осмони тушунарсиз объектлар билан тўлиб кетганди. Уларнинг айримлари думалоқ, бошқалари бургут чангали, Хитой қалпоғи, сигара, ҳатто балиқчи қуш қуйруғи шаклида эди. Улар шунчалик кўп эдики, осмонда бўш жой қолмаганди. Пастда эса барча кўчаларни тўлдирган кишилар бошларини сарак-сарак қилганча «UFO, UFO, UFO...», деб қичқирардилар. Ақл бовар қилмас даражадаги томоша бир неча кун давом этди. Шанба оқшоми Дуомо яқинида сайр қилиб юрган талаба (физик) фазода кўк рангли нур таратиб турган эллипс шаклини кўриб қолди. Унинг учар ликопча эканлигига талабада шак-шубҳа қолмаганди: «У метеорит эмас, чунки булутдан анча пастда муаллақ ҳолда турарди». Бу - шаҳардаги ягона ҳодиса эмасди. Флоренциядаги кўпгина фуқаролар ўзга сайёраликлар ҳақида газетага хабар бериш учун таҳририят эшигини тақиллата бошладилар. Бундан тоқати-тоқ бўлган бош муҳаррир уларни қувиб чиқарди: «Газетамиз Италияда ҳар куни чоп этиладиган энг кўҳна нашр. Ҳар хил «олди-қочдилар»ни ёритиш ниятимиз йўқ. Бу хусусда эшитишни ҳам хоҳламайман». Бироқ чекиш хонасида тўпланганлар ўртасида роҳиба аёлнинг ҳужрасига зангори одамчалар ташриф буюришгани ҳақидаги баҳс тобора авжига чиқди.
Чоршанба куни, яъни 27 октябрда эса Альфио Руссодек бош муҳаррир ҳам воқеликни тан олишга мажбур бўлди. Томга ўрнашиб олган журналистлар сирли объектнинг шимоли-ғарб томондан жануби-шарққа йўл олаётганлигини жимгина кузатиб туришарди. «Бундай томошадан кейин ақлдан озиш ҳеч гап эмас. Мен ақлимдан жудо бўлдим, шекилли», - дея эслайди Батини. НУЖлар гоҳ тўхтаб қолар, гоҳ Санта-Мария черкови гумбази атрофида айланарди. Жараён 15 дақиқача давом этгач, объектлар Ровеццано йўналишида кўздан ғойиб бўлди.
Ўша оқшом «Стадио Комунале» (40 йилдан кейин Артемио Франки шарафига унинг номини олган стадион)да «Фиорентина» ва «Пистойезе» ўртасида учрашув ўтказилиб, ўйин мезбонларнинг 6:2 ҳисобидаги йирик ғалабалари билан якунланди. Учрашувнинг расмий ҳужжатлари сақланиб қолмаган, голларни ким ва нечанчи дақиқаларда урганлиги номаълум. Лекин 2та факт аниқ: «фиалкалар»нинг голларидан бирига Гвидо Граттон муаллифлик қилган, 1950 йилда Уругвай терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлган Эрнесто Видаль эса 2-бўлимда «дубль» қайд этган. Қизиғи шундаки, 2-бўлим бошланган пайт (маҳаллий вақт билан соат 15:20да) таблода 2:2 ҳисоби ёниб турарди. Кутилмаганда осмонда 2та «ликопча» пайдо бўлади. Улар шимолдан жануб томон ҳаракатланарди. Лекин стадион устига етиб келгач, уни 3 марта айланиб чиқади. Маълум вақт муаллақ тургач, ғойиб бўлади. Натижада 10 минг мухлис ўртасида тартибсизликлар бошланади. Футболчилар ҳам ўйинни бир четга суриб (хайриятки, бу ўртоқлик учрашуви эди), НУЖларни кузата бошлашганди. Иложсиз қолган ҳакам баҳсни 11 дақиқача тўхтатиб туради. Кейин давом этган ўйинда мезбонлар рақиб дарвозасига 4та жавобсиз тўп киритишади. «Бунақа ҳодисага аввал сира дуч келмагандим. Уларнинг парвози бир маромда эди. Аммо «ликопчалар»дан бири кутилмаганда марказий айлана устида тўхтаб қолди», - дея ҳикоя қилганди «Фиорентина» ярим ҳимоячиси Беппе Кьяппелла. «Пистойезе» сардори Ромуло Тучи эса металл халқага ўхшаб кетадиган жисмларни кўрганлигини тасдиқлаганди. Орадан ярим соатча вақт ўтгач, нафақат стадиондаги оломон, балки бутун Флоренция аҳолиси яна бир қизиқ жараён шоҳиди бўлади: октябрь ойида ҳаво ҳарорати 20 даражадан пастламайдиган шаҳарда қор ёға бошлайди. «Аввалига биз қор, деб ўйладик. Лекин аслида қор эмасди. Осмондан ёпишқоқ пахтага ўхшаш нарса тушарди. У бадбўйлиги учун отам радиоактив модда бўлиши мумкинлигини тахмин қилди ва ушлаб кўришимга рухсат бермади»,-деб эслайди «Фио» мухлиси Бернардо Феруччи. Ўшанда у 10 ёшда бўлган экан.
Хуллас, ўша куни Флоренция осмонидан оқ толалар ёқа бошлади. Кейинчалик «Фаришта сочлари», деб ном олган бу нозик толалар тезда эриб кетади. Аммо талаба Альфредо Якопоцци уларнинг бир қисмини герметик колбага йиғишга улгуради ва Флоренция университети профессори Жованни Каннерига элтиб беради. Олим томонидан олиб борилган текширувлар натижасида бу толасимон модданинг чўзилиш ва буралишга қаршилик кўрсатиши, иссиқлик таъсирида қорайиши ва учиб кетиши аниқланади. Унинг пайдо бўлиши хусусида турли тахминлар билдирилади. Охир-оқибат, «Фаришта сочлари» НУЖлар сарфлаган энергия маҳсули, деган тўхтамга келинади.
Эртасига La Nazione газетасининг янги сони рекорд даражада қисқа вақт ичида сотилади. Шундан кейин бош муҳаррир Альфио Руссо бу каби ғайри-табиий ҳодисаларга ўта жиддий эътибор қаратиш хусусида ўз ходимларига кўрсатма беради. Маълум бўлишича, «ликопчалар» Прато, Пиза, Лукки, Ливорно, Сиена, Гроссето ва Ареццо шаҳарларига ҳам ташриф буюрган экан. Олимлар НУЖлар қачонлардир аэродром жойлашган Марс майдонини қидирган, деган хулосага келишди. Замонавий «Артемио Франки» айнан шу ерда қад ростлаган экан. Энг асосийси, 1954 йили ёққан «Фаришта сочлари» «Фиорентина»га омад келтириб, кейинги мавсум жамоа чемпионликни қўлга киритади.