Москванинг "Локомотив" клуби президенти Ольга Смородская россиялик ҳамкасбларимизга берган интервьюси давомида клуб трансфер сиёсати ҳақида ҳам сўз очди ва Виталий Денисов шаънига анча илиқ фикрлар билдирди.
"Трансфер сиёсати — клуб ҳаётидаги муҳим ва масъулиятли жиҳат ҳисобланади. Бу иш бехато бўлмайди, аммо менежер доимий равишда хато қилишга ҳақи йўқ. Мураббийнинг талаби билан биз битта ўйинчини олишимиз мумкин, худди "Бавария" Алькантарани олганидек.
Қолгани — селекция бўлимининг иши. Бўлим томондан тавсия қилинган футболчилар яхшилба муҳокама қилинади. Мен ҳамиша ҳам уларнинг фикрига қўшилавермайман. Масалан — Виталий Денисов.
Ўйинчиларнинг ўйинлари иштирокидаги видеолавҳаларни томоша қилиш керак эмас, демайман. Видеолавҳалар орқали бир оёқли футболчини Пеле даражасида ўйинчи сифатида кўрсатиш мумкин. Денисов борасида ишончим комил эмасди ва селекция бўлими бошлиғи Кирилл Котовдан Виталий иштирокидаги 2та ўйиннинг тўлиқ ёзувини сўрадим.
Ўйинларни кўриб чиқибдим ва ҳайрон қолдим. Қандай қилиб шундай футболчи "Днепр" ва Хуанде Рамосга керак бўлмай қолганини тушунмадим. У нафақат Россия клубини, балки Европанинг кўпгина жамоаларини кучайтириши мумкин. Виталий Денисов билан биз кўп ютуқларга эришамиз", - дейди Ольга Смородская.