Коста-Рика терма жамоаси шундоқ ҳам ўз тарихидаги рекорд натижани қайд этиб бўлди. Аммо ўйиндан ўйинга уларнинг иштаҳаси очилиб бормоқда ва шимолий америкаликлар Голландия билан ўйинда асло таслим бўлмоқчи эмаслар.
Коста-Рика иккинчи рақам остида жуда яхши ўйин кўрсатиш билан бирга тўпни ҳам яхши назорат қилмоқда. Улар Уругвай, Италия ва Англияга қарши баҳсларда жуда яхши ҳаракат қилишди ва ҳақли равишда ўз гуруҳларида 1-ўринни эгаллашди. Аммо ўзи каби иккинчи рақам остида ўйнайдиган, ҳимоявий ўйин кўрсатадиган Греция билан ўйинда Пинто шогирдлари қийналишди, айниқса, майдонда бир киши кам бўлиб қолишгандан кейин. Пенальтилар сериясида омади келган коста-рикаликлар чорак финалга чиқиб олишди, ана энди улар иккинчи жамоа сифатида яна ўз ўйинларини кўрсатишлари мумкин.
Голландия учун эса ҳимоявий ўйин кўрсатадиган жамоаларга қарши ўйнаш осон эмас. Буни Мексика исботлаб қўйди. Боз устига, энди Роббеннинг "ҳунар"лари ўтмаса керак. Ўйинни бошқариб борадиган Равшан Эрматов бундай симуляцияларнинг фарқига яхши боради. Ўзи ҳам футбол ўйнаган.
Фикрлар
Луи ван Гал, Голландия терма жамоаси бош мураббийи: "Бизнинг мақсадимиз ҳамиша битта — ЖЧда ғолиб чиқиш. Лекин Коста-Рикани менсимаслик ҳолати бизда йўқ. Бизга Де Йонг ёрдам бера олмайди. У муҳим ўйинчи, айниқса, прессинг уюштирилаётганда. Биз тўпни яхши назорат қила олмаймиз. Лекин тўп рақибда бўлганида эса биз энг яхши жамоалардан бирига айланамиз, агар энг яхшиси бўлмасак".
Хорхе Луис Пинто, Коста Рика терма жамоаси бош мураббийи: "Ушбу чемпионатда пенальти ишлашга бўлган уринишлар мени кўпроқ хавотирга солмоқда. ФИФА ва ҳакамлар Роббенга нисбатан хушёр бўлишларини истардим. Унинг йиқилишлари бизни хавотирга солмоқда. Ҳа, у Мексикага қарши ўйиндан кейин симуляция ишлатганини тан олди. Энди ҳакамлар унга нисбатан хушёр бўладилар деган умиддаман. Мен Роббенни ҳурмат қиламан. У жаҳондаги энг кучли уч ёки тўрт нафар футболчидан бири. Лекин унинг номига доғ тушган. Балки, ҳакам уни сариқ карточка билан жазолаши керакдир, шунда у навбатдаги симуляция орқали майдондан четлатилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолади".
Рақамлар
— Голландия ва Коста-Рика терма жамоалари ўзаро илк марта тўқнаш келишмоқда;
— Коста-Рика илк марта ЖЧнинг чорак финалида ўйнамоқда;
— Коста-Рика ЖЧларида Европа жамоалари билан 9 марта тўқнаш келган (3 ғалаба, 3 дуранг, 3 мағлубият);
— Луи ван Гал, Арьен Роббен ва Клас Ян Хунтелар 2001 йили бўлиб ўтган 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги ЖЧда Коста-Рикага ютқазишган - 1:3;
— Голландлар мазкур ЖЧда 3 марта иродали ғалабани қўлга киритишди. Ҳали ҳеч бир жамоа битта Мундиал давомида 4та иродали ғалабага эришмаган;
— Ушбу ЖЧда нидерландлар сафида 7 нафар футболчи гол уришга эришган бўлса, Коста-Риканинг 4 нафар ўйинчиси ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди;
— Роббен ва Снейдер ЖЧларида жами 6тадан гол уришган. Голландияликлар орасида энг яхши кўрсаткичга Жонни Реп эга - 7та гол;
— Снейдер — ЖЧ-2014 иштирокчилари орасида плей-оффда гол уриш борасида рекордчи ҳисобланади (5та гол). Бу борада рекорд (8та гол) эса Леонидас ва Роналдога тегишли;
— Ушбу ЖЧда Коста-Рика стандарт вазиятдан битта гол урган бўлса, Голландия — 4та. Франция эса "стандарт"дан барчадан кўп гол урган (5та).
Огоҳлантиришлар
— Голландия сафида Стефан де Врей, Дейли Блинд ва Жонатон де Гузмат бугунги ўйинда огоҳлантириш олишса, кейинги баҳсни ўтказиб юборишади. Найжел де Йонг эса жароҳат боис ЖЧ охиригача майдонга туша олмайди;
— Коста-Рика таркибида Оскар Дуерте бугунги ўйинни ўтказиб юборади. Жанкарло Гонсалес, Хосе Куберо, Ельцин Техеда, Естебан Гранадос, Брайан Руис ва Кейлор Навас ҳисобида биттадан огоҳлантириш бор.
Ҳакамлар
Ўйинни Равшан Эрматов бошқариб боради. Бугунги ўйиндан кейин ўзбекистонлик ҳакам ЖЧларидаги ўйинлари сони бўйича рекорд ўрнатади. Голландия - Коста-Рика баҳсидан кейин Эрматов ҳисобидаги ўйинлар сони 9тага етади.
Тахминий таркиблар