Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг улкан орзуларидан бири ҳисобланади. Мана шундай йирик спорт байрамининг очилиш тантаналарида туғилиб ўсган Ватани байроғини делегациянинг олдинги сафида кўтариб ўтиш икки ҳисса шарафдир.
Бокс бўйича ўсмир-ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби Бектемир Мелиқўзиев жорий йилнинг 16-28 август куни Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган II ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларининг очилиш тантаналарида Ўзбекистон байроғини кўтариб ўтиш бахтига муяссар бўлди.
Бектемир Мелиқўзиев – 1996 йил 8 апрель куни Фарғона вилоятининг Фурқат туманида таваллуд топган. Халқаро майдондаги илк муваффақиятини 2012 йил Боку шаҳрида (Озарбойжон)да Гейдар Алиев кубоги учун ўтказилган анъанавий мусобақада қўлга киритган. Мазкур мусобақада финалга қадар кечган жангларни ғалаба билан якунлаган Бектемир якунда кумуш медал совриндори бўлган. Шундан сўнг, иқтидорли боксчимиз Россия, Таиланд, Сербия, Озарбойжон каби қатор давлатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган.
Йилдан-йилга тажриба ва маҳоратини тоблаб бораётган Бектемир Мелиқўзиев учун 2014 йилги спорт мавсуми янада муваффақиятларга бой бўлмоқда. Дастлаб Бангкок шаҳри (Таиланд)да ўтказилган Осиё чемпионатида шохсупанинг энг юқори поғонаси кўтарилган Бектемир, апрель ойида София шаҳри (Болгария)да бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Иқтидорли спортчимиз Наманган шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод-2014” спорт ўйинларида ҳам ўз вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Сингапурда бўлиб ўтган биринчи ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини стадион узра олиб ўтиш бахтига чарм қўлқоп устаси Сардорбек Бегалиев (Тошкент вилояти) сазовор бўлган эди.