Замонавий футболни футбол агентларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Агентларни худди қўшиқчиларнинг продюссерига қиёслаш мумкин. Тўй бўлса, дарров таклиф олиб, пулини келишиб, ён дафтарчага кунини белгилаб ёзиб қўяди. Биргина фарқи, футболчиларга ҳар куни талаб бўлиб, таклиф тушавермайди. Ўзбекистон футболида ҳам ҳаминқадар агентлар фаолият олиб боришяпти. Лекин улар сони унчалик ҳам кўп эмас, санаш учун ўнг қўлимизнинг бармоқлари ҳам етади. Кўп бўлмагани ҳам маъқул. Чунки, дунёга кўз-кўз қилиш учун “маҳсулотларимиз” мақтанарли даражада сифатли эмаску!
Ана шу жараёнда изланиб, ҳаракат қилиб, ўзига яраша ютуқларга эришган футбол агентларидан бири Санъат Шариповдир. Унинг энг катта “трансфери” Азиз Ҳайдаровни “Ал-Шабаб” клубига кўчиб ўтишини таъминлагани бўлган. Азиз эса мана уч йилдан бери ишончни оқлаб келяпти. У жамоа сардори даражасигача кўтарилди. Биз Санъат Шарипов билан учрашиб, футболчиларнинг айнан трансфери билан боғлиқ масалалар бўйича интервью олдик.
- Санъат, бугунги кунда ўзбек футболчиларининг ҳориж клубларига йўл олиши деярли тўхтаб қолган. Ҳеч бўлмаганда, бундан 3-4 йил аввалги таклифлар, футболчиларимизга қизиқишларни кўрмаяпмиз. Бунинг сабаби нимада?
- 2011 йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогидан сўнг футболчиларимизга, умуман футболимизга қизиқиш яна жонлангандек бўлди. Осиё чемпионатининг очилиш ўйинида майдон эгаларини 2:0 ҳисобида мағлуб этдик. Одил Аҳмедов жуда чиройли гол муаллифи бўлди. Футболга жуда катта сармоя киритаётган мамлакат жамоасини, ўзи мезбонлик қилаётган мусобақанинг очилиши ўйинида мағлуб этиш бутун дунёда яхшигина шов-шув бўлгани бор гап. Ўша Осиё чемпионатидаги муваффақиятнинг соясида футболимизда ўсиш кўзга ташланди. Футболчиларимиз бирин-кетин хориж клубларига йўл олишди.
Азиз Ҳайдаров БААга, Жасур Ҳасанов Қатарга йўл олди. Бундан ташқари, узоқ вақтга бўлмасада Асқар Жадигеров, Анвар Ражабов, Улуғбек Бақоев каби ўйинчиларимиз ҳам ўзларини хориж клубларида синаб қайтишди. Кейинчалик Фозил Мусаев ҳам араб чемпионатига йўл олди. Бир неча нафар футболчиларимиз Хитой клубларида ўйнаб келишди ва бу жараён ҳамон давом этяпти. Бундай ўйлаб қарасам, “пик”ка чиққан пайтимиз ўша Осиё чемпионати бўлган экан. Афсуски, омадимиз келмай, жаҳон чемпионатига чиқа олмадик. ЖЧ-2014 финал босқич йўлланмасини қўлга кирита олмаганимиз бу ҳар томонлама жуда катта йўқотиш бўлди. Мундиални яна тўрт йил кутишимиз керак. Икки йил олдин араб жамоаларини менсимасдик. Ҳозир ўша даражага ҳам чиқа олмаяпмиз. Очиғини айтиш керак, араб клублари футболчиларимизга деярли қизиқмай қўйишди. Нафақат футболга катта маблағ сарфлаётган араб жамоалари, хатто Таиланд клубларидан ҳам таклифлар тушмай қўйди.
Мана куни кеча “Бунёдкор” Саудиянинг “Ал-Ҳилол”ига ютқазди. Қитъанинг кучли саккизталигига кира олмаяпмиз. Айни пайтда футболимизда мақтанадиган жиҳатнинг ўзи йўқ. “Локомотив”ни олайлик. Икки йилдан бери ОЧЛнинг плей-офф босқичидан ўта олмаяпти. “Темирйўлчилар” икки йилдан бери ОЧЛга чиқиш учун жуда катта маблағ сарфлашяпти. Ўтган йили БААнинг “Ал-Наср” клубига, бу йил Қувайт жамоасига имконият бой берилди. Ваҳоланки, шундай вазиятлар ҳам бўлдики, бир-икки футболчимизга Қувайт клубидан таклиф бўляпти, деганимда “энди бир кам Қувайт чемпионатида ўйнаишим қолди”, деган жавобни олдим. Ҳа, сен олди ўзингни Ўзбекистон чемпионатида кўрсатиб қўй, кейин ноз қиламан. Шахсий фикрим, футболимизда кескин ислоҳотлар қилиш керак. Масалан, “Локомотив” – “Қизилқум” ўйинини бевосита стадионда, мутахассислар даврасида томоша қилдим. Биринчи бўлимдан сўнг меҳмонлар бирданига 360 градусга ўзгариб қолишди.
Бировнинг қўлидан ушлаб айтиб бера олмайману, лекин иккинчи бўлимдаги ҳаракатлар менга келишилган ўйиндек таассурот қолдирди. Исмларини айтмайман, биз билан ўша ерда бирга ўтирган ва футболни ипидан игнасигача тушунадиган мутахассислар ҳам бир овоздан шу фикрни қўллаб-қувватлашди. Бу билан биз кимни алдаймиз? Фақат ўзимизни ўзимиз. Футболимиз орқага қараб кетаверади. Бунинг ортидан футболчиларимизга қизиқиш ўлиб боради. Бугунги кунда Одил Аҳмедов, Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаровдан бошқа қайси футболчини тайинли хориж клубига тавсия қила оламиз? Бу саволга кучли мутахассисларимиз ҳам жавоб беришга қийналишади. Чунки, шундай футболчининг ўзи йўқда! Кейин 2-3 йилдан бери футболчиларнинг менталитетини ўзгартириш бўйича курашиб келяпман, лекин бунга ҳеч эриша олмаяпман.
Футболчиларимиз хориж клубига борганмдан икки ой ўтмай, уйини қумсашни бошлайди. Миллий таомларимизни тановвул қилгиси келиб қолади. Дўстлар билан бирга ўтирган чойхоналари ҳумор қилади. Очиғини айтаман, қанча футболчини хориж клубларига жойлаштирган бўлсам, улардан фақат Азиз Ҳайдаров бу борада ишончни оқлади. Яъни, БАА чемпионатига, “Ал-Шабаб” клуби ва унинг мухлисларига меҳр қўйди, уларни севди. Кейин клуб раҳбарияти, маҳаллий ишқибозлар Азизга меҳр қўйишди. Икки йилдирки, Ҳайдаров ўз жамоасининг сардори. Бунга ўз кучи ва интилиши билан эришди. Катта пул сарфлаётган жамоалар футбол ўйнашни билмаса ҳам клубда ушлаб тураверамайди.
- Бугунги кунда араб клублари фаолиятини якунлаш арафасида турган дунёга машҳур футболчиларни ўз жамоаларига таклиф этишяпти ва том маънода ўша ўйинчилар клубга фойда келтиришяпти. Чертиб-чертиб олинаётган легионерлар ОЧЛ ўйинларида учрашув тақдирини ҳал қилиб қўйишяпти. Балки, бизнинг футболчилардан кўра, озгина кўпроқ пул бериб бўлсада, кўзга кўринган юлдузлар ҳарид қилинаётгандир?
- Масалан, Қатарнинг “Ал-Жаиш” клубидаги Нилмарни оладиган бўлсак, уни клуб 8 млн. доллар эвазига сотиб олган. Бир ойлик маоши 120 минг доллар атрофида. Кўзланган мақсадга эришишни истаган клублар Нилмар савиясидаги легионерларга ишонч билдиришяпти. Таққослайдиган бўлсак, “Бунёдкор” жамоаси томонидан мавсум аввалида мақсадимиз ОЧЛни ютиш ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашиш, деган баландпарвоз сўзлар янгради. Кечирасизу, Симоненко, Пишур каби легионерлар билан бу мақсадга эришиб бўлмайди.
Сўрасангиз, ҳа, бу легионерлар мавсумлар оралиғидаги машғулот ва назорат ўйинларида ўзларини кўрсатишганди, деб жавоб оласиз. Энди ҳамма кўрикдан ўтаётган футболчи бор кучини бериб, ўзини кўрсатиш ва шартнома имзолаш учун астойдил ҳаракат қилади. Бир йил кўрсатмаган ўйинини бир учрашувда намойиш қилишга интилади. Бу алдамчи ҳолат. Шартномага қўл қўйганидан кейин ўз қўшиғини айтишни бошлайди. Кейин бир нарсага умуман тушунмайман, нима учун бизнинг клублар фақат рус тилини тушунадиган легионерларни ҳарид қилишяпти? Ҳамма жамоамизда шундай касаллик бор. Саудия Арабистони, Қатар ва БААга араб тилини биладиган легионерларни олиб келишмаяптику! Ёки Бразилия ва европалик футболчилар араб тилини ўрганишяптими? Йўқ, албатта. Футболнинг майдондаги тили бир. Ўйнайман деган футболчига бу нарса баҳона бўлмаслиги керак. У рус тилидан имтиҳон топшириш учун келмаяптику.
Ўша Пишур ва Симоненколар сарфланган пулга ёшроқ, оёғида ўти бор футболчиларни бемалол олса бўлади. Менимча, “Бунёдкор”да селекция тўғри бўлмаган. Ёши ўтиб қолган футболчилар ҳамон эъзозда. Анвар Бердиевга имконият бериляпти. Забиҳилло Ўринбоев тайёр етишиб келаётган ҳужумчи. “Пахтакор”даги ёш футболчилар каби жаҳон чемпионатларида қатнашиб келди. Нима учун унга ишонч билдириб, имконият берилмаслиги керак. “Олмалиқ” жамоасида Диёрбек Туропов асосий таркиб футболчисига айланиб улгурди. Мана сўнгги турда Диёрбек дулбга эришди. Сардор Собирхўжаев ишонч билдирилганди, асосий таркибда ўйнаб кетди. Жавлон Мирабдуллаевни “Андижон” жамоасига ижарага бериб юборилди. Ваҳоланки, чап қанот ҳимоясида бемалол Саҳоб Жўраев ёки Анвар Ғофуровнинг ўрнига майдонга тушириш мумкин.
Тўлиқ бўлмасада, захирадан ўйинга қўшиб бориш фойдадан ҳоли бўлмасди. “Пахтакор”, “Насаф”, “Олмалиқ” каби жамоаларда ёшларга эътибор жуда яхши йўлга қўйилган ва бу ўз мевасини бера бошлади. Бошқа томондан, “Бунёдкор”да мақташга арзигулик ҳолатлари ҳам бор. Мисол учун, шу таркиб билан ҳам 3-4 йилдан бери ОЧЛда муваффақиятли иштирок этиб келишяпти. Энди “Пахтакор” ҳақида гапипрадиган бўлсак, бу жамоа олиб бораётган ислоҳотларга тан бериш керак. Икки йил жамоа қийналди. Лекин бу йил клуб анча оёққа туриб олди. Ўз академияси тарбияланувчиларига эътибор қаратадиган жамоа тўғри йўлдан боряпти.
- Ўтган йили Сардор Собирхўжаев ва Диёрбек Туропов Москванинг ЦСКА клуби кўригида бўлиб қайтишганди. Бу ёш футболчиларимизга қизиқиш қайта жонланмадими?
- Ўшанда ЦСКА мураббийлари футболчиларнинг машғулотлардаги хатти-ҳаракатига қараб, асосий таркибга тортмайди, лекин ўринбосарлардан кучли экан, деган таърифни беришганди. Улар футболчиларимизни ўринбосарлар сафида ўйнашидан кўра, ўз клубларининг асосий таркибида тўп тепишини афзал билишган эди. Менимча ҳам бу тўғри қарор бўлганди. Мана ҳозир Сардор ҳам, Диёр ҳам ўз клубининг асосий таркиб футболчиси. ЦСКА мураббийлари иккала футболчимизни ҳам кузатиб боришга ваъда беришган. Бир марта назарга тушганидан сўнг, кейин яна чақириш муаммо бўлмайди. Бир ҳафта ЦСКА машғулотларида асосий таркиб билан машғулот ўтказишгани ҳам йигитларга ижобий томондан фойдали бўлганди.
Уларда ўзларига нисбатан ишонч юзага келган эди. Кўп мухлислар футболчиларимиз Россия кетса яхши бўларди, дейишади. Ҳа, бу самолётга чипта ҳарид қилиб, кетиш эмаску. Кимдир чақирсагина борасизми? Ёки айтилмаган жойга ҳам кетаверасизми, мен шу нарсани тушунмайман. ЦСКА бу йил Россия чемпиони бўлди. Чемпионлар Лигасида қатнашадиган жамоанинг савиясини кўряпсиз. Холис айтайлик, бугунги кунда қайси футболчимизни Россия Премьер лигасидаги кучли бешлик клубига тасвия қила оламиз? Бундан 7-8 йил аввал Россия клубларида ўйнайдиган футболчилар сони кўп эди.
Масалан, Андрей Фёдоров, Николай Ширшов, Андрей Акопянц... Энди ўша пайтда Россия клублари ҳам ўз бюджетидан келиб чиқиб, легионер чақирган. Ўша бюджетга бизнинг футболчилар тўғри келган. Йилдан-йилга клублар савияси ошиб, жамоалар ўз раҳбар ҳомийларига эга бўлгандан сўнг, талаб ҳам шунга яраша ошди. Ҳозирда Лотин Америкаси ва Европанинг кўзга кўринган футболчилари билан шартнома имзолашяпти. Бундан ташқари, Россия клубларидан Европанинг кўзга кўринган жамоаларига футболчилар йўл олишяпти. Лекин бизнинг қайси футболчимиз Россия ва Украинада ўйнаб, кейин Европага йўл олди?
- Азиз Ҳайдаров “Ал-Шабаб” таркибида барқарор ўйин намойиш этиб келяпти. Бу яхши, албатта. Лекин муҳитни ўзгартириш, кучлироқ чемпионат ёки клубга ўтиш вақти келмадимикан?
- Тўғри, фикрингизга қўшиламан. Бу ерда футболчининг юраги ва кўнглига ҳам қараш керак, деб ўйлайман. Масалан, сизни қадрлайдиган жойда ўзингизни қулай ҳис этасиз. Азиз агар Россияга борганида бу даражада ўйнаб кета олмаслиги мумкин эди. Агар Ҳайдаров БАА чемпионатига ўтиб, терма жамоага тегадиган фойдаси камайиб кетганида, бу нарсага негатив кўз билан қараса бўларди. ЖЧ-2014 саралаш босқичидаги терма жамоамизнинг иштирокини таҳлил қиладиган бўлсак, энг фойдали футболчилардан бири айнан Азиз бўлди. Одил иккаласи таянч ҳимоя чизиғида ишончли ўйин намойиш этишди. Бошқа томондан, Россия клублари ҳозир “Ал-Шабаб” жамоаси қилиб бераётган шароитни яратиб бера олмайди.
- Масаланинг бошқа томони ҳам борки, масалан, Россия клубларида камроқ маош олиш мумкиндир, лекин Европага чиқиш осонроқ бўлади. Шу нуқтаи назардан, Россия клублари варианти яхшироқ эмасмиди?
- Бутун дунёда Форс кўрфази клубларига келиб футбол ўйнашга интилиш юқори. Чунки, у ерда яхши маош тўлашади. Лекин шунга яраша талаб ҳам қилишади. Европанинг кўзга кўринган мутахассислари бугунги кунда араб футболида ишлашяпти. Марадона, Эрик Геретц, Зенга каби юлдузлар фаолият олиб боришди. Футбол ҳам ўйин, ҳам бизнес. Буни эсдан чиқариш керак эмас. Россия масаласига яна қайтадиган бўлсам, бунинг учун аввало улардан қизиқиш бўлиши керак. Европада ўтказиладиган жуда кўп форумларда иштирок этаман.
У ердаги агент дўстларимга футболчиларимизни тавсия қилганимда, деярли ижобий жавоб олмаганман. Ўйинлари ёзилган дискларни кўришади, лекин якунда бу калибрдаги футболчилар бизга керак эмас, деган гапни айтишади. Майдонни кўра билиши ва тезлиги паст, бир ҳил позицияда ўйнар экан, деган иддаоларни билдиришади. Ҳақиқатан ҳам, бир нечта позицияда ўйнай оладиган футболчимизнинг ўзи ҳам йўқда. Европа клублари айнан шундай футболчиларни қадрлашади. Масалан, Игнатий Нестеров хориж клубига ўтказамиз деб 3-4 йилдан бери ҳаракат қиламиз. Ҳатто, Япониянинг ўртамиёна жамоалари ҳам унга рад жавобини беришди.
Игнатга берилган таъриф мана шундай: дарвоза “рамка”сида яхши туради, лекин тўпга чиқишлари, узоқдан бериладиган зарбаларни ўтказиб юборишлари тўғри келмайди. Бозорга ул-бул ҳарид қилиш учун борганингизда ҳам ҳамма жойини кўриб кейин бирор нарса оласиз. Шунча футболчини хориж клубларига жойлаган бўлсам, улардан биргина Азиз ўзини оқлади. Қолганлари ортга қайтиб келишди. Агентни вазифаси клубга жойлаштириш, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Лекин майдонга тушиб, унинг ўрнига ўйнаб бермайдику! У ёғига футболчининг ўзи ҳаракат қилиши лозим. Бизнинг ишимиз майдондан ташқарида бўлади. Барака топгур майдонда 90 дақиқа сен ўйнайсан, деган тушунчани тушунишмайди. Кейин бизда ўйинни ўз қўлига ола биладиган, қийин вазиятда бир ўзи учрашув тақдирини ҳал қиладиган футболчининг ўзи йўқ.
Масалан, ўтган йили Туркиядаги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Хорватия гуруҳдан чиқа олмади, лекин унинг таркибидаги Халилович яқинда “Барселона”га кўчиб ўтди. Терма жамоамиз эса чорак финалга қадар етиб борди, лекин бирор футболчимизга қизиқиш бўлгани йўқ. Юқорида айтганимдек, футболга қарашни ўзгартириш керак. Миллионлаб пул сарфлаб, мақсадсиз йиғинларни ташкил этгандан кўра, Германия, Голландия, Бельгия каби болалар футболи тараққий этган мамлакат клублари билан кўп йиллик шартномаларни имзолаб, уларнинг мутахассиларини олиб кешил керак. Ўттиз нафар болалар билан ишлайдиган мураббийни олиб келиб, ҳар битта вилоятга иккитадан ажратилса, ўша мутахассислар истеъдодли ёшларни тўғри тарбиялаб беришади. Тўғри, бу 3-4 йилда ўз мевасини бермаслиги аниқ.
Лекин узоғи билан 7-8 йилда яққол ижобий ҳолат кўзга ташланиб қолади. Футболимизга катта маблағ ажратиляптию, лекин менинг назаримда бироз нотўғри сарланяпти. Кейин бизда фақат 2-3 нафар мураббий орасида терма жамоаларимиз алмашяпти: Мусаев – Евстафеев – Нуралиев. Нима, бошқа мураббийларимиз йўқми? Мана яқинда Сергей Лушанга ёшлар терма жамоамизни беришди. Билишимча, бу жамоа бошқача футбол ўйнай бошлади. Кўпроқ босим ва ҳужумкор руҳда ўйнашяпти. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Футбол ранг-барангликни хуш кўради. Бир хилдек ҳамиша қочиш керак. Қолаверса, Мочиновдан ҳам умид катта. Биринчи лигада иштирок этаётган “Оқтепа” жамоасида ишлаётган бу мутахассис клубида шундай футболни йўлга қўйганки, бундан фақат хурсанд бўлиш лозим. Футболчилари 90 дақиқа давомида тинмай югуришади. Шундай мураббийларга ёрдам бериш керак.
- Мижозларингиздан яна бир Дилшод Раҳматуллаев Туркия биринчи лигасида ўйнаб келди. Умуман, унинг таассуротлари билан ўртоқлашдингизми?
- Таасуроти жуда яхши. Ўзимизнинг олий лигада ўйнаганимдан кўра, Туркия биринчи лигасида фаолият юритганим яхши, деган фикрни билдирди. Энг муҳими, ўзида ўсишни кўрибди. Стадиондаги футбол атмосфераси, мухлисларнинг миллионлар ўйинига бўлган муҳаббатини тўлқинланиб гапириб берди. Баъзи футболчиларимизга мана бу хориж клубларидан таклифлар бўляпти, десам, бориб нима қилдим, ўша пулни шу ернинг ўзида ҳам топяпман, деган жавобни олдим. Бу нопрофессионализм! Футболчиларимиз ўсишни, ўз устиларида ишлашни исташмаяпти. Машҳурликка босқичма-босқич чиқиб борилишини тушуниб етишмаяпти. Ўша хорижнинг ўртамиёна клубида ҳам зўр ўйин кўрсатиб қўйи, сени бошқа кучлироқ жамоалар ўз сафига чорласин.
- Фозил Мусаев билан қандай ҳолат юз берди? У жамоасига мослаша олмадими?
- Фозил курашадиган йигит. Жамоада бундай футболчилар жуда камлик қилди. Фақат ўзи интилиб, жамоа ҳаракат қилмаганидан кейин қийин. Клуб чемпионатда мақсадсиз қатнашаётганди. Лекин Мусаевнинг статистикасига эътибор қаратсак, барча ўйинларда майдонга тушган. Шунчаки, ўзида ўсишни кўрмаганидан кейин, ундан кўра Ўзбекистонга қайтишни лозим топганди. Бу нормал ҳолат.
Россия биринчи лигасидаги етакчи клублардан таклифлар бўлди. Аммо ўзининг боргиси келмади. Ҳамма ўзига хўжайин, ҳеч кимни мажбурлай олмаймиз. Исмини айтмай, футболчиларимиздан бири Россия Премьер-лигасига чиқишга жуда яқин турган УФА жамоасига ўтишга рози бўлмади. Ваҳоланки, плей-оффнинг илк ўйинида бу клуб “Томь” жамоасини йири 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жавоб учрашуви олдидан кучлилар сафига чиқиш учун яхшигина имконият ҳосил қилди. Футболчиларимиз ўзларини “зинапоя”дан олиб қочишяпти. Бирданига “ПСЖ” ёки “Монако”га чақирмайдику!
- Азиз Ҳайдаров янги мавсумни ҳам “Шабаб”да бошлайдими?
- Айни пайтда Азиз Тошкентда бўлиб турибди. Таклифлар етарли. БААнинг ўзидан Абу-Даби ва Ал-Айн шаҳри жамоаларидан яхши таклифлар бор. Шунингдек, Туркия Суперлигасининг кўзга кўринган жамоалари чақиришяпти. Ўзи ҳам кучлироқ жамоада ўйнаши ниятида. Чунки, жамоаси ОЧЛга чиқа олмади. Лекин “Шабаб” раҳбарияти тиш-тирноғи билан бунга қарши чиқяптики, мақсади Азизни жамоада олиб қолиш.