Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 2-1 Германия
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

Узун бурун ва ўткир тил

Баҳо:
+1 | -

Хабарингиз бўлса, Евро-2016 турнири финал босқичи йўлланмалари учун Россия ва Швеция терма жамоалари битта гуруҳда баҳс олиб боришади. Россияликларнинг асосий рақиблари таркибида Златан Ибрагимовичдек ўта маҳоратли, лекин шу билан бирга жанжалкаш ва тили узун ҳужумчи тўп суради. Champio­nat.com сайти ана шу футболчининг «даҳанаки ижоди»дан намуналар келтирди.

Англия чемпионати савияси хусусида:
- Европанинг 3-4та энг яхши жамоа­си қатнашадиган АПЛ чиндан ҳам, жуда кучли. Лекин мен Англияга кўчиб ўтганимда, ҳар қандай ҳимоя чизиғини парчалаб ташлаган бўлардим. Ҳа, «Арсенал»га ўтишим ҳақидаги хабарни эшитган бўлсангиз керак. Айтингчи, келишувнинг амалга ошмай қолганидан ким кўпроқ афсусланмоқда? Арсен Венгерми ёки Златан?

«Олтин тўп» хусусида:
- Шахсий фикримга кўра, номзодларнинг барчаси (Месси, Роналду, Рибери) нуфузли совринга муносиб. Лекин «Олтин тўп»ни Санта Клаусга топшириш керак!

ЖЧ-2014 хусусида:
- Жаҳон чемпионатида тўп суришга Швеция ҳам, Португалия ҳам бирдек ҳақли эди. Балки бу мен учун терма жамоа сафида мундиалга бориш учун сўнгги имконият бўлгандир. Ҳозир бир нарсани аниқ айта оламан - менсиз ўтадиган дунё биринчилигида эътиборга арзийдиган футболчи қолмади. Шундай экан, бу турнирни кутишдан маъно йўқ!

Хосеп Гвардиола хусусида:
- Бир гал Гвардиола менга «ёпишиб» олганида, ўзимни назорат қилолмай қолдим. Ялтироқ бошини силаётган бу йигит кўзимга ашаддий душманимдек кўринди. Шу сабаб унга бақира бошладим: «Сенда умуман йигитлик ғурури йўқ». Балки бундан ҳам қўполроқ ҳақоратлагандирман. Агарда Пепнинг ўрнида бўлганимда, нима қилардим, билмадим...

Ибрагимович ва Гвардиола ўртасидаги «дўстона» муносабатлар хусусида узоқ гапириш мумкин. Пепнинг шаънига айтилган ҳар қандай илиқ фикр Златаннинг ғашини келтириши аниқ: «Гвардио­ла «Бавария»ни қабул қилиб олдими? Бу ҳақиқий қўрқоқнинг иши. Пеп - менинг фаолиятимдаги энг нўноқ мураббий».

Жозе Моуриньо ҳақида:
- Моуриньо шундай инсонки, унинг учун жондан кечишга тайёрман. У - ўта ноёб шахс. Илк марта рафиқамга дуч келганида, менга сездирмасдан шундай деган экан: «Хелена, сенинг бу ёруғ оламдаги бирдан-бир вазифанг - Златанни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни бахтли қилиш!». Жозе нима дейишни хоҳласа, шуни гапиради. У менга ёқади. Айни пайтда Гвардиоланинг тамоман акси.

Трезегенинг скудеттони қандай «ювгани» хусусида:
- Италия чемпионатидаги ғалабадан кейин Давид катта хатоликка йўл қўйди. Ўша оқшом у қадаҳларни пайдар-пай тўлдириб, менга узатаверди. Охир-оқибат, мен ваннахонада ухлаб қолдим. Дарвоқе, ўша оқшом учун Давиддан миннатдорман: ваннахонадаги уйқудан кейин янада чўрткесар бўлиб қолдим.

Лионель Месси ҳақида:
- Месси 4та «Олтин тўп»ни қўлга киритгани учун ҳам Златандан устунроқ, демоқчимисиз? Тан оламан, бу - салмоқли далил. Лекин мен курсига чиқмай туриб ҳам, автоматдан конфет харид қила оламан.

Марио Балотелли хусусида:
- Бир пайтлар Марио ёнимга келиб, дабдурустдан сўз қотганди: «Мен сендан зўрман». Ўшанда ҳазиллашяпти, деб ўйлагандим. Маълум бўлишича, у чиндан ҳам, шундай фикрда экан... Дарвоқе, худди Балотелли сингари мен ҳам мушакбозликни ёқтираман. Лекин шу тариқа ўз уйимни ёқиб юбориш қўлимдан келмайди.

Швециялик футболчи қизлар ҳақида:
- Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида аёллар футболига Швециядагидан кўра, кучлироқ эътибор қаратилмайди! - Златан швециялик футболчи қиз Тереза Шеграннинг норозилигига шундай жавоб қайтарганди. Шегран миллий терма жамоа таркибида энг кўп майдонга тушган Андерс Свенссон федерация томонидан автомобиль билан тақдирлангани, ўзи эса аёллар футболида шундай натижа қайд этганига қарамай, совғасиз қолганидан нолиганди. - Тушунаман, қизларимиз ўз вазифаларини иложи борича сифатли адо этишга уринадилар. Лекин аёллар билан эркакларнинг шахсий натижаларини қандай қилиб таққослаш мумкин? Аёлларга ҳурматимни сақлаган ҳолда шуни айтмоқчиманки, рағбат доимо хизматга яраша бўлиши керак. Қандай тақдирлаш лозим, дейсизми? Марҳамат, уларни менинг дастхатим туширилган велосипедлар билан тақдирланг. Шунинг ўзи етарли...

Манба: www.intersport.uz
Киритилди: 09:27, 10.03.2014.
Ўқилди: 4442 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.