Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миржалол Қосимов: «20 йил аввалги ғалабани мураббий сифатида такрорламоқчиман»

Баҳо:
+ | -

1994 йили Хиросима яшил майдонларида ўтган 12-Осиё ўйинларида тарихий ғалабани қўлга киритганимизга ҳам бир зумда 20 йил бўлибди. Айнан ўша ғалаба футболимиз учун миллий жамоалар доирасида ягоналигича қоляпти. Айниқса, терма жамоамизнинг Осиё ўйинлари ярим финалида Жанубий Кореяга қарши кечган учрашуви футболимиз тарихида ўзгача аҳамиятга эга. Корейсларнинг ҳужумлари остида ўтган ўйинда омад футболчиларимизга кулиб боққанди. Азамат Абдураимовнинг суперзарбаси ёдингиздами...?

Аслида ўша пайт, яъни Осиё ўйинлари олдидан терма жамоамизга турнир фаворити сифатида қарашмаган. Рақиблар ҳам беписандроқ муносабатда бўлишган. Бу жамоамиз фойдасига ишлаб, кетма-кет қўлга киритилган ғалабаларга замин яратган. Биз Хиросимадаги ғалабани ёдга олиш мақсадида 12-Осиё ўйинлари ғолиби Миржалол Қосимовдан алоҳида интервью олдик.

- Осиё ўйинларида эришилган ютуқнинг салмоғи, унинг моҳияти қанчалик юқори эканлигини энди тушуниб етяпмиз, - дея сўз бошлади Миржалол Қосимов. - Ҳозир ўша онларни ёдга олиш жуда ёқимли. Бир зумда 20 йил ўтибдию, лекин назаримда ҳаммаси худди кеча бўлгандек. Бу мустақиллик йиллари эришилган дастлабки катта ютуқдир. Ҳақиқатан ҳам, таркибимиз жуда кучли, шу билан бирга аҳил эди. Ғалабанинг калити ҳам шу бўлса керак. Аҳилликда гап кўп, ягона мақсад сари биргаликда ҳаракат қилинса, албатта, кўзланган маррага чиқилади. Қолаверса, стадиондаги мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшган. Айниқса, ярим финалда Ж.Кореяни мағлубиятга учратганимиздан сўнг маҳаллий ишқибозлар ҳам бизга мухлислик қилишган. Финалда Хитой билан ўйнаганмиз ва ҳал қилувчи ўйинда ҳам бизга мухлислик қилувчилар сони кўпроқ бўлган.

- Ўша пайт терма жамоа футболчилари турли клублардан келишганди. Масалан, сиз терма жамоа сафига Владикавказнинг «Спартак-Алания»сидан келиб қўшилгансиз. Сўрамоқчи бўлганимиз, ўзаро тушуниб ҳаракат қилишда муаммо юзага келмаганми?

- Йўқ, албатта. Масалан, ўша пайт Исроил чемпионатида ўйновчи Игорь Шквирин ҳам мен каби легионер мақомида эди. Лекин аввалроқ бирга ўйнаганимиз боис, уни сўзсиз тушунардим. Энг муҳими, ҳар бир чизиқ вакиллари ўз вазифаларини бекаму кўст адо этишган. Айтайлик, дарвозамизни Шейкин ажойиб тарзда қўриқлаган. Айниқса, Корея билан ўйинда унинг маҳорати ва жасорати жамоамизни финалга олиб чиққан. Бу нарсани ҳеч иккиланишсиз айта оламан. Ўрта чизиқда Сергей Лебедев, Илҳом Шарипов каби тажрибали ярим ҳимоячилар ўйнашган. Ҳимояда - Фарҳод Магометов, Андрей Фёдоров, Февзи Давлетов, Улуғбек Рўзимов... Ҳужумда эса Игорь Шквирин, Шуҳрат Мақсудов, орқароқда Азамат Абдураимов... Хуллас, таркиб сезиларли даражада кучли эди.

- Терма жамоамиз муваффақиятида мураббийлар штабининг ҳиссаси қай даражада бўлганди?

- Бизга Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов биргаликда устозлик қилишган. Ҳар бир рақиб жиддий тарзда ўрганилган. Назарий машғулотларда бизга рақиб ҳақида маълумотлар, тегишли кўрсатмаларни бериб боришган. Ўйлайманки, тарихий ғалабанинг қўлга киритилишида бу икки забардаст мураббийимизнинг ҳам ҳиссалари катта.

- Миржалол ака, ярим финал алоҳида мавзу. Корейсларга қарши кечган ўйинни ўша пайт финалга қиёслашган экан. Нима деб ўйлайсиз, финал остонасидаги ўйинда омад туфайлигина зафар қучганмизми ёки...?

- Энди омад ҳам кучлиларга кулиб боқади... Аммо ҳақиқатан ҳам, ўша учрашувда кореялик футболчилар жуда кучли ўйин намойиш этишганди. Дарвозамиз олдидан тинимсиз хавфли вазиятларни юзага келтиришган, Шейкин жамоамизни бир неча бор муқаррар голлардан қутқариб қолганди. Биз асосан қарши ҳужум тактикасида ҳаракат қилгандик. Чунки очиқ футбол намойиш этолмасдик. Кейин сиз айтгандек, омад ҳам бизга кулиб боққанди.

- Азамат Абдураимовнинг суперголи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Азамат ҳақиқий ҳужумчиларга хос тарзда ҳаракат қилганди. Деярли майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйиб, бир неча футболчиларни алдаб, узоқдан айланма зарба билан дарвозани ишғол қилган. Кечагидек ёдимда, тўп дарвозабон учун ноқулай йўналиш олиб, тўрга бориб тушганди. Ўша пайт бу гол ҳақида маҳаллий матбуотда жуда кўп ёзилган, гапирилган, телевидение орқали қайта-қайта намойиш этилган.

- 1994 йилнинг 16 октябрь куни Хиросимадаги «Биг Арч» стадионида Осиё ўйинлари ғолибини аниқлаб берган ўйинда жамоамиз Хитойга қарши майдонга тушган. Япониялик рефери Масаёши Окада бош-қарган учрашувда Игорь Шквирин, Сергей Лебедев, Азамат Абдураимов ва Шуҳрат Мақсудов томонидан урилган голлар жамоамизнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаганди...

- Осиё ўйинларининг энг сўнгги мусобақаси - бу футболнинг финал учрашуви бўлганди. Унгача бошқа спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланганди. Барча спортчилар олимпия шаҳарчасида истиқомат қилишгани учун биз бўш вақтда юртдошларимиз иштирокларини кузатардик ва уларни қўллаб-қувватлардик. Финал куни ўз ўрнида улар ҳам стадионга келиб, футболчиларга руҳий далда бериб туришган. Қолаверса, япониялик ишқибозлар ҳам бизга мухлислик қилишган.

- Бир қарашда, финалда ғалаба осонгина қўлга киритилгандек. Лекин унинг қай даражада кечганини майдонда 90 дақиқа давомида ҳаракатланганлар билишади. Шундай эмасми?

- Енгил ғалабанинг ўзи бўлмайди. Гарчи ишончли ҳисоб қайд этилган бўлсада, финалда етарлича тер тўкканмиз. Фақат кетма-кет 2та тўп киритганимиз фойдамизга хизмат қилганди.

- Орадан 20 йил ўтиб, энди бош мураббий сифатида терма жамоани Осиё ўйинларига бошлаб борасиз. Билишимизча, жамоамиз олдига улкан вазифалар қўйиляпти. Мусобақага эса оз фурсат қолди. Якуний тайёргарлик режаси ишлаб чиқилдими?

- Ҳақиқатан ҳам, жуда қизиқ ҳолат. Менда ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида Осиё ўйинлари ғолиби бўлиш имконияти мавжуд. Тайёргарлик 20 июлдан бошланади. Тошкентда ўтказиладиган бир ҳафталик ўқув-машғулотлар йиғинига 1991-1993 йилларда туғилган футболчиларни таклиф этамиз. Шунингдек, яна 3 нафар ёши катта футболчини таркибга киритишим мумкин. Йиғин доирасида маҳаллий клубларимиз билан назорат учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Албатта, терма жамоанинг ҳар бир аъзосининг олий мақсади - Осиё ўйинларида зафар қучиш. Федерациямиз раҳбарияти ҳам терма жамоа олдига чемпион бўлиш вазифасини қўйди. Ўйлайманки, буни бажариш қўлимиздан келади.

- Сентябрь ойида ўтказиладиган 17-Осиё ўйинлари ФИФА тақвимидан жой олмаган. Бу эса футболчиларни терма жамоага узоқ муддатга таклиф қилишингизда муаммоларни юзага келтириши мумкин. Ушбу масалани қандай ҳал этмоқчисиз?

- Тўғри таъкидладингиз, ҳамиша ФИФА тақвими бўйича муаммоларга дуч келганмиз. Бўлажак Осиё ўйинлари ҳам бундан мустасно эмас. Шуни тўғри англаган ҳолда, асосий урғуни олий лигамизда ўйнаётган ўйинчиларга қаратамиз. Зеро, Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов, Одил Аҳмедов каби легионер футболчиларимизни узоқ муддатга қўйиб юбормасликлари та-йин. Шундай бўлсада, аввало, футболчининг ўзи, кейин эса клуби раҳбарлари билан гаплашиб кўрамиз.

- Таркибга жалб қилиниши мумкин бўлган ёши катта 3 нафар футболчи масаласида бир тўхтамга келдингизми?

- Миллий чемпионатимизнинг биринчи давраси якунланди. Номзод футболчиларни кузатиб бордим. 20-28 июль кунларига белгиланган йиғинимизни якунлаб олайлик, кейин кўрамиз. Номзодлар етарли. Хуллас, 3 нафар ёши катта футболчини август ойида ўтказадиган йиғинимиз чоғи аниқлаб оламиз.

- Миржалол ака, параллел равишда миллий жамоада ҳам фаолият юритасиз. Табиийки, айрим йиғинлар деярли бир вақтга тўғри келиб қолиши мумкин...

- Ҳа, миллий жамоани ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Ҳар ойда йиғин ташкил этиш тасдиқланган. Август, сентябрь ва октябрь ойларига ўртоқлик учрашувлари белгиланган. Осиё ўйинларида қатнашадиган футболчилар миллий жамоада ҳам ўйнашади. Ўйлашимча, бу борада муаммо туғилмайди. Осиё ўйинлари ҳам муҳим. 1994 йилги муваффақиятни такрорлаш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Бугунга келиб шаклланган жамоа бу вазифани уддалашга қодир. Хуллас, Инчхонда ўтказиладиган 17-Осиё ўйинларида чемпионликдан ўзга натижа бизни қониқтирмайди.     

- Бир ой давомида футбол жамоатчилигининг диққат-эътибори Бразилия яшил майдонларига қаратилди. Сиздан кутилмаган натижалар эмас, аксинча, келаси йилнинг январь ойида Австралияда ўтказиладиган Осиё кубогида терма жамоамизга бош оғриғи бўлиши кутилаётган ОФК жамоалари ҳақида сўрамоқчимиз. Осиё жамоаларининг ЖЧ-2014даги умумий иштирокига қандай баҳо берасиз?

- 4 йил аввал ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати билан Бразилиядаги мундиални таққосласак, жуда катта фарқ кўзга ташланади. Испания, Италия, Англия, Португалия, Россия терма жамоаларининг гуруҳдан чиқолмасликларини ҳеч ким кутмаганди. Башоратлар ўзини умуман оқламади. Коста-Рика шов-шув кўтарди. Жамоаларнинг тактикаларида ҳам ўзгаришлар катта. Энди жаҳон чемпионати - бу бозор. Футболчилар ўзларини кўрсатиб, манфаатли шартномалар имзолашга ҳаракат қилишади. Масалан, Колумбия терма жамоаси ярим ҳимоячиси, ЖЧда 6та гол урган Хамес Родригесни вақтида 5 миллион долларга сотиб олишмаган экан. ЖЧ-2014даги ёр-қин ўйинларидан сўнг Родригеснинг баҳоси 45 миллионга кўтарилди.

Осиё жамоаларининг иштирокига келсак, Эрон кучли гуруҳга тушган ва «плей-офф»га чиқиш имконияти деярли нолга тенг эди. Шундай бўлсада, форслар Нигерия билан дуранг ўйнашга муваффақ бўлишди. Аргентинага қарши учрашувда ҳам шов-шув кўтаришларига бир баҳя қолди. Австралия ҳам имконияти даражасида ўйнади. Менга унинг Голландия билан ўйини жуда ёқди. Очиқ футбол кўрдик. Австралия термаси бу ўйини билан ўзи мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида фаворитлик қилиши аниқ. Лекин бир нарсани унутмаслик керак, январь ойида футболчиларнинг қандай спорт формасида бўлишлари ҳам кўп нарсани ҳал қилади. Япониядан кучлироқ ўйин кутгандим. Аммо Осиё чемпионлари ўз имкониятларидан пастроқ ўйин кўрсатишди. Корея жамоаси ҳақида ҳам шундай фикрдаман.

-  «Бунёдкор»ни тарк этганингиздан сўнг миллий чемпионат ўйинларини бевосита стадионда кузатиш имкониятингиз ошди. Шу маънода айтсак, олий лига ўйинларини кузата туриб, ўзингиз учун янги номларни кашф этдингизми? Умуман, биринчи давра баҳслари сизда қандай таассурот қолдирди?

- Чемпионатимизнинг биринчи даврасида кутилмаган натижалар ҳам етарлича кузатилди. Ҳозир «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоалари турнир жадвалида қўшҳокимлик қилишмоқда. «Насаф» ҳамда «Бунёдкор» клублари карвонбошиларни таъқиб қилишда давом этишяпти. Биринчи давранинг 5 июль куни бўлиб ўтган сўнгги учрашувида «Пахтакор» ўз майдонида «Бунёдкор»га қарши тўп сурди. Ундан аввал Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасидаги «Пахтакор» - «Локомотив» ўйинини кўрдим. Айнан шундай қарама-қаршиликлар қанчалик кўпайса, футболимиз шунчалик ўсади. Бундан биринчи галда миллий жамоа ютади. Мураббий номзодларнинг кўплигидан танлов масаласида қийналиб қолиши керак. Афсуски, ҳозирча бундай ўйинлар сони кўп эмас. Номзодлар борасида ҳам қийинчиликка дуч келмайсиз. Яна ўша 4та жамоа - «Локомотив», «Пахтакор», «Насаф» ва «Бунёдкор» чемпионлик учун кураш олиб боришяпти. Улар қаторига «Олмалиқ», «Нефтчи», «Навбаҳор» жамоалари ҳам қўшилишларини истардим. Кескин қарама-қаршиликлар натижасида истеъдодли ёшлар етишиб чиқишади. Бир маромда кечадиган учрашувларда истеъдодларни аниқлолмайсиз. Кейин ёш футболчиларга ҳам мурожаатим бор. Фахрийларимиздан бир гапни кўп эшитамиз: «Бизнинг давримизда футболчилар Ватан, мухлислар ҳаққи-ҳурмати учун ўйнашарди. Пул муҳим ва бирламчи нарса эмасди. Ҳозирги футболчилар айнан моддий масалани биринчи ўринга қўйишяпти. Яхши футбол намойиш этилса, пулнинг ўзи келаверади». Ҳа, фахрийларимизнинг гапларида жон бор. Ёш футболчилар маълум бир муваффақиятга эришганларидан сўнг ўз устиларида ишламай қўйишяпти. Қайсидир жойларда мураббийлар натижани ўйлаб, ёшларга етарлича эътибор қаратишмаяпти. Мен ёшларга Одил Аҳмедовни кўп бор мисол тариқасида келтираман. Пулнинг кетидан чопмади. Тинмай ишлади, мана ҳозир пул унинг кетидан қувиб юрибди. Ёшларимизга айнан Одилнинг йўлини берсин...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 20:36, 18.07.2014.
Ўқилди: 7985 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.