Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ЖЧ финал баҳсини бошқариш учун асосий номзод саналаётган эди. Бироқ кеча ФИФА ҳал қилувчи ўйинни италиялик Никола Риццоли бошқариб боришини маълум қилди. Мазкур эълондан аввал "Советский спорт" нашри мухбири ҳакамимизнинг отаси Сайфиддин Эрматов билан суҳбатлашганди.
– Равшаннинг бирорта ўйинини ўтказиб юбормайман, барча ўйинларни ёзиб оламан. Кейин эса уларни биргаликда кўриб, қаерда тўғри қарор қабул қилганини, қаерда бошқачароқ йўл тутиши мумкинлигини таҳлил қиламиз. У бошқариб борган ЖЧ ўйинлари пайтида хавотирга тушаман, аммо фахр туйғуси устун келади. Фарзандимни тўғри тарбиялаганим, тўғри ҳакамлик қилаётгани учун фахрланаман. Мен унга ёшлигиданоқ адолат ҳиссини сингдириб келганман.
«Равшаннинг оёғи кесилиши мумкин эди»
– Равшан 4 ёшлигида қўшнилар уни велосипедда учиришганди. Велосипеднинг занг босган занжири унинг терисини йиртиб, тўпиқ суягига ёриб кирган. Оёғи йиринглаб кетиб, олти ой давомида шифохонада ётган. Ўнг оёғини кесиб ташлаш хавфи мавжудлигини шифокорлар гапиришганди. Ҳаммаси яхшилик билан тугаб, у соғайиб кетганди. Кейинчалик у профессионал футболчилик фаолиятини бошлаган. Аммо ҳар бир тўқнашувдан кейин тўпиғи чиқиб кетарди. Кетма-кет икки марта чиқишдан кейин врачлар унга футбол ўйнашни тақиқлашган. У ёмон ўйнамасди, агар жароҳат олмаганида, яхши футболчи бўлиб етишиши мумкин эди. Мен унинг футболчи бўлишини истагандим, якунда эса у ҳакам бўлиб етишди.
– Ўша пайтда мен Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлардим. Футболни тугатишга мажбур бўлган Равшанга осон эмасди. Уни чалғитиш мақсадида уни ўзимга ёрдамчи қилиб олгандим. Аммо бу ишга маъқул келмагани сезилди. Ўз вазифасини яхши бажарардию, лекин меҳр билан ишлай олмади. Аммо кунларнинг бирида шаҳар чемпионати доирасида ўйин ўтказдик ва бу ўйинга ҳакам келмади. Мен Равшанга хуштак, форма бердим ва ўйинни бошқаришини таъкидладим. У ўйинда айрим хатоларга йўл қўйди, аммо жиддий эътирозга ҳам ўрин қолдирмади. Шундан сўнг уни ҳакамлар мактабига бердим, уни инглиз тили курсига ёздирдим, назорат қидим, ёрдам бердим. У ўз хатоларини англаб етиши учун, видеокамера сотиб олдик ва унинг барча ўйинларини ёзиб бордик.
– Ҳозир эски жароҳат безовта қилмайдими?
– Йўқ, у футбол ўйнамайди-ку, фақат ҳакамлик қилади. Барча ўйинларда вазиятларга яқин бўлишга ҳаракат қилади, бунга улгуради, демак, оёғи оғримайди.
«Келишилган ўйинлар? Унга бундай "совға"лар керак эмас»
– Энг муҳим, ўғлимда характер бор. У 23 ёшдаёқ Олий лига ўйинларида бош ҳакам сифатида ишлай бошлаган. Шунга қарамай, унинг шиори: "Камтарга камол". Равшан ҳеч қачон ҳамма нарсани биламан дея гапирмайди. Агар инсон ўзига ўзи ишониб қолса, у ўсишдан тўхтайди.
– Ҳакамлик осон касб эмас. Фарзандингизни келишилган ўйинлар ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан қандай қилиб асрагансиз?
— Биринчидан, Равшаннинг иккинчи маълумоти бор. У иқтисодчи. Шу боис у ҳакам бўлмаганида ҳам қийналиб қолмасди. Иккинчидан, унинг ўз бизнеси бор. Фарзандим ҳар томонлама ўзига тўқ ва бошқаларга қарам эмас. Унга ҳеч қандай совға-повғалар керак эмас.
— Демак, пул эвазига пенальти таклиф қилишмаган?
— Унга бу нарса мутлақо керак эмас. Унга ўзининг шаъни муҳимроқ. Йиллаб орттирилган обрўни бир пасда йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун бу бизга тўғри келмайди.
– Равшан Жаҳон чемпионатида 9та ўйинни бошқариб, рекордчига айланди. Уни қай тариқа табрикладингиз ва рекорддан кейин унинг ўзи нима деди?
– Бу билан тўхтаб қолиш керакмаслигини таъкидладим. Тўққизта ўйинни бошқарган ҳакам ўнинчисини ҳам бошқаради. Кейин Россия, ундан кейин эса Қатарда ЖЧ ўтказилади. Насиб қилса, у мазкур 2та ЖЧда ҳам ишлайди ва яна кўп ўйинларни бошқаради.
– Назаримда, Равшан миллий қаҳрамон бўлса керак. Машҳурлик унга халал бермайдими?
– Албатта, уни ҳамма жойда танишади. Лекин унинг бўш вақти кўп эмас. Доимий машғулотлар ва уй ишлари. Равшаннинг ўзи эса кеккайган эмас. Барча билан тил топишишга, барчага ёрдам беришга уринади.
– Равшан бўш вақтида футбол мактабида инструктор бўлиб ишлайди. Унинг вазифасига нималар киради?
– Ҳакамлар мактабида ишлайди. 30-35 нафар ёш ҳакамларни йиғамиз ва у ўз тажрибаси билан ўртоқлашади, амалий ва назарий машғулотларни ўтказади. Ҳа, Равшан бизга аҳамият бермасдан ўз фаолиятини давом эттириши мумкин. Аммо бизнинг мактаб талаби шундай.
– Нима учун собиқ иттифоқ ҳудудидан кучли ҳакамлар чиқмай қўйди? Бунинг сабаби нимада?
– Иқтидорлар барча жойда топилади. Фақат уларга тўғри ёндашиш ва тўғри тарбиялаш лозим. Бизда иқтидорлилар ошиб-тошиб ётгани йўқ, барча нарса муносабатга боғлиқ.
– Равшан қайтиб келганида, уни қандай кутиб оласиз? Финал олдидан унга қандай тилак билдирасиз?
– Унга омад, яхши ҳакамлик қилишини тилайман ва тезроқ Ватанига қайтишини сўрайман. Бир ярим ойдан бери кўришмаганмиз, уни биз ҳам, фарзандлари ҳам соғинганмиз. Агар унга финал баҳсини беришса, юқори савияда ишлашига тилакдошман. Қайтганида эса уни илиқ кутиб оламиз. Уйда катта қозонда ош дамлаб, яқинлани йиғиб, биргаликда байрам қиламиз.
МАЪЛУМОТ
Равшан ЭРМАТОВ
1977 йил 9 август куни Тошкентда туғилган.
Касби: ҳакам (Олий лига ўйинларида 2000 йилдан бери ишлайди), футбол инструктори.
Тоифа: ФИФА рефериси.
Футболчилик фаолияти: «Ғазалкент» (1996).
Унвонлари: ЖЧ-2010дан кейин «Ўзбекистон ифтихори» унвони берилган, Осиёнинг 4 карра (2008, 2009, 2010, 2011) энг яхши ҳаками.