Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича 1996-1997 йилларда таваллуд топган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.
Бу йилги жаҳон чемпионатида дунёнинг 105 давлатидан келган 606 нафар (506 нафар ўғил бола – 100 нафар қиз) боксчи 13 вазн (10 та вазнда ўғил болалар – 3 та вазнда қизлар) тоифасида ғолиблик учун рингга кўтариладилар.
Мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг бугунги кундаги етакчи спортчилари аниқланиши билан бирга, жорий йилнинг 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган II ёзги ўсмирлар Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналади. Ўғил болалар ўртасида ҳар бир вазнда 1-5 ўринларни, қизлар мусобақасида эса 1-4 ўринларни эгаллаган спортчилар “Нанкин-2014” ўйинларининг йўлланмаларига эга бўладилар.
АИБА қоидасига кўра, ҳар бир терма жамоа кўпи билан учтадан лицензияга эга бўлиши мумкин. Агарда бирор-бир терма жамоада йўлланмаларни қўлга киритган спортчилар сони учтадан ортиб кетса, у ҳолда АИБА ёки Миллий федерация томонидан Нанкинга йўл оладиган уч нафар боксчи номи эълон қилинади.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини Сулаймон Латипов (-49 кг), Абдулхай Шараҳматов (-52 кг), Шукуржон Раҳимов (-56 кг), Иқболжон Холдоров (-60 кг), Маҳмуд Ғоипов (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг), Козимбек Мардонов (-75 кг), Обиджон Тоҳиров (-81 кг), Рахматулло Ғофуров (-91 кг) ва Шоҳрухбек Эркинов (+91) ҳимоя қиладилар (Бош мураббий: Марат Қурбонов).
Бугун ўтказиладиган биринчи кунги баҳсларда ҳамюртларимиздан фақатгина Сулаймон Латипов рингга кўтарилади. Боксчимиз дастлабки босқичда туркманистонлик Байрамхон Пермановга қарши рингга кўтарилади.
Маълумот учун. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ҳар икки йилда ўтказилади. 2012 йили Ереван шаҳри (Арманистон)да бўлиб ўтган дунё биринчилигида юртдошларимиздан Акмалбек Қосимов (-69 кг) барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Муроджон Аҳмадалиев (-49 кг) финалга қадар кечган жангларни мағлубиятсиз ўтказиб, кумуш медал совриндори бўлган.