“Футбол - миллонлар ў’йини” бу нақл азал азалдан онгимизга сингиб кетган. Ҳозирги кунда эса “миллионлар” сўзини “миллиардлар” билан алмаштиришимиз ҳам мумкин. Дарҳақиқат бу спорт тури асрлар мобайнида сайқал топиб ҳозирги кунгача етиб келди. Бу йўлда эса у миллиардлаб мухлисларига эга бўлди. Футбол миллионлаб мухлислар учун ўйналади. Маҳобатли стадионлар ҳам мухлислар билан тўлган тақдирдагина барчани лол қолдиради.
Юртимизда футболга қизиқиш бошқа спорт турларига қараганда анча юқори. Бизда бу спорт тури кириб келганига ҳам бир асрдан ошди, лекин ҳали ҳам “Насаф”нинг ОФК Кубогини қўлга киритгани-ю, ўсмирларимизнинг халқаро майдонлардаги “ним-калла” натижаларидан бошқа мақтанадиган тузукроқ ютуқларимиз йўқ. Бунга сабаб нима экан? Бизда мухлислар камми ёки иқтидорли йигитлар? Агар бўлса ҳам қани улар? Ва бунга ким айбдор? Менимча, буларнинг барчасига уяли алоқа операторларимиз айбдор. Афсуски, бу бизнинг оғриқли нуқтамизлигича қолмоқда. Англаган бўлсангиз гап келишилган ўйинлар ҳақида бормоқда.
Биз мухлислар 2011-2012 йиллардаги терма жамоаларимизнинг ютуқларига маст бўлдик, Абрамовни ва йигитларимизни кўкларга кўтариб мақтадик. Бечора мухлислар қаердан ҳам билибмиз, буларнинг бизга сепилган ширин донлигини? Лекин шуни билдикки, дунёнинг гранд жамоалари билан тенгма-тенг курашишга қодир эканмиз. Аммо юлдузлик дамларимиз 2013 йилда саробга айланди. Нима эмиш “боримиз шу”. Нима биз ёш боламизми? Ахир ҳамюртларимизни нималарга қодирлигини ҳамма кўрди-ку. Аввалига ҳеч қандай сабабсиз Вадим Абрамовни истеъфога чиқариб, ўрнига ҳали мураббий сифатида ҳеч қаерни гуллатмаган Миржалол Қосимовни ўтқизилиши, кейинчалик ЎФФ призеденти Мираброр Усмонов томонидан термамизнинг юлдузларига нисбатан камситиш оҳангида айтилган сўзлар ва Олий лигамиздаги ўйинларда алламбало натижалар қайд этилиши, булар бари футболимизда “уйим-жойим” дейдиган раҳбарлар борлигини кўрсатди. Бу эса стадионларимиздан мухлисларни қувғин қилди.
Пойтахт клублари совриндор бўлиш учун ҳар нарсага тайёр эканлигини анча пайт яширишди, аммо “уч оға-ини ботирларнинг катта акаси”- “Пахтакор” 2013 йилги миллий чемпиоанатимизнинг марказий учрашувда буни “ошкор” қилиб қўйди. Ўшанда бўш ўриндиқлар билан тўлган “Пахтакор” стадионида шерлар “Насаф”ни қабул қилишди. Марат Исмоилов бошқарган учрашувда аждарларнинг иккита голи ҳисобланмади, бир пеналтиси эса белгиланмай қолди ва натижада Мурод Исмоилов шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бунда ЎФФ ва ПФЛ ҳакамнинг хатоларини кечиришди, аммо кейинроқ Ўзбекистон кубоги ярим финал биринчи учрашувидаги ён ҳакам Рафаэл Илясовнинг хатоси жазосиз қолмади. Ўшанда ҳам учрашув Тошкентда ва айни шу икки жамоа ўртасида бўлган эди. Бу ғалати эмасми? Бу ҳаммаси бизда футболнинг “миллион сўмлар” ўйини деб ҳисобланаётганидан деб ўйлайман. Келинг ўйлаб кўрайлик, мураббий футболчиларни меҳр билан ўйинга тайёрлайди, лекин ўйингача 5-6 соат қолганида уларга ютқазиш вазифаси қўйилади. Улар эса буни мажбурликларидан уддалашади. Шундан сўнг ҳам термамиздан яхши натижа кута оламизми? Йўқ, албатта.
Яна М.Усмоновнинг “Ўсмирлар ва ёшларимизга катта эътибор қаратамиз, улар эртага бош жамоада тўп суришади, улар жаҳон чемпионатларида ном қозонишяпти, улар Осиёда тенгсиз” деб ғурур билан гапиришлари ортиқча. Чунки биз кўрдик, U-22 терма жамоамиз биринчи Осиё Чемпионатида гуруҳдан ҳам чиқа олишмади. Шулар футболимиз келажаги бўла оладими? Эҳ, баҳонангдан айланай ўзбегим, нима эмиш “бизда ҳали мавсум бошланмади, бунинг устига биз атиги бир ой тайёргарлик кўрдик, шу сабабдан бизнинг ўйинимиз чиқмади”, яна биттаси бор эшитгани қулоқ уялади: “бизга бу мусобақанинг кераги йўқ эди, шу сабабдан биз бор кучимиз билан ўйнамадик. Агар олимпиадага йўлланма берганида бор кучимиз билан ўйнардик”. Ана сизга баҳонанинг “дода”си. Биринчи ОЧда чемпион бўлиш тарих дегани эмасми ахир?
Энди халқаро майдонга назар солайлик, Бразилия! Бу номни эшитган ҳар бир инсоннинг хаёлига футбол сўзи келади, уларни футбол бутун дунёга машхур қилган, чунки улар “арпа уни”ни баҳона қилишмаган, мусобақа, рақиб ва иқлим танлашмаган. Бизда-чи? Фақатгина “фалон ёшдаги терма жамоамиз фалон ерга бориб машғулот ўтказмоқда", деб жар солишни биламиз холос. Айтингчи, қайси мамлакат жамоаси хорижда йиғин ўтказмаяпти? Бунинг натижаси эса салбий томонга ўзгарди, яъни Қатар билан ўйинда 100 000 сўмдан билет олиб стадионга тушган мухлисларнинг Иорданияга қарши ўйинда 10 000 сўмга ҳам билет олгилари келмай қолди. Ахир футбол мухлислар ва миллат шаъни учун ўйналмайдими? Нега унда мухлислар фикри инобатга олинмайди? Бу саволларни бераётган инсонлар орасида мен биринчи эмаслигимни билсамда, барибир чиқмаган жондан умид дея қаламни қўлга олиб қоғозни ҳам ғамга ботирдим...
Азамат Умаров