"Бавария" бош директори Карл-Хайнц Румменигге ЕЧЛ яримфинали жавоб учрашувида "Реал"га бой берилган имконият ҳақида фикр билдирди.
"Мухлисларга ажойиб қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдираман. Афсуски, ғалаба учун бор кучимизни иша сола олмадик, рақибга муаммо яратиш учун иштиёқимиз камлик қилди. Қисқа вақт ичида иккита стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик, шу ондан бошлаб финалга "Реал"нинг чиқиши маълум бўлган эди. Ҳозир уларда ажойиб жамоа бор.
Бундай мағлубиятлардан ҳеч ким кафолатланмаган ва биз асабларимизни асрашимиз керак. Охирги тўрт йилда уч марта финалга чиқдик, шу бизни чалғитди. Бундай кунларда ҳиссиётларга берилмаслик керак. Шунчаки уйга хотиржам бориб, эрталабдан хатоларимиз устида ишлашимиз керак.
Яраларимизни тезроқ даволашимиз лозим, чунки 17 май куни Германия кубоги финалида Дортмундга қарши ўйнаймиз", - дейди Румменигге.