Кириш Регистрация

«Кўчманчи» Анельканинг «алифбе»си

Баҳо:
+ | -

Таниқли француз футболчиси Николя Анелька ўтган ҳафтада 35 ёшга тўлди. Шу муносабат билан «Соккер.ру» сайти Анельканинг ҳаёт йўлига назар ташлашга аҳд қилди.

Бу борада сайт ходимлари ўзига хос йўлдан юриб, ўз фаолияти давомида ўндан ортиқ клубда тўп сурган футболчининг биографиясига алфавит тартиби, яъни Адан Ягача бўлган ҳарфлар тартибида назар солишди.

«Арсенал». Франциялик дарбадар ҳужумчининг шахсий алфавитида албатта рамзий равишдаги биринчи ҳарф банд. Боиси, «Арсенал» унинг футболчилик фаолиятидаги энг муҳим клублардан бири саналади. Бошқа жамоалар билан солиштирганда, Николья «канонирлар» таркибида унчалик кўп тўп сурмаган бўлса-да, айнан «Хайбери»да у футболчилик фаолиятидаги катта тараққиётга эришди. Бу ҳақда очиқ гапирадиган бўлсак, порлаши кутилган умидли парижлик ёш ўйинчидан Англия, ке-йинчалик эса Европа миқёсидаги юлдузга айланди.

 

«Болтон». «Арғумоқлар» таркибига Анелька ушбу клуб учун рекорд бўлган 8 млн. фунт эвазига қўшилди. Аммо «Рибок Стэдиум»да унга сарфланган маблағ учун афсусланишмади. Боиси, айнан Никольянинг ёрдамида камтарин жамоа 2006|2007 йиллар мавсумини ажойиб тарзда ўтказиб, чемпионат якунлари бў-йича еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.

 


Венгер. Ушбу мутахассис Анелька жанжаллашмаган кам сонли мураббийлардан бири. Арсен Венгер Никольяга ҳаёт ва катта футболга йўл очиб берди. Шу сабабли, форвард-нинг ушбу ватандошига меҳри баланд. Шунингдек, Венгер ҳам собиқ шогирдини унутмайди. «Канонирлар»ни бошқараётганлигининг 10 йиллиги муносабати билан уюштирилган 2006 йилги маросимда таниқли француз мутахассиси Анелькани клубдаги энг катта кашфиёт деб атаб, жумладан, шундай деганди:

 

- Энг яхши кашфиётим сифатида Николя Анелькани тилга олишим мумкин. Тьерри Анрини эса энг буюк футболчи, деб ҳисоблайман. Бироқ бир пайтлари Анелька менга клуб ўйинини бошқача тарзда тузишга ёрдам берган, ҳужумчиларнинг ҳақиқий имкониятлари қандай бўлишини намойиш этганди. У бу борада муваффақиятга эришди ва Анелканинг юлдузи айнан «Арсенал»да порлади. Мен улар билан фахрланаман.

 


Евро. Николя учун терма жамоалар даражасидаги асосий соврин бу Евро-2000нинг олтин медали. Тўғри, ушбу муваффақият Анелька учун нисбий бўлди. Боиси, у италияликларга қарши кечган  финал баҳсида ўйнамади, турнирнинг бошланғич босқичида эса Роже Лемеррнинг асосий таркибидан доимо ўрин ололмади. Яна бир эътиборга молик жиҳат шундан иборатки, «учранглилар»нинг ўша мусобақадаги юксак натижаларига қарамай (6та учрашувда 13та тўп), Николя бирортаям гол уролмади.

 


Ислом. Ислом динини франциялик футболчи 10 йил олдин қабул қилганди. Бунга эса унинг таъкидлашича, яхши дўстлари билан бўлган суҳбатдан кейин, ҳаётнинг мазмунини англаб етгани сабаб бўлган. Ислом динини Николя БААда қабул қилди ва айтишларича, ҳаттоки, ўша мамлакатда футбол ўйнаш учун қолишни ҳам режалаштирганди. Аммо сўнгги сонияда фикрини ўзгартирди. Анельканинг Исломдаги исми Абдулсалом Билол.

 


Истанбул. Футболчилик фаолиятининг бир ярим йили мобайнида Анелька «Фенербахче» футболкасида майдонга тушди ва юмшоқ қилиб айтганда, турк клуби унинг фаолиятида яхши из қолдирди. Чемпионлик унвони, мухлислар меҳри ва салмоқли тўпурарлик кўрсаткичлари француз футболчисига Босфор қирғоқларида ҳамроҳлик қилди. Бироқ бу муваффақият узоқ давом этмади ва Николя зерикиб, клубдан ўзини сотишларини сўради.

 


«Ливерпуль». Франциялик ҳужумчининг мерсисайдликлар таркибидаги ярим йиллик ижараси гарчи футбол тарихида энг нохуш бўлмаган бўлса-да, унчалик самарали ҳам чиқмади. Мавсум давомида Анелька «қизиллар» учун бир неча муҳим голларни урди. Шундай бўлса-да, бу мерсисайдликларнинг ўша пайтдаги устози  Жерар Ульени унчалик қониқтирмади. Таниқли мутахассис ўз ватандоши билан тўлақонли шартнома имзоламади ва унинг ўрнига 2002 йилги ЖЧда порлаган сенегаллик Диуфни харид қилишни афзал, деб билди. Ўз ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Улье Эл-Хаджини танлашда адашмаганлигини вақт кўрсатди.

 


Мадҳия. Франция терма жамоасида бирдамлик йўқлиги сабабли, бир пайтлари Анелька мамлакатнинг асосий қўшиғини ижро этишдан бош тортганди. 

 

- Барчангиз Франция терма жамоасининг ҳақиқий юзини кўрдингиз. Термада инқироз бошланганида барча миллат ва эътиқод тўғрисида гапира бошлади. Ҳаттоки, Франк Риберининг Гуркюффга мушт туширганини ҳам эслашди. Чунки Рибери мусулмон, Гуркюфф эса оддий француз йигити. Мен ҳеч қачон «Марсельеза»ни (Франция мамлакати мадҳияси) терма жамоалар учрашуви олдидан куйламаганман. Мабодо мени куйлашга мажбур қилишганида, ўша заҳоти жамоани тарк этган бўлардим, - деганди ўшанда таниқли ҳужумчи.

 


Манчестер. «Энфилд»да иш юришмадими? Ҳечқиси йўқ. Нима бўлишидан қатъий назар, Анелька «ПСЖ»га қайтишни истамади ва унга Манчестерда жой топилди. Ўшанда ҳозиргидек эртаклардаги сингари бойликка эга бўлмаган «Манчестер Сити» Николя учун 13 млн. фунтнинг баҳридан кечди (клуб учун ўша пайтдаги рекорд). Ҳужумчи эса клуб раҳбариятини сахийликка ундаган Кевин Киганни хижолат қилдирмай, жамоатчиликни маҳсулдорлиги билан ҳайратда қолдирди. Эътиборлиси, «шаҳарликлар» таркибида франциялик форвард жуда кўп аҳамиятли бўлган голларни урди. Масалан, «Мэйн Роад» стадиони тарихидаги сўнгги манкуниан дербисида киритган тўпи, шунингдек, ўзининг собиқ ва бўлажак жамоалари дарвозасига урган голлари.

 

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, 2004 йилнинг октябрида «Челси» дарвозасига киритган тўпи таниқли португалиялик мутахассис Жозе Моуриньонинг «кўклар» бошқарувини қўлига олганидан кейинги Лондондаги фаолиятидаги илк мағлубиятига сабаб бўлганди.

 


Мураббий. Мураббийлик соҳасидаги илк кўникмаларини Николья Хитойда олди. У ватандоши Жан Тигана «Шанхай Шеньхуа»ни тарк этганидан кейин, ўйновчи-мураббий сифатида фаолият юритди.  Айтишларича, гарчи қаҳрамонимиз ортиқча мажбуриятни ёқтирмаса-да, бу иш унга ёққанмиш.

 


«ПСЖ». «Лондонга яшаш учун кетган» Анелька қадрдон клуби таркибига 4 йилдан сўнг яна қайтди. Аммо парижликлар билан бу сафарги ҳамкорлик ўзи ўйлаган тарзда амалга ошмади. У «ПСЖ»да машҳур бразилиялик футболчи Роналдиньо билан бирга ўйнаганлигини ижобий ҳол, деб баҳолаган бўлса, мураббий  Луис Фернандес билан жанжаллашганлигини салбий жиҳат, деб атади. Оқибатда Франция пойтахтини тарк этишга мажбур бўлди.

 


Рақам. Анелькага ҳозир кўплаб рекордлар тегишли ва бундан олдин ҳам унга бу тааллуқли бўлган. Унинг бир клубдан иккинчисига ўтишига ушбу мақоламизда кўп маротаба тўхталдик. Бу сафар эса унинг «кўчманчилик» хусусиятини аниқ ифодалаб берадиган хусусияти тўғрисида тўхталамиз. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, бунга унинг хизматига жаҳоннинг кучли жамоалари эҳтиёж сезишгани ҳам сабаб бўлганди. Шунга бўлса керак, Анелька Чемпионлар Лигаси турнирида 6та турли клуб таркибида майдонга тушган. Бундай натижа Николядан ташқари, яна бир таниқли «дайди» Златан Ибрагимовичда учрайди, холос. Таъкидлаш жоизки, Златан ҳам худди Анелька сингари ўзгача характерли инсон. 

 


«Реал». «Қироллик клуби» таркибида франциялик ҳужумчи «ПСЖ»дагидан ҳам кўра камроқ ўйнади. Аммо эътиборлиси, «Реал» билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Бундан ташқари, ўша турнир баҳсларида рўйхатдан шунчаки жой олмади, балки 2та муҳим гол муаллифига айланди. Ҳар икки тўпини мусобақанинг ярим финал ўйинларида «Бавария» дарвозасига киритди ва ўша голлар «қаймоқранглилар»га финал йўлланмасини тақдим этди. Шу сабабли, у «Валенсия»га қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда асосий таркибда майдонга тушди.  Аммо ушбу хизматлари ҳам Николяни «Сантьяго Бернабеу»да бир мавсумдан кўп ушлаб туролмади. Чунки олдинроқ форвард бош мураббий  Дель Боске ва мухлислар билан уришиб қолганди ҳамда унинг Мадридда кўп қолиши яхшиликка олиб келмасди.

 


Сахийлик. Анелька гарчи хайрия фаолияти билан фаол шуғулланса-да, буни ошкор қилмайди. Франциялик футболчи иқтидорли болаларга мусиқа ва кинематография соҳасида илк муваффақиятга эришишларида ёрдам беради (айтганча, Николя ҳам фаолиятини тамомлаганидан сўнг, ўзини кинематографияда синаб кўришни режалаштирмоқда). Шунингдек, доимо болалар мия хасталигига қарши курашувчи хайрия фондига маблағ ўтказиб туради.

 


Франция терма жамоаси. Анельканинг Франция терма жамоасидаги фаолияти маълум вақтгача муваффақиятли тарзда кечган. У «учранглилар» таркибида кўп маротаба майдонга тушиб, голлар урган ва ҳаттоки, юқорида ёзганимиздек, 2000 йили Европа чемпионлигини ҳам қўлга киритган. Аммо Николянинг ёши катталашгани сайин унинг миллий терма жамоа ва унинг мураббийлар штаби билан муносабатлари ёмонлашиб бораверди. Унинг ғазабини қўзғатган шахс эса Раймон Доменек бўлди. Мунажжимлар башоратининг ишқибози бўлган Доменек 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалга жамоани эмас, балки секин ҳаракатланувчи ҳақиқий «бомба»ни олиб келди. Ундаги «детонатор» ролини эса ҳикоямиз қаҳрамони бажарди. Франция терма жамоасида жанжаллар ҳар куни содир бўлавергач, Анелька ўзини тутиб туролмади ва Доменекка кўнглидаги гапларни айтиб, мураббий ва ҳаттоки унинг онасини ҳақоратлашгача борди.

 

  Бундай сўзлари учун Франция футбол федерацияси Анелькани 18та учрашувга дисквалификация қилди. Аммо у бунга жавобан мийиғида кулиб қўйди ва яна жанжал чиқаришга уринди. Лекин тақдир ва узун тил ҳаммасини ўз ўрнига туширди.

 


Футболчилик фаолиятининг бошланиши. «ПСЖ» футболчисига айланишдан олдин, Анелька ўз маҳоратини бутун дунёга машҳур бўлган Клерфонтендаги футбол академиясида тоблаганди. Ушбу муассасага 1980 йилларнинг сўнгида Фернан Састром томонидан асос солинган бўлиб, у ердан қаҳрамонимиздан ташқари, Тьерри Анри, Луи Саа, Вильям Галлас, Хатем Бен Арфа ва бошқа кўплаб таниқли юлдузлар етишиб чиқишган. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий иқтидорлилар маскани.

 


«Челси». Анелька Шимолий Лондон клубида тарбияланган бўлса-да, футболчилик фаолиятидаги энг узоқ ва барқарор даврни Буюк Британия пойтахтининг ғарбий қисмида ўтказди.

 

Бизнингча, нафақат узоқ, балки киритган тўплари ва совринлари бўйича қарайдиган бўлсак, фаолиятининг энг омадли қисмини ҳам «аристократлар» таркибида ўтказди. Афсусланарлиси, у «Челси» таркибида ЧЛнинг гуруҳ босқичи баҳсларида иштирок этган бўлса-да, жамоа ЧЛ кубогини қўлга киритгунича «Стэмфорд Бриж»ни тарк этди.

 


Шанхай. Анелька ўз кучини Хитой чемпионатида синаб кўрган таниқли Европа юлдузлари орасидаги биринчи «қалдирғочлар»дан. «Шанхай Шеньхуа» клуби Николяни катта пуллар эвазига ўзига оғдириб олганди. Аммо якунда Хитой жамоасининг ҳомийларида маблағ тугаганида айнан пуллар унинг клубни эрта тарк этишига сабаб бўлди.

 


Эдвин. 2008 йили Россия пойтахти Москвада «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» клублари ўртасида бўлиб ўтган ЖЧнинг финал баҳсининг асосий ва қўшимча вақтида дуранг ҳисоби қайд этилган, натижада ғолибни пенальтилар сериясида аниқлашга тўғри келганди. Ўшанда «МЮ»нинг голландиялик дарвозабони  Эдвин ван дер Сар Анельканинг зарбасини баратаф этиб, «аристократлар»ни унвондан мосуво этганди. 

 

Кейинчалик Николя ўзининг омадсиз зарбасида бош мураббий Авраам Грантни айблаб, у ўзини майдонга жуда кеч туширгани ва қўл-оёғининг чигилини ёзиш ва тўпни ҳис қилишга ҳам имконият бермаганлигини таъкидлаганди. Омадсизликда кимнингдир айбдор бўлиши эса тушунарли.

 


«Ювентус». Туринликлар таркибида Анелька унчалик кўп ўйнамади. Бу ерда ўйнади, деган сўз ҳам унга мос келмайди. Франциялик ҳужумчи «А» сериясида 2та, еврокубокларда 1та учрашувда қатнашиб, бирортаям гол урмади ва «Ювентус» билан афсусланмаган ҳолда хайрлашди.

 


Ўқиш. Бу ҳақда Анельканинг ўзи шундай дейди:

 

- Францияда 65 миллионли аҳоли футболчилар тўп тепишдан бошқа ҳеч нарсани билишмайди, деб ўйлаб, уларни ўқитишади. Ушбу «антифутболчилар» кўплаб томдаги адабий асарлар мутолаа қилиш, умуммаданиятни билиш интеллигентлик белгиси, деб ўйлашади. Бироқ улар Ла-Маншни кесиб ўтишса, нима дейишаркин? Инглизчада ҳаттоки, учта сўзни ҳам билишмайди. Масалан, мен француз, инглиз ва испан тилларида сўзлаша оламан. Шунингдек, хитойчани ҳам бироз ўргандим. Шу сабабли, дунёнинг ҳар қандай нуқтасида ўз фикримни тушунтира оламан. Пифагорнинг ҳар хил теоремалари эса ҳаётим давомида менга умуман керак бўлмаган!

 


«Қийма узиш» қилиғи. Яқиндан буён Анельканинг исми антисемитизмга оид жанжалларда ҳам тилга олинадиган бўлиб қолди. «Вест Бромвич» таркибида ўйнаётганида, ўз голларидан бирини нишонлаш пайтида томошабинларга «қийма узиш» қилиғини намойиш этди. Бу кимлар учундир шунчаки қилиқ бўлса, нацистлар тузумидан жабр чеккан яҳудийларнинг тарихи ва уларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Кейинчалик футболчи бу ҳаракатини энг яқин дўстларидан бири бўлмиш комик Дьедоне Мбала Мбалага ҳурмат бажо келтириш деб атади. Боиси, Мбала Мбала ўз чиқишларида ушбу қилиқни қўллаб, шуҳрат қозонган. Аммо Англия футбол ассоциацияси Анельканинг пушаймонлиги ва тушунтиришларига эътибор қаратмай, бундан кейин мухлисларга бирорта қилиқ кўрсатишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсин, деган ниятда футболчини 5та учрашувга дискваликация қилди. 

 


«Қораялоқлар». «Вест Бромвич» клуби билан Николя озод агент сифатида шартнома имзолади. Боиси, ўша пайтда франциялик футболчининг юлдузли даври ортда қолган, деб ҳисобланаётганди. Аммо Стив Кларк Анелькага ишонди ва у тезда бўлмасаям, ҳар ҳолда, секин-аста «қораялоқлар»га фойда келтира бошлади. Тўғри, Ките Даунинг жамоани вақтинчалик бош-қарган пайтда, Анельканинг ўйинида бироз пасайиш юз берди. Кейин эса клуб учун муваффақиятли тарзда якунланган мавсумда футболчининг ҳаётидаги доимий ҳамроҳлари - жанжаллар ва сиқилишлар уни ўз имконияти даражасида ўйин намойиш этишига халақит берди.

 

Умид АЛИ тайёрлади.
Манба: intersport.uz
Киритилди: 13:27, 20.03.2014.
Ўқилди: 5472 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.