Норвегиянинг Тромсе шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида бугун олтинчи тур ўйинлари ўтказилади.
Эркаклар ўртасида ўтказилаётган мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари бугун россиялик интелектуалларга қарши дона сурадилар. Ўзбекистон терма жамоаси беш тур ўйинларининг якунларига кўра 4 ғалаба ва бир дуранг билан турнир жадвалида 177 давлат орасида 6-ўринни эгаллаб туришган бўлса, Россия терма жамоаси уч учрашувда ғалаба қозониб, икки турда дуранг натижани қайд этишган.
Қуйида, эркаклар терма жамоамизнинг шу кунга қадар ўтказилган беш тур баҳсларида қайд этган натижалари берилган:
1-тур. Ўзбекистон – Кипр 3,5:0,5
2-тур. Ўзбекистон – Дания 2,5:1,5
3-тур. Ўзбекистон – Бразилия 3,5:0,5
4-тур. Ўзбекистон – Германия 2:2
5-тур. Ўзбекистон – Украина 2,5:1,5
Терма жамоамиз сардори, 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов биринчи тахтада баҳс юритаётган бўлиб, ўтказилган беш турнинг тўрттасида иштирок этди ва икки партияни ўз фойдасига ҳал қилиб, яна икки учрашувда дурангга имзо чекди. Халқаро гроссмейстер Антон Филиппов эса 5 турнинг барчасида иштирок этиб, 2 тадан ғалаба ва дуранг ўйнади ва бир учршувда имкониятни бой берди. Энг кўп ғалабага яна бир халқаро гроссмейстеримиз Марат Жумаев эришди. Тажрибали шахматчимиз 4 партияда ғалаба қозониб, бир ўйинда мағлуб бўлди. Халқаро мастер Жаҳонгир Воҳидов 4 турда иштирок этиб, уч партияда муваффақият қозониб, бир ўйинда ютқазди. ФИДЕ устаси Улуғбек Тиллаев ўтказилган 5 турнинг иккитасида баҳс юритиб, бир ўйинда ғалаба қозонди ва бир ўйинни бой берди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бугун уэльслик интелектуалларга қарши баҳс юритадилар. Бугунги кунга қадар ўтказилган беш тур ўйинларининг якунларига кўра ҳамюртларимиз иккитадан ғалаба ва дуранг ўйнаб, бир учрашувда имкониятни бой бердилар ва 136 жамоа орасида 41 поғонани банд этишмоқда. Сўнгги турда Доминикан Республикаси терма жамоаси устидан 3,5:0,5 ҳисобида ғалабага эришган уэльслик интелектуаллар жадвалда 57-ўринда боришяпти.
Қуйида, аёллар терма жамоамизнинг шу кунга қадар ўтказилган беш тур баҳсларида қайд этган натижалари берилган:
1-тур. Ўзбекистон – Гондурас 4:0
2-тур. Ўзбекистон – Латвия 2:2
3-тур. Ўзбекистон – Сербия 1:3
4-тур. Ўзбекистон – Шотландия 2:2
5-тур. Ўзбекистон – Бразилия 3,5:0,5
Аёллар терма жамоамиз аъзоларининг барчаси тўрттадан учрашув ўтказдилар. Энг кўп учтадан ғалабага Севара Боймуродова ва Ольга Собировалар эришдилар. Ҳар икки спортчимиз, шунингдек, биттадан ўйинда имкониятни бой беришди. Сарвиноз Қурбонбоева 1 учрашувда ғалаба қозониб, икки партияда дурангга имзо чеккан ва бир ўйинда мағлуб бўлган бўлса, Ирина Геворгян иккитадан ўйинда ғалаба қозониб яна икки учрашувда имкониятни бой берган. Яна бир спортчимиз Моҳинур Қахрамонова икки учрашувда зафар қучиб, бир учрашувда дуранг натижани қайд этган ва бир ўйинда мағлуб бўлган.
Яна бир маълумот. 7 август куни Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида дам олиш куни бўлганлиги боис, ҳаваскорлар ва профессионаллар ўртасида блиц-турнир ўтказилди. Эътиборлиси, мазкур блиц-турнирда ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов ғолибликка эришди.