Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Алишер Никимбаев: «Эрматов катта хато қилгани йўқ»

Баҳо:
+ | -

Бразилия яшил майдонларида давом этаётган ЖЧ-2014 баҳслари ўзининг айни қизғин палласига кириб боряпти. Бугун ўтказиладиган икки учрашувдан сўнг чорак финалнинг барча иштирокчилари номи маълум бўлади. Таъкидлаш жоиз, бу галги мундиал аввалгилари билан таққослаганда, ўзининг кутилмаган натижалари билан ёдда қолмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони Испания, шунингдек, Англия, Италия, Португалия каби кўзга кўринган терма жамоаларнинг гуруҳдан чиқа олмагани фикримизга исбот бўла олади. Балки, бир томондан буни кутилмаган натижага ҳам йўйиш нотўғридек. Чунки, сўнгги йилларда ЖЧда қатнашаётган жамоаларнинг савияси, кучи бир-бирига деярли тенглашиб қолди. Биз якшанба оқшомида ўтказилган нимчорак финалнинг икки учрашуви олдидан таниқли мутахассис, айни пайтда БАА Про-Лигасида фаолият юритаётган ҳамюртимиз Алишер Никимбаевдан айнан ЖЧ-2014 баҳслари ҳақида интервью олдик.  

- Алишер ака, менимча, Бразилияда давом этаётган жаҳон чемпионатида аввалги кутганларингиз амалга ошмаяпти?

- Биринчи навбатда ҳар битта ЖЧ ёки Eвропа чемпионатидан биз асосан яхши ва қизиқарли ўйинларни кутамиз. Ўтган йилларда бу борадаги ишонч иштирокчи жамоалар томонидан оқлаб келинди. Лекин бу галги мундиал аввалгиларидан айнан кутилмаган натижалари билан фарқланмоқда. Зерикарли баҳслар деярли йўқ. Жуда кўп учрашувлар драматик курашларга бой тарзда ўтди. Кутилмаган натижаларнинг кўплиги ҳам ЖЧ-2014га бўлган қизиқишни яна ҳам оширди. Масалан, Англия ёки Италиянинг гуруҳдан чиқа олмагани жуда катта сенсация сифатида қабул қилинмагандир. Лекин иккала жамоа ҳам гуруҳда қолиб кетади, деб ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Кутилмаган ҳолатнинг энг каттаси - Коста-Риканинг гуруҳ ғолиби сифатида «плей-офф»га чиққани бўлди. Менимча, ана шу кутилмаган натижалар ҳар битта ЖЧнинг энг ёқимли томони.

- Италия, Испания, Англия, Португалиянинг гуруҳдан чиқа олмаганини Европада давом этган узоқ мавсум ва ундан қолган чарчоқ аломатлари билан боғлаш мумкинми?

- Ҳар битта жамоа муваффақиятсизлигининг ўз сабаблари бор. Масалан, Бразилиядаги мундиал Испания ва Португалия терма жамоаларида авлодлар алмашинуви даврига тўғри келиб қолди. Лекин иккала жамоа мураббийи ҳам буни тан олишни истамади. Португалия терма жамоасини олсангиз, улар Евро-2012 ярим финалида қандай таркиб билан майдонга тушишган бўлса, худди шу таркиб билан Германияга қарши ўйинни бошлашди. Испания эса фахрий футболчиларга ишониб, эски схема билан ўйнади. Лекин уларнинг жамовий ўйин услуби асосан ярим ҳимояга асосланган. Буни мураббийлар инобатга олишмади. Хави ёки Иньеста ўрнига ёшроқ футболчиларга ишонч билдирилса, фойдалироқ бўлармиди? Ёки схемани ўзгартириш керак эди. Масалан, Луи ван Гаал биргина Строотманнинг жароҳати туфайли 4-3-3 схемасидан воз кечиб, 5-3-2 схемага ўтди. Нима учун, Висенте дель Боске ўз жамоасида шундай янгиликни амалга оширмаслиги керак эди? Энди Италияга келсак, менимча, бу жамоада ички муҳит унчалик яхши бўлмади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди. Англияда эса ёш футболчилар ҳали ЖЧ даражасида ўйнашга тайёр эмасдилар. Ўша ҳаммани ўз ўйини билан ўтган мавсумда қойил қолдирган - Бейнс, Лаллана Бразилиядаги ЖЧда ўзларни кўрсата олишгани йўқ.

- Англия терма жамоасининг муаммоси - бу мамлакат чемпионатида легионерлар сонининг ҳаддан зиёд эканлиги билан боғлиқ эмасмикан?

- Тўғри, легионерлар кўп чемпионатда маҳаллий ёшларнинг юзага чиқиши қийинлашади. Аммо, Англияда истеъдодлар етарли. Рой Хожсон танлаган таркибда фақат 5 нафар футболчи бундан олдин катта турнирларда қатнашган эди. Демак, қолган 18 футболчи мундиалнинг дебютантлари ҳисобланадилар. Айни шу жиҳати билан Англия терма жамоасининг келажаги порлоқ бўлиши мумкин. Легионерлар масаласига келсак, мен яқинда битта китоб ўқигандим. Саймон Купер ва Стефан Шимански биргаликда «Соккерномикс» («Футбол иқтисодиёти») номли китоб ёзишди. Унда айнан Англиядаги легионерлар ва уларнинг терма жамоага зарари ҳақида фикр юритилган. Китоб муаллифлари бу муаммонинг иккинчи тарафига қарашни сўраганлар. Ҳамма Англия премьер-лигасида «фақат 45 фоиз англиялик футболчилар ўйнаяпти», деган сўзлар ўрнига «энг кўп сонли футболчилар, яъни 45 фоизини инг­лизлар ташкил қилади» қабилида тал­қин этилиши кераклигини айтишган. Бугунги кунда Англия премьер-лигаси дунё­даги энг кучли лига. Бу фикрга қарши чиқиб, баҳслашмоқчи бўлганларга ЖЧда иштирок этаётган футболчиларнинг рўйхатига қарашни маслаҳат берар эдим. Бразилиядаги мундиалда 119 нафар футболчи терма жамоаларга айнан Англия чемпионатидан таклиф этилган. Италия «А» сериясидан - 83, Бундеслигадан - 75, Испания Ла-лигасидан эса 65 нафар футболчи Бразилияга келган. Демак, аксарият футболчилар айнан дунёнинг энг кучли лигасида ўз тажрибаларини оширишяпти.

- Ушбу жаҳон чемпионатида мезбон сифатида қатнашаётган Бразилия терма жамоаси ҳақида қандай фикрдасиз? Сколари бугунги кундаги энг кучли таркибни йиға олдими?

- Энг кучли таркиб - бу жуда ҳам нозик савол. Ҳар битта терма жамоада таркибга жалб этилмай қолган камида бир нафар кучли футболчини топиш мумкин. Шунинг учун, бу саволга жавоб бермоқчи эмасман. Бразилия эса ўз имконияти даражасида ўйнаяпти. Менимча, улар чорак финалда Колумбияни мағлуб этиб, ярим финалга чиқишади. Лекин ундан кейин нима бўлишини тахмин қилиш жуда ҳам қийин.

- Биламизки, сиз тўрт йил аввал ЖАРда ўтган ЖЧ-2010ни бевосита стадионларда кузатгансиз. Айтингчи, таш­қаридан қараганда, Бразилиядаги мундиал ЖАРдаги чемпионат билан қай жиҳатлари билан фарқ қиляпти?

- Бу саволга жавоб беришга қийналаман. Сабаби, бу сафар Бразилияга борганим йўқ. Шу боис, таққослаш жуда ҳам қийин. Тўғри, тайёргарлик масалаларида Бразилияни кўп танқид қилишди. Мамлакат аҳолиси бу катта футбол мусобақасининг ўтказилишига қарши чиқди. Лекин бундай ҳолатлар аввалги чемпионатларда ҳам учраган.

- Ҳакамлар ҳақида фикрингиз қандай? Голни аниқлайдиган технология уларнинг ишини осонлаштиргандек кўриняпти. Аммо, эътирозлар барибир бошқа ҳолатлар бўйича бўляпти...

- Эътирозсиз ўтган чемпионатнинг ўзи йўқ. Ҳакамларга баҳо қўйиш осон иш эмас. Биринчидан, биз ФИФА ҳакамларга қандай кўрсатмаларни берганини билмаймиз. Кимдир ФИФА ҳакамлардан камроқ сариқ ва қизил карточкаларни беришни сўраганини айтяпти. Эмишки, ФИФА жамоалар иложи бўлса, кучлироқ таркибда ҳар бир ўйинни ўтказишини хоҳлаяпти. Яъни ФИФА дисквалификациялар сони камроқ бўлиши тарафдори. Бу ҳолатга аниқлик киритмасдан туриб, ҳакамларнинг ҳаракатига баҳо бериш мумкин эмас.

- Ҳамюртимиз Равшан Эрматов ЖЧ ўйинларини бошқариш бўйича рекордни янгилашга яқин турибди. Эрматов ва унинг бригадаси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Менимча, улар катта хатоларни қилишгани йўқ. Мен битта хатони кўрдим. Бу биринчи учрашувдаги швейцарияликлар томонидан урилган голнинг ҳисобга олинмагани бўлди. Лекин буни ҳам хато демаган бўлар эдим. Биринчидан, Равшан ёрдамчиси Баҳодир Қўчқоровга ишониши керак эди. Баҳодир эса вазиятни аниқ кўрмагани бўлиши ҳам мумкин. Бундан бошқа деярли айтишга арзийдиган хатони кўрмадим. Кичкина хатто қилган бўлса ҳам, ўйин охирида битта тўғри қарори билан ҳамма бўлган-бўлмаган хатоларини ювиб кетди. Хорватия ва Мексика учрашувида эса кўпчилик футболчининг қўлига тўп тепган вазиятда пенальти белгиланиши ҳақида гапиришди. Шахсан мен учун бу вазиятда пенальти белгилаш нотўғри қарор бўлар эди ва шунинг учун ҳам Равшаннинг қарорини тўғри деб топдим.

- Телевизор орқали илк бор томоша қилган жаҳон чемпионатингизни эслай оласизси?

- Ҳа, албатта. Биринчи бор телевизор орқали 1982 йили Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини томоша қилганман. Ўшанда собиқ иттифоқ телевидениеси ўз кўрсатувларини кеч­қурун соат 23:00гача намойиш этар, охирги кўрсатув тугаганидан сўнг экранда «Телевизорни ўчириш эсдан чиқмасин», деган ёзув пайдо бўларди. Жаҳон чемпионати баҳслари соат 2:00да бошлангани учун озгина мизғиб олиб, кечаси соат 02.00да турар ва ТВда футбол кўрардим. Аниқ эсимда, ўша мундиал финалини уч марта томоша қилгандим. Дастлаб тўғридан-тўғри, ке­йин эрталаб такроран ва ўша куни кечқурун яна такрор эфирга узатишганди. Шукрки, бугунга келиб, иккита жаҳон чемпионатини бевосита стадионларда кузатиш насиб этди. 2006 йили Германияда ўтказилган жаҳон чемпионати мен учун ўзим қатнашган илк мундиал бўлиб қолган. 2008 йили эса Европа чемпионатида иштирок этдим. Мундиалдан ажойиб хотиралар қолган. Германиядаги мундиал ҳар томонлама яхши бўлган. Ташкилий қўмитага алоҳида раҳмат айтсак арзийди, чунки улар журналистларга шаҳарлараро қатнаш учун бепул поезд ташкил қилиб беришган. Ўшанда футбол туфайли Германиянинг 12та шаҳрида бўлиб, 19та ўйинни бевосита стадионда кузатгандим. Лекин чорак финалдан кейин ортга қайтишга тўғри келган. Сабаби, ўша пайтда ЎФФда ишлар эдим. Менга таътил берилганидан фойдаланиб, жаҳон чемпионатига боргандим. Жаҳон чемпионати баҳона Германиядаги турли тарихий жойларга борганман. Берлиндаги рейхстаг, Бранденбург дарвозаси, Унтер-ден-Линден кўчаси шулар жумласидан. Қолаверса, «Штутгарт» стадионида жойлашган «Мерседес» музейига ҳам борганман. Бир сўз билан айтганда, Германиядаги мундиал мен учун ҳақиқий байрам бўлганди. Бошқа давлатлардан қарийб бир миллионга яқин сайёҳ ушбу мамлакатга келганди. 2010 йили ЖАРда ўтказилган жаҳон чемпионатига эса кўпи билан 250 минг сайёҳ борган экан.

- Кьеллини билан боғлиқ жирканч ҳолатдан сўнг жамоасини қийин вазиятга ташлаб кетган Луис Суарес ҳақида нима дейсиз? ФИФАнинг қарори адолатли бўлдими?

- Шубҳасиз, юз фоиз адолатли бўлди. Ҳаттоки, ҳозир ҳам Суарес кечирим сўраш ўрнига, бўлмаган нарсаларни айт­япти. Атайин қилмадим, йиқила туриб, Кьеллинининг елкасига бориб урилдим, деяпти. Нима бўлганини ҳамма кўрди. ЖЧ-2014да ишлаётган 60 га яқин камера вазиятни қандай бўлган бўлса, шундайлигича яққол кўрсатиб берди.

- Кўпчиликнинг фикрича, Европа, Африкадаги мундиалларда Европа қитъаси терма жамоалари жаҳон чемпиони бўлади. Америкада ўтадиган ЖЧларда шу қитъа жамоалари шоҳсупага кўтарилади. Сизнингча, европаликлар кубокни Бразилиядан олиб кета олишадими?

- Европадан ташқари ғолиблик учун даъвогарлардан яна кимлар бор? Бразилия, Аргентина, Мексика, Колумбия. Менимча, Голландия, Франция, Германия ва ҳаттоки Бельгия улардан кучсиз эмас. Ҳамма нарсани кичкина эпизодлар ҳал килади. Масалан, Робин ван Перси Испания билан ўйинда биринчи бўлим охирида гол урмаганида, балки Испания терма жамоаси ҳозир мундиалдаги иштирокини давом эттираётган бўлармиди? Шунинг учун, олдиндан бир нарса дейиш қийин. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Хаттоки, Греция (суҳбат якшанба куни кундузи уюштирилган, - муал.) жаҳон чемпиони бўлиши ҳам мумкин.

- Коста-Рика терма жамоаси бошдан баланд сакрадими?

- Ҳа. Коста-Риканинг гуруҳдан чиқиши бу энг кутилмаган натижа бўлди. Энг муҳими, бу жамоа гуруҳ ғолиби сифатида «плей-офф»га йўлланма олди. Улар ўзлари учун тарих яратиб бўлишди.

- Осиё жамоаларининг мундиалдаги иштироки сизда қандай таассурот қолдирди?

- Австралия ва Эрон терма жамоаларининг гуруҳдан чиқишига ишонмаган эдим. Улар ҳақиқатан ҳам кучли гуруҳларга тушишган эди. Лекин Япония ва Жанубий Корея термаларида бундай имконият бор эди. Улар жойлашган гуруҳ жуда ҳам кучли эмасди. Аммо, «плей-офф»га чиқиш у ёқда турсин, қитъамизнинг тўрттала жамоаси бир бўлиб, ҳаттоки битта умумий ғалабага эришгани йўқ. Ҳар бир жамоанинг муваффақиятсизлигида ўзига яраша сабаблар бор. Мисол учун, Австралия ва Кореяга мундиал чоғида авлодлар алмашинуви даври тўғри келиб қолди. Иккала жамоада ҳам бош мураббийларда катта турнирларнинг тажрибаси йўқ эди. Лекин иккала жамоада ҳам истеъдодли ёш футболчилар бўлиб, бу ҳолат уларга умид келтириши мумкин эди. Япония ва Эронга эса, шахсий фикрим яхши ҳужумчилар етишмади.

- Австралия терма жамоасининг Голландияга қарши ўтказган ўйинини кўрганлар бу жамоа ўзи мезбонлик қиладиган Осиё кубоги-2015да яққол фаворит бўлишини айтишяпти. Бу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа. Биринчи навбатда австралиялик футболчиларнинг ўз майдонларида яхшироқ ўйин намойиш этишлари аниқ. Бугунга келиб шаклланган таркиб ҳам ёмон эмас. Яна битта томони - даъвогарлар кучсиз бўлиши мумкин. Чунки, Япония ва Эрон инқирозга юз тутиши мумкин. Бу икки терма жамоага янги мураббийлар қачон тайинланади, қандай тактика асосида ўйнай бошлайди, кимларни терма жамоага чақиришади - ҳаммаси бизга номаълум. Эронда ҳам, Японияда ҳам бош мураббийлар алмашиши кутиляпти. Кейруш ҳам Эрондан кетишини айтган. Корея эса ёш жамоа ва уларга тажриба етишмаслиги мумкин. Яна бир нарсани унутмаслик керак, Осиё кубоги январь ойида ўтказилади. Австралия ва Европада бу ой мавсумнинг қоқ ўртасига тўғри келади. Демак, «яшил қитъа» футболчиларининг яхшигина спорт формасида бўлишлари аниқ. Корея, Япония, Ўзбекистон ва Хитойда эса, аксинча, мавсумлар оралиғи пайти бўлади. Бу жиҳатдан футболчиларни жисмонан тайёрлаш борасида муаммолар юзага келишини тахмин қилиш қийин эмас.

- Сиз мухлислик қилган Англия терма жамоаси аллақачон иштирокини якунлаб бўлди. Энди қайси жамоага мухлислик қиляпсиз?

- Голландияга. Чунки уларда Робин ван Перси ўйнаяпти ва жамоага Луи ван Гаал устозлик қиляпти.

- Бу танловингиз «Манчестер Юнайтед» билан боғлиқми?

- Албатта.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 21:52, 04.07.2014.
Ўқилди: 9936 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.