Кириш Регистрация

Футбол ва лидерлик

Баҳо:
+ | -

Бундан бир неча йил аввал лидерлик (бу сўзни етакчилик деб таржима қилгим келмади) бўйича АҚШлик эксперт Жон Максвелл қаламига мансуб «Лидерликнинг рад этиб бўлмас 21 қонуни» китобини ўқиб чиққаним эдим.

Ўша китобдаги ҳикоя қилинган илк қонун «Шифт қонуни» эди. Бу қонуннинг моҳияти шундан иборатки, лидерлик хусусиятларини талаб қилувчи лавозимда ишлайдиган одам юқори билимга эга, жуда меҳнаткаш, омадли инсон бўлса ҳам, лидерлик қобилияти паст бўлса, унинг иш самарадорлиги пастлигича қолаверади. Яъни, иш самарадорлиги лидерлик «шифти» — юқори нуқтаси билан ўлчанади. «Шифт» қанча юқори бўлса, самарадорлик ҳам шунга яраша бўлади. Яхшироқ тушуниш учун қуйидаги расмларга қаранг.

«Лидерлик ва самарадорлик ўртасидаги боғликлик, айниқса, спортда яққол кўзга ташланади», деб ёзади муаллиф ва бунга мисол тариқасида америкача футболнинг бир мураббийси фаолиятини келтиради.

«Нотр-Дам» жамоаси америкача футбол бўйича АҚШ коллежлари чемпионатида қатнашувчи энг номдор жамоалардан бири ҳисобланади. Жамоа ўзи иштирокидаги ўйинларнинг 3/4 қисмида ғалаба қозонган. Бу жамоани бошқарган икки мураббий — Кнут Рокни ва Франк Лихи Коллежлар Миллий Спорт Уюшмаси тарихидаги ғалаба фоизи энг юқори бўлган мураббийлар қаторида дастлабки икки ўринда туради.

1980-йиллар бошида «Нотр-Дам» жамоаси Жерри Фаустни мураббийликка таклиф қилади. «Нотр-Дам»га келгунича Фауст ғалабалар сони бўйича рекорд кўрсаткичга эга бўлган. У аввал бошқарган жамоа етти мавсум мағлубиятсиз ҳаракат қилиб, Оҳайо штати ўрта мактаблар ўртасида 6 бор чемпионлик унвонини қўлга киритган.

Лекин, Жерри Фауст «Норт-Дам»га келганига кўп ўтмай у ўзининг салоҳиятидан юқори даражадаги лавозимда ўтиргани аён бўлади. У яхши мураббий ва стратег бўлган, лекин, лидерлик бўйича кўрсаткичлари етарли даражада эмас эди. Натижада унинг «Норд-Дам»даги фаолияти муваффаққиятсизликка юз тутган.

Қанчалик тўғри солиштириш билмадиму, лекин, замонавий футболдаги баъзи футбол жамоаларига назар ташлаб, балки айнан «Шифт қонуни» ўз ишини қилаяптимикан, деган фикрга келдим. Балки, Дэвид Мойес, Андре Виллаш-Боаш ва Миржалол Қосимов сингари мураббийларга билим ва меҳнаткашликдан ташқари лидерлик хусусиятлари етишмаётгандир? Аниқроғи, уларнинг лидерлик «шифти» айнан шундай самарадорлик берадиган клуб шакллантиришгагина етарлидир?

Бу қонуннинг амалдаги исботини бугунги кунда молиявий имконияти бир-бирига яқинроқ ва тахминан бир хил малакага эга мураббийлар бошқараётган клублар мисолида ҳам кўриш мумкин. Англия премьер-лигаси етакчилари «Челси», «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ва «Арсенал» клублари ўртасидаги мавсум охирида вужудга келажак очколар тафовути кўп жиҳатдан мураббийларнинг лидерлик «шифти» га боғлиқ бўлса, ажаб эмас.

Шермуҳаммад Абдугапиров

 

Манба: shermuhammad.com
Киритилди: 19:16, 20.03.2014.
Ўқилди: 5388 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.