Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Равшан Ҳайдаров: «Тошкент ва Венгрияда ўтказган йиғинлардан кўнглим тўлди»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19) Венгрияда йиғин ўтказиб қайтгач, биз терма жамоамиз ва клубимиз тайёргарлик ишлари ҳақида Равшан Ҳайдаровнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Равшан Акмалович, авваламбор Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Венгрияда ўтказган йиғини якуни ҳақида сўзласангиз. Йиғиндан кўнглингиз тўлдими?

- Ёшлар терма жамоаси билан Венгрияда жуда фойдали бўлган йиғинни ўтказиб қайтдик. Авваламбор, мана шундай йиғинни юқори савияда ташкил этиб берган раҳбариятимизга миннатдорчилик билдираман. Биз 2 июль куни 19 ёшли терма жамоанинг кенгайтирилган таркибини йиғдик. Тўрт кун мобайнида футболчиларни синовдан ўтказиб, 18 талик рўйхатимизга тушган футболчиларни Венгрияга олиб бордик. Ушбу мамлакатда йиғин доирасида мезбонларга қарши иккита назорат учрашуви ўтказдик ва дастлабки баҳсда венгриялик тенгқурларимизни мағлуб этган бўлсак, иккинчи баҳсда дуранг натижа қайд этилди. Ушбу иккита ўйинда икки хил тактика билан тўп суриб, ўзимга керакли бўлган хулосаларимни олдим. Умуман олганда, Тошкент ва Венгрияда ўтказган йиғинлардан кўнглим тўлди. Энди навбатдаги йиғинимизни 10 август куни ҳам пойтахтимизда ўтказамиз ва унда ҳам чемпионатимизнинг икки тури давомида ўзини кўрсатган ёшларни таклиф қилишни режалаштириб турибман.

- Венгрияга йўл оладиган рўйхатда «динамочи» Фирдавс Абдусалимов ҳам бор эди. Бироқ ёш футболчимиз сўнгги паллада йиғинга бормади. Бу нима билан боғлиқ эди?

- Фирдавс Абдусалимовнинг имкониятларини жуда яхши биламан. У Тошкентдаги йиғинимизда ҳам ўзини аъло даражада кўрсатди. Афсуски, сўнгги паллада унинг Венгрияга йўл олиши учун виза масаласи ҳал бўлмади. Шу боис у биз билан сафарга боролмади. Ундан ташқари, яна бир қатор иқтидорли йигитларимизни олиб боролмаган бўлсакда, улар кейинги йиғинда ҳам биз билан бўлиб, назоратимиз остида бўлишади.

- «Динамо»нинг олиб бораётган тайёргарлиги ҳақида фикрингиз?

- Тошкентда ўтаётган йиғин «Динамо»нинг иккинчи даврага тайёргарлик кўриш режаси доирасидаги иккинчи йиғинидир. Олдинроқ белгиланган режамиз асосида мураббийлар штаби тоғли ҳудудда дастлабки йиғинни муваффақиятли ўтказишди. Жамоа 19 июлдан пойтахтда йиғилди ва сешанба куни режадаги дастлабки йиғинни «Машъал» жамоасига қарши ўтказди. Ушбу ўйинда жамоанинг биринчи бўлимда кўрсатган ўйинидан кўнглим тўлди. Натижа ҳам шунга яраша эди. Бироқ назорат учрашувида асосий эътибор барча футболчиларни синовдан ўтказиб, шакллантириш ҳисобланади. Шу боис иккинчи бўлимда асосан ёш футболчиларни майдонга туширилиши ғалабани қўлдан чиқарилишига сабаб бўлди. Бундай ўйинда асосийси натижа эмас, тайёргарлик ҳисобланади. Бу томондан эса футболчилар менда яхши таассурот қолдиришди.

- Жамоанинг машғулотларини, ўйинини кузатдингиз. Жамоа таркибида ўзгариш қилиш керак деб ўйлайсизми?

- Олдинда яна иккита назорат учрашуви бор. «Пахтакор» ва «Навбаҳор»га қарши ўйинларда таркиб янада шакллантирилиши мумкин. Ёшлар сафидан ҳам асосий таркибга қўшилаётган маҳаллий иқтидорли футболчилар талайгина. Умуман олганда эса, ҳозирда ҳам жамоа таркиби анча шаклланган, дея оламан.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 15:34, 25.07.2014.
Ўқилди: 4080 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.