“Локомотив” томонидан ташкиллаштирилган янги футболчиларнинг тақдимот маросимида футболчиларга футболкалар топширилди ва уларга журналистлар томонидан саволлар берилди. Дастлаб ўйинчилар ўзларига танлаган рақамларнинг сабабларини ҳам айтиб ўтишди.
Игнатий Нестеров — 1. “Бунёдкор” ва миллий терма жамоада шу рақамда ўйнаб келганим учун “Локомотив”да ҳам шу рақамни танладим.
Сардор Мирзаев — 9. “Нефтчи”да 17-рақамда ўйнардим. Лекин бу рақам банд бўлгани учун бўш рақамлар ичида “9”ни танладим.
Фозил Мусаев — 18. Ҳар доим ўйнаб келган рақамим бўш эканидан хурсандман.
Жасур Ҳасанов — 77. Менинг энг севимли рақамим — 19 аслида. Аммо бу рақам “Локо”да Ислом Иномовга тегишли бўлгани учун “77”ни танлашга қарор қилдим.
Темур Жўраев — 84. Одатда мен 30-рақамда ўйнаб келардим, ҳаттоки бу рақамда “Локомотив”да бўш эди. Мен эса бу сафар туғилган йилим бўлган “84”ни танладим.
Андрей Кожакарь — 87. Мен аввалги клубларида ё 17, ёки 27-рақамларда ўйнаб келганман. Бу рақамлар банд бўлгани учун 87-рақамли футболкада ўйнашга қарор қилдим.
Лутфулла Тўраев — 88. “Машъал”, “Насаф”, “Бунёдкор”да 13-рақамда ўйнаб келганимни мухлислар яхши билишади. Янги жамоада ўзим учун янги рақамда ўйнашни маъқул топдим.
Вячеслав Шевченко — 99. Мен истаган рақамлар банд бўлгани учун шу рақамни танлашга қарор қилдим.
Темур Жўраевга савол. Сиз Игнатий Нестеров билан рақобатда “Пахтакор” ва миллий терма жамоада ўйнаб келгансиз ва у билан яна бир жамоада ўйнамоқдасиз. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Игнатий билан битта жамоада ўйнаганимда, ўзимни яхши ҳис қилганман. Менимча, биргаликда жамоага фойда келтира оламиз.
И.Нестеров: — Темур билан 7 йил битта хонада яшаганмиз. Бир-биримизни яхши тушунамиз. Ушбу йилдан бошлаб биргаликда бир жамоа шарафини ҳимоя қиламиз ва жамоанинг ғалабаларига ўз ҳиссамизни қўшамиз, деб ўйлайман.
Андрей Кожакарга савол: Андрей, ўзбек футболи сиз учун янги. Дастлабки хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Европада Ўзбекистон ва ўзбек футболи ҳақида бутунлай бошқача тасаввур бор. Кўпчилик ўзбек футболининг савиясини паст деб ҳисоблайди. Мен Ўзбекистонга келиб, яхши маънода ҳайрон қолдим. Юртингиз чиройли, мамлакат футболи ҳам яхши савияда. Шунинг учун ҳамма йўналиш юқори савияда деб айта оламан.
Фозил Мусаевга савол: Қатар клубидан “Локомотив”га ўтганингизни ортга ташланган қадам деб ҳисоблайсизми?
— Йўқ, мен бундай деб ўйлайман. “Локомотив”ни Қатардаги клубимдан кучлироқ деб ҳисоблайман. “Локо” ўз олдига энг юқори вазифаларни қўйган. “Ал-Муайзир”да ундай эмасди.
Игнатий Нестеровга савол. Мавсумлар оралиғида “Бунёдкор”ни бир нечта футболчилар тарк этиши ҳақида фикрлар бор эди, аммо сизнинг жамоани тарк этишингизни ҳеч ким кутмаганди. Бу нима билан боғлиқ?
— Аввало “Бунёдкор” раҳбариятига менинг операциямда ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдираман. Кейинчалик клуб раҳбарияти билан келишмовчилик юзага келди. Улар билан айрим масалаларда келиша олмадик. Мен барча икир-чикирларини айтмоқчи эмасман. Қосимов мени жамоада олиб қолиш учун ҳаракат қилди, аммо бу пайтда кеч бўлганди. Мен “Локомотив” клубига ваъда бериб қўйгандим.