Аввал хабар бериб ўтганимиздек, “Бунёдкор” кубоги-2014” турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Расмий очилиш маросимида “Бунёдкор” жамоаси аъзолари ҳам иштирок этишди. Фурсатдан фойдаланиб, “қалдирғочлар” сардори Хайрулла Каримовнинг мусобақага доир фикрлари билан қизиқдик.
- Муҳтарам юртбошимиз 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилдилар. Шу муносабат билан “Бунёдкор” футбол клуби ушбу турнирни ташкил этди. Мана ҳозир мусобақанинг очилиш маросимида гувоҳи бўлдикки, ҳар бир вилоятдан 16та жамоа ташриф буюрган. Бу албатта қувонарли ҳол. Нега деганда, ҳозирги пайтда спортга, хусусан футболга қаратилаётган эътибор, бундай стадионлар, майдонлар инсонни хурсанд қилади. Мусобақа орқали ёш футболчилар дўстлар орттиришади, маҳоратларини оширишади. Шунингдек, бундай замонавий майдонларда тўп тепишиб, завқ олишади. Футболга энди-энди кириб келаётган пайтларимизни эсга олдим. У пайтларда ҳам мусобақалар бўларди, бироқ ҳозиргидек шароитларни умуман тасаввур ҳам қилмаганмиз. "Бунёдкор" стадионида очилиш маросимининг бўлиши жуда катта нарса. Фурсатдан фойдаланиб, “Бунёдкор” жамоаси номидан турнир қатнашчиларига омад ва зафарлар тилайман. Энг асосийси, ёш футболчилар турнирни ҳеч қандай жароҳатларсиз ўтказиши ва якунда энг кучли жамоа ғалаба қозониши тарафдориман, - дейди Хайрулла Каримов.