Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қоч, Сергеев, қоч!

Баҳо:
+2 | -

Бразилияга йўлланма ололмаганимиздан сўнг кейинги жаҳон чемпионатига умид боғлагандик. Россияга йўлланмани қўлга киритиш учун Австралиядаги тўсиқдан муваффақиятли ўтиш талаб қилинарди. Бу талаб ҳозир ҳам ўз кучида. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё кубогига йўлланма олиб бўлган. Ўзбекистон - Бирлашган Араб Амирликлари учрашувидан кейин ҳам бу йўлланма ўз кучида қолди. Аслини олганда, бу матч ҳеч нарсани ўзгартирмасди ҳам. Лекин бу ўйин Миржалол Қосимов шогирдлари омадсизликлардан қандай хулоса чиқарганликларини кўрсатиб бериши керак эди. Кўрсатди ҳам.

Араблар юртимизга деярли иккинчи таркиб билан ташриф буюрганди. Бизнинг эса рақибдан аламимиз бор эди. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, мухлислар Ўзбекистон миллий терма жамоасидан кескин ўйин ва ишончли ғалаба кутишганди. Бироқ...

Ўйинни кўриб туриб, “Эски ҳаммом, эски тос” дея бош чайқаган бўлишингиз мумкин. Нега бундай деяётганимизни тушуниб ҳам тургандирсиз. Биз эса, таассуфки, яна терма жамоамизнинг қотиб қолган ўйинини таҳлил қиламиз.

Таркиб бир қадар ёшартирилгани рост. Бу эса бош мураббий танқидлардан керакли хулоса чиқарганини англатиб турибди.

НОАНИҚ ЗАРБАЛАР-У, МАНТИҚСИЗ БУРЧАК ТЎПЛАРИ
Бир нарсага кишини ажаблантиради. Бутун ўйин давомида устунлик қилиб, тўп билан кўпроқ муомалада бўлиб, рақиб жарима майдончаси ичида ақалли бир марта хавфли вазият уюштирмаслик, бирор марта ҳам аниқ, кучли зарба беролмаслик мумкинми?! Бу саволга анча вақтдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Ҳа”, дея жавоб бериб келмоқда. Чунки ўйиннинг биринчи бўлими тўлиқ футболчиларимиз устунлигида ўтди. Аниқроғи, рақиб унчалик жон куйдириб ўйнамади. Лекин тўлиқ бир тайм давомида айтишга арзигулик кескин вазият яратилмади. Бунинг асосий сабаби нимада?!

Тактика ҳамон ўша-ўша — ўзаро тўп узатишларга асосланган ўйин. Ҳимоядан то ярим ҳимоягача ана шу услуб ҳукмронлик қилди. Лекин бу ёғига тўп йўқотишлар, ноаниқ узатмалар натижасида ҳеч қандай вазият юзага келмади. Сабаби рақиб ҳимояси жуда мустаҳкам, футболчилар прессинг орқали тўпни олиб қўйишди. Бир амаллаб яратилган бурчак тўплари эса одатдагидек самарасиз тугайверди.

Шу ўринда қайта-қайта таъкидланган масалага яна тўхталишга мажбурмиз. Терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров охирги пайтларда бурчак тўпларини йўққа чиқараётгани ҳаммага аён бўлиб қолган, кейинги ўйинларда бу масъулият бошқа футболчига топширилиши кутилганди. Лекин аҳвол ҳамон ўша-ўша. Наҳотки мухлислар кўриб, билиб, тушуниб турган нарсага мутахассис бўлмиш бош мураббийнинг ақли етмаса?! Балки, на аниқ зарба беришни, на бошқа нарсани эплай оладиган Сервер ҳеч бўлмаганда бурчак тўпларини тепиб турсин, деганмикин?! Аммо бундай юзхотирчилик кетмайди футболда. Футбол қатъий интизом, қатъий талаб бўлсагина ривожланади. Ахир “Бавария” терма жамоаси бош мураббийси Пеп Гвардиола жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири, жуда ажойиб ўйин кўрсатадиган Арьен Роббеннинг пенальти тепишига қарши чиқди. Чунки Роббен бу борада етарлича камчиликларга эга эканлиги кўриниб қолганди. Хўш, нега энди бизда шунақа қатъий принципларга амал қилинмайди?! Ёки жамоада бурчак тўпларини тепа оладиган бошқа футболчилар йўқми?!

Энди яна бир оғриқли жиҳатга тўхталиб ўтсак. Ҳужум самарали якунланавермагач, узоқдан зарба йўллаш йўлига ўтиб олаётган футболчиларимиз буни ҳам эплай олишмаяпти. Айниқса, биз терма жамоанинг юраги дейишга одатланиб қолганимиз Одил Аҳмедов сўнгги пайтларда ҳеч нарса қила олмаяпти. Тўғри, ноаниқ зарба бераётган фақат у эмас (!), аммо айни дамда Россия чемпионатида тўп сураётган, жамоадошларига қараганда тажрибалироқ бўлган бу футболчидан кўп нарса кутишга ўрганганмиз. Бироқ... Ё Одил Аҳмедов ростдан ҳам формасини йўқотган, ёки ўзи терма жамоага келгач, футболчининг ўйини қовушмай қолади. Ахир Аҳмедов “Анжи”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб улгурган-ку!

Жасур Ҳасанов. Бу футболчи ажойиб тўп узатишлари билан кўпчиликда ижобий таассурот қолдирган. Лекин унга совуққонлик етишмайди. БААга қарши ўйинда ҳам рақиб қаршисида довдираб қолиш, ўзига бўлган ишончнинг етишмаслиги кузатилди. Бу эса баъзи хавфли вазиятларнинг йўққа чиқарилишига олиб келди.

ЁШЛАРГА ТЎЛИҚ ИМКОН БЕРИШ КЕРАК
Терма жамоада етакчи ҳужумчи йўқлиги асосий муаммолардан бири саналарди. Аммо кечаги ўйинда бу ечим ўзининг бир қадар ечимини топгандек бўлди. Негаки Ўзбекистон терма жамоасининг ёш ҳужумчиси Игор Сергеев киритган тўп ҳақиқий ҳужумчининг голига ўхшади. Ўзи вазият яратди ва қийин вазиятда тўпга жон ҳолатда ташланиб, вазиятни голга айлантирди. Ундаги шиддат, иштиёқни кўриб, “Қоч, Сергеев, қоч” деб юбордик беихтиёр. Чунки агар Игор ҳозирданоқ бирор-бир кучли клубда ўйнамаса, чет футбол муҳитида тажриба тўпламаса, ўзбек футболининг суст, қўпол қилиб айтганда, ўлик муҳити қурбонига айланади. Келажакда эса ҳеч нарсани уддалай олмайдиган футболчига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Яна бир гап, терма жамоанинг асосий таркибида бир-иккита эмас, кўпроқ ёш футболчилар тўп суриши керак. Яъни таркибни тамомила янгилаш лозим.



Терма жамоа таркибида ижобий ўзгаришлар ҳам сезилгани рост. Хусусан, Миржалол Қосимов икки ҳужумчи тактикасини қўллади. Жамоа тўлиқ шу таркибда ўйнади. Аммо ютуқ ўзимизники. Натижа бўлмадими, демак, бу ютуқ ҳам ҳеч қандай қийматга эга эмас.

ФУТБОЛ ЭМАС, КЎПКАРИ
Мамлакатимизда энг муҳташам спорт иншоотига айланган “Бунёдкор” стадиони қурилаётганда ундан умидлар катта эди. У ўзбек футболининг дунёга ёйилишида муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилиши, футболимизга катта эътибор қаратилаётганини исботлаши керак эди. Аммо БААга қарши кечган матчда стадион ер билан битта бўлганлиги кўриниб қолди. Ҳали биринчи тайм тугамаган бир пайтда майдон аллақачон яроқсиз аҳволга келиб бўлганди. Очиғи, “ўзбек футболининг рамзи” таърифига арзимасди. Шу ўринда бир фикрни таъкидлаш жоиз. Тўғри, стадионнинг кўриниши анча ҳашаматли, чиройли, одатдагидан фарқли равишда мухлислар сиғими ҳам ортган, аммо асосий жиҳат, майдон сифати талабга умуман жавоб бермайди. Ваҳоланки, муҳими кўриниш эмас, сифат. Наҳотки майдон сифатини яхшилашнинг имкони бўлмаса?!

Олдимизда жиддий синовлар кўп. Уларнинг энг асосийси эса, шубҳасиз, 2018 йилги жаҳон чемпионатига йўл олиш. Агар терма жамоа ўйини ва таркибидаги мавжуд аҳвол кескин ўзгартирилмаса, Россия йўлланмаси ҳам армонга айланиши мумкин. Шундай экан, жиддий ўзгаришларни ҳозирдан бошлаш керак.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 17:03, 06.03.2014.
Ўқилди: 12746 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.