Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

ЖЧ-2014: Мундиалнинг ҳақиқий қаҳрамонлари

Баҳо:
+ | -

ЖЧ-2014 техник қўмитаси мусобақанинг энг яхши ўйинчиси номига номзодлар рўйхатини келаси ҳафта, 11 июль куни эълон қилади.

Таъкидланишича, энг кучлилар учта: энг яхши дарвозабон, энг яхши ёш ўйинчи ва энг яхши ўйинчи номинациялари бўйича саралаб олинади. Хўш, сизнингча, бу номинациялар бўйича кимлар тенгсиз деб топилади. Келинг, кимлар ғолиб бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб кўрсак.

Гильермо ОЧОА. Мексика терма жамоаси посбони, шак-шубҳасиз, чемпионатнинг энг маҳоратли дарвозабонларидан бири саналади. Буни у жаҳон чемпионатининг 2-матчи, Бразилияга қарши кечган ўйиндаёқ кўрсатиб берди. Кейинги ўйинларда ҳам нималарга қодирлигини исботлади. Хусусан, нимчорак финал босқичидаги Голландияга қарши кечган ўйинда рақибларнинг кўплаб хавфли зарбаларини қайтарди. Ким билсин, Роббен пенальтидан гол киритмаганида, эҳтимол, пенальтилар сериясида бу посбон қаҳрамонга айланармиди? Аммо афсуски, учар голландлардан учралган мағлубият сабабли Очоа ва унинг жамоадошлари мундиални эрта тарк этишга мажбур бўлди. Аммо Очоа, барибир, энг кучли посбонлардан бири бўлиб қолди.

Жулио СЕЗАР. Чемпионатдан олдин ўртамиёна клуб шарафини ҳимоя қилаётгани сабабли у қадар тажрибали эмас, дея таъкидланаётган Сезар бу фикрлар мутлақо ҳақиқатдан йироқлигини исботлади. Аслида, олдинги мусобақаларда кўп бора «қовун туширган» бразилиялик посбон бу сафар пухта тайёргарлик кўрганини исботлади. Бу нимчорак финал доирасидаги Бразилия — Чили учрашувида ҳам ўз тасдиғини топди. Сезар пенальтилар сериясида ажойиб ҳаракат қилди ва Бразилиянинг чорак финал йўлланмасини қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшди. Жулионинг ҳозирги ёшини инобатга оладиган бўлсак, у кўрсатаётган ўйин ҳақиқатан ҳам, таҳсинга сазовор.

Тим ҲОВАРД. Бу посбонга ортиқча таъриф шарт эмас. У АҚШ — Бельгия учрашувида нималарга қодирлигини яққол кўрсатиб берди. Ахир битта ўйиннинг ўзида 15 та аниқ зарбани қайтариш жуда катта натижа, айниқса, 35 ёшли дарвозабон учун. Таъкидлаш керак, бу кўрсаткич ҳозирча барча жаҳон чемпионатларидаги рекорд натижа ҳисобланади. Лекин таассуфки, Ҳовард қўшимча дақиқаларда жамоасини голлардан қутқариб қола олмади ва АҚШ мундиални тарк этди. Шундай бўлса-да, Ҳовард ажойиб ҳаракатлари билан мухлислар ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

Умуман олганда, бу галги чемпионатда ҳар бир посбон кўнгилдагидек ўйин кўрсатишга интиляпти ва кўпчилиги буни уддалаяпти. Улар орасидаги энг кучлиси борасидаги қарорни эса жаҳон чемпионатининг техник қўмитаси чиқаради. Эҳтимол, биз юқорида алоҳида таъкидлаган уч дарвозабондан бири шу номга лойиқ кўрилар.

Энг яхши ёш ўйинчи
Бразилияда ҳар сафарги чемпионат каби ўзига хос кашфиётлар қилиняпти. Ана шундай кашфиётлардан бири Колумбия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Хамес Родригесдир. 4 кундан сўнг 23 ёшга тўладиган футболчи тўпурарлар баҳсида ўзига хос натижалар қайд этди. Бу борада Месси, Неймар, Мюллер каби тажрибали чарм тўп усталаридан асло қолишмаслигини исботлади. Шунинг учунми, Родригеснинг нархи аллақачон 40 млн евродан ошиб кетди. Демак, унинг харидорлари ҳам анчагина. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, Мадриднинг «Реал»и Хамес билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида хабарлар бор. Бу шунчаки миш-мишни ёки ҳақиқат, буни ЖЧ-2014дан кейин билиб оламиз.

Поль Погба. Чемпионатда Франциянинг асосий ижрочиси бўлиши кутилаётган Погба ниҳоят Нигерияга қарши кечган учрашувда ўзини кўрсатди. Айнан унинг голи Францияга шижоат бағишлади, чорак финалга бўлган умидни кучайтирди. Эҳтимол, энг кучли ёш футболчи айнан Погба бўлар. Ҳар ҳолда, Рибери ва Насрисиз ҳаракат қилаётган Франция термасида Погбанинг ўрни икки ҳисса ортгани шубҳасиз.

Энг яхши ўйинчи
Криштиану Роналдунинг омадсизлигидан кейин шубҳасиз аргентиналик Лионель Месси мундиалнинг энг яхши футболчиси бўлишга асосий даъвогар. Гуруҳ босқичида Аргентинани опичлаб юрган бу юлдуз нимчоракда ҳам ўзини кўрсатди. Умуман олганда, Месси ўзидан кутилган ўйинни намойиш қиляпти. Чунки Месси ҳам голли паслар узатиш, ҳам ҳужумни якунлашни қойилмақом уддалаяпти. Аммо бир томондан, Леодан бундан анча яхшироқ ўйин кутишгани шубҳасиз. Лекин ҳозирда футболда муҳими жамоавий ўйин эканлигини инобатга оладиган бўлсак, Мессини танқид қилишга унчалик асос йўқдек. Қолаверса, Лео жамоанинг асосий етакчисига айланиб улгурди.

Неймар. Ўзининг биринчи мундиалини пешқадам сифатида якунлашни ният қилган Неймар ҳам ўзини кўрсата олди. Бу футболчи ёш бўлишига қарамасдан, бор масъулиятни ўз зиммасига олишга интилмоқда ва бунинг уддасидан ҳам чиқяпти. Айниқса, Чилига қарши кечган матч Неймар ҳам тезликни ошира олгани, ҳам техника борасида етарлича тажриба тўплаб улгурганини кўрсатиб берди. Қолаверса, тўпурарлик борасида ҳам у рақибларидан қолишаётгани йўқ.

Арьен Роббен. Бу ўйинчи ҳақиқатан ҳам кўпчиликни ажаблантиряпти. Дастлаб Испанияга қарши кечган матчда ёшига нисбатан ажойиб тезлик билан Рамосни ортда қолдирган Роббен мухлисларни ҳайратга солганди. Бора-бора ишқибозлар “чарчамайдиган қария”нинг бундай хатти-ҳаракатларига ўрганиб ҳам қолишди. Голландиянинг ҳар бир ўйинида асосий ижрочилардан бирига айланишни одат қилган Роббен энг яхши ўйинчи бўлишга муносиб. Шу ёшида ҳам ҳаракатдан, меҳнат қилишдан тўхтамайдиган голланд ёш футболчиларга ўрнак бўла олади.

Ди Мария. Бу футболчини ҳам энг яхшилар қаторига қўшмасак бўлмасди. Чунки Швейцарияга қарши ўтган нимчорак финал ўйинининг дастлабки дақиқаларида анча фаол ҳаракат қилган Ди Мария ўйиннинг қўшимча бўлимларида ҳам худди шу темпда югурди, босим уюштирди, хуллас, бир зум ҳам тинмади. Шунинг учун ҳам Аргентина чорак финалга илиниб қолди. Умуман, ҳар бир ўйиндаги ҳаракати билан аргентиналик ўйинчи қандай қобилиятга эга эканлигини кўрсата олди.

Аслида, жаҳон чемпионатида ижобий таассурот қолдираётган футболчилар талайгина. Биз уларнинг айримларини тилга олдик, холос. Эҳтимол, юқоридаги уч номинация бўйича ғолиблик биз умуман тилга олмаган футболчига насиб қилар. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, биз эътироф этган футболчилар 2014 йилги мундиалнинг энг кучли ва иқтидорли футболчилари сафида қолаверишади.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 17:16, 03.07.2014.
Ўқилди: 9354 марта.
Фикрлар: 34 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.