2014 йилнинг 23 июнь – 6 июль кунлари Лондон шаҳри (Буюк Британия)да теннис бўйича “Улкан тож” туркумига кирувчи дунёдаги тўртта энг йирик мусобақалардан бири Уимблдон халқаро турнири ўтказилади.
Эркаклар ўртасида ўтказиладиган яккалик баҳсларининг асосий тўрида жами 131 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс юритади. Улар орасида ҳамюртимиз Денис Истомин ҳам ўрин эгаллаган.
Куни-кеча эркаклар ўртасида ўтказиладиган яккалик баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа натижаларига кўра Денис Истомин биринчи даврада россиялик Дмитрий Турсунов билан куч синашадиган бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга дунё рейтинг жадвалида ўз мавқеини яхшилаб бораётган Денис Истомин Уимблдон турнирида ҳам мана бир неча йилдирги баҳсларга асосий тўрдан киришмоқда. Хозирча Денис Истоминнинг Уимблдон турнирида эришган юқори натижаси 2012 йилга тўғри келади.
Лондон-2012 Олимпиада ўйинлари олдидан ўтказилган мазкур мусобақада ҳамюртимиз Андреас Сеппи (Италия), Игорь Андреев (Россия), Алехандро Фалья (Колумбия) каби теннисчиларни мағлуб этиб, чорак финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Михаил Южнийга имкониятни бой берган эди. Умид қиламизки Денис Истомин бу йилги мусобақада ҳам ишончли ўйинларни намойиш этиб, аввалги натижаларини янада яхшилашга астойдил харакат қилади. Бу йўлда унга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Денис Истомин Буюк Британиянинг Истбурн шаҳрида ўтказилаётган халқаро турнирда иштирок этяпти. Бугун ҳамюртимиз ярим финалда франциялик Ришар Гаске билан баҳс юритади.
Маълумот учун. Уимблдон турнири эркаклар ўртасида биринчи маротаба 1877 йили ўтказилган. Уимблдон мусобақасининг “Улкан тож” туркумига кирувчи қолган уч турнирдан фарқли жиҳати, мазкур халқаро турнир чимли кортларда ўтказилади. 2014 йилда эркаклар ўртасида ўтказиладиган яккалик баҳсларининг мукофот жамғармаси 16.073.267 АҚШ долларини ташкил қилади.