Осиё чемпионлар лигасидаги ягона вакилимиз «Бунёдкор» гуруҳдаги иккинчи ўйинда «Ал Жаиш»ни қабул қилди. Ўйинда 1:2 ҳисобида меҳмонлар ғалаба қозонишди. Ҳар икки голга Нилмар муалифлик қилди.
Ўйинни меҳмонлар жуда хотиржам бошлашди. Рақиб таркибидаги футболчиларнинг техник жиҳатдан жуда кучли экани кўриниб турди. Айниқса 10-рақамли Экоко жуда зўр ўйнади. У майдон марказини деярли барча вазиятларда назорат қилди. Бразилия терма жамоасидаги ҳаракатлари билан барчанинг ёдида қолган «Вильяреал»нинг собиқ ҳужумчиси Нилмар ҳимоячиларимизга мастер класс ўтказиб берди.
23-дақиқага келиб Сардор Рашидов бурчак зарбасини тўғри дарвозага йўллади. Тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтгандай кўринди, лекин ҳакам гол бўлмаганини таъкидлади.
33-дақиқага келиб ҳисоб очилди. Нилмар ҳаводан келаётган тўпни Хайрулла Каримовдан бош билан ўтказди ва унга етиб олиб, яна бир ҳимоячини ортда қолдириб, дарвозани ишғол қилди. Шундан кейин устунлик меҳмонлар томонга ўтди. Биринчи бўлим шу тариқа 1:0 ҳисобида якунланди. Иккинчи бўлимни «Бунёдкор» анча фаол бошлади. Хайрулла Каримовнинг қизил карточка олиш хавфи бор экани учун мураббий унинг ўрнига Бобир Акбаровни туширди. «Бунёдкор» ҳар икки қанотдан ҳужумлар амалга оширди. Жавлон Иброҳимов ҳам марказдан ҳужум ташкил қилиб турди, лекин фойдасиз. 70-дақиқага келиб, Нилмар яна бир голга муаллифлик қилди. У жарима майдони ичида ўзини жуда эркин ҳис қилди ва ҳимоячилардан ўтиб, ҳисобни 2:0га етказди. Голдан кейин жамоамиз ҳужумга борди, лекин техник жиҳатдан кучли рақибга қарши ҳеч нима қила олмади. Ҳакам томонидан қўшиб дақиқада Баҳодир Пардаев бурчакдан узатилган тўпни бош билан дарвозага йўллади - 1:2. Шу тариқа ўйин 1:2 ҳисобида якунланди.
"Бунёдкор" навбатдаги турни ҳам ўз майдонида ўтказади. 19 март куни Эроннинг "Фулад" жамоаси Тошкентда меҳмон бўлади.
Осиё чемпионлар лигаси, "В" гуруҳи, 2-тур
"БУНЁДКОР" - "АЛ-ЖАИШ" - 1:2
Голлар: Баҳодир Пардаев (90+4) — Нилмар (34, 69)
Огоҳлантиришлар: Хайрулла Каримов (16), Сардор Собирхўжаев (81) — Моҳд Метнаний (31), Аҳмад Суфён (66)
"Бунёдкор": 25. Муроджон Зуҳуров, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Хайрулла Каримов (Бобур Акбаров 46), 8. Жавлон Иброҳимов, 11. Александр Пишур, 14. Воҳид Шодиев, 16. Карлес Кото, 21. Сардор Рашидов, 23. Саҳоб Жўраев (Сардор Собирхўжаев 69), 33. Олег Зотеев (Баҳодир Пардаев 58), 40. Сергей Симоненко
"Ал-Жаиш": 33. Аҳмад Суфён, 5. Муҳаммад ал-Жабрий, 7. Весам Ризиқ, 8. Юсуф Муфтаҳ, 9. Нилмар (Абдулқодир Адам 81), 10. Жирес Кембо (Рами Фаёз 86), 12. Мажид Муҳаммад (Муҳаммад ас-Сайид 75), 14. Моҳд Метнаний, 17. Ко Сеул Ки, 19. Абдураҳмон Абкар, 21. Али Санад
Бош ҳакам: Тома Масааки (Япония)