Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 2-0 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 2-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Мухтор Қурбонов: «Олий лига «Шўртан» учун бегона эмас»

Баҳо:
+ | -

16 август куни футбол бўйича 2014 йилги Ўзбекистон биринчилиги баҳсларининг иккинчи босқич ўйинларига старт берилди. Олий лигага чиқиш учун жиддий кураш олиб бораётган ва бу ҳаракатларини амалда исботлаб, ҳозирча лигада яққол пешқадамлик қилаётган ғузорликлар жамоаси ҳал қилувчи босқичнинг илк учрашувини сафарда бошлади. “Истиқлол”га қарши кечган дастлабки турда Мухтор Қурбонов шогирдлари бутун ўйин давомида катта ташаббусга эга бўлишди ва рақиб дарвозасини уч бор ишғол қилишди. “Оқ бўрилар” жамоаси жамғармасига яна қимматли уч очко келиб тушди. Демак, Олий лига сари яна бир дадил қадам ташланди. Аммо ёш «пахтакор»чилар билан кечган учрашувда 1:2 ҳисобида имконият бой берилди...

Яқинда мухбиримиз “Шўртан” жамоаси бош мураббийи билан мухтасар суҳбат уюштиришди:

— Иккинчи босқичнинг дастлабки учрашуви тўғрисида фикрларингизни билдирсангиз?
— Биринчи лига иштирокчилари учун ҳал қилувчи палла бошланди. Табийики, бу босқичда кучсиз жамоалар деярли йўқ. Ҳаммаси сараланиб бўлинган. Демоқчиманки, эндиги ҳар бир ўйин янада мукаммаллашиб бораверади. Айниқса, бу босқичдаги ҳар қандай рақиб бизга – пешқадам “Шўртан”га қарши жон-жаҳди билан ўйин кўрсатиш учун майдонда астойдил ҳаракат қилади. Бугунги учрашув ҳам бундан мустасно бўлмади. Қолаверса, “Истиқлол” ўз майдонида тўп сурди ва албатта, мезбонлар ҳам иккинчи даврани яхши натижа билан бошлашни мақсад қилганликлари кўриниб турди.

— Шундай бўлса-да, худдики, биринчи даврада бўлгани каби бугун ҳам шогирдларингиз навбатдаги рақибига ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Бу муваффақиятни қандай изоҳлайсиз?
— Рақиб жамоани камситмаган ҳолда шуни айтишим керакки, “Истиқлол” ва “Шўртан”нинг олдига қўйилган вазифалари турлича. Олий лигага интилаётган жамоамизнинг тайёргарлиги бошқаларга қараганда, анча юқори даражада. Таркиб борасида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Якунда эса тажриба ўз сўзини айтди.

— “Пахтакор-2”дан олинган мағлубият сабабларини қандай изоҳлайсиз?
— Гувоҳи бўлганингиздек, ёш “пахтакорчилар”да ғалабага бўлган иштиёқ кучлилик қилди.  Натижада, мезбонлар – Дилшод Нуралиев шогирдлари ғалаба нашидасини суришди. Мазкур баҳсда шогирдларимдан омад юз ўгирди, қолаверса “Пахтакор-2” жамоаси кучини тўғри баҳоламаганликлари ҳам йигитларга панд берди.    

— Кўп ҳолларда биринчи лигадан юқорига кўтарилган жамоа учун элитада ўз ўрнини сақлаб қолиши қийин кечади. Бундай жамоаларни одатда “бир йиллик”, деб ҳам айтишади. Нима деб ўйлайсиз, “Шўртан” билан бундай ҳолатлар кузатилмайдими?
— Назаримда йўқ. Негаки, олий лига “Шўртан” учун бегона эмас. Ғузорда катта футбол, жумладан олий лига баҳслари анча йиллардан буён ўтказиб келинади. Масаланинг энг муҳим ва диққатга молик жиҳати шундаки, Ғузорда футбол инфратузилмаси шаклланган ва амалда мустаҳкам дастур асосида иш олиб борилмоқда. Марказий стадион ва бир нечта стадионлардан иборат бўлган спорт мажмуаси, футбол мактаби, қароргоҳ, автобус ва ҳоказо масалаларда деярли муаммолар кузатилмайди. Ҳаммаси футбол ва унинг ривожи учун муҳайё этилган. Бу эса “Шўртан” олий лигада барқарор жамоа сифатида фаолият кўрсатишига асос бўла олади.

— Айтингчи, жамоа олий лигага чиқиш вазифасини уддалагач, клуб раҳбарияти Сизни бош мураббий сифатида ўз ишингизда қолдирадими. Олий лигада ҳам “Шўртан” билан ишингизни давом эттирасизми, шартномангиз қанча муддатга тузилган?
— Энг аввало, ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалашимиз керак. Кейинги мавсумда жамоа билан ишимни давом эттиришим клуб раҳбариятига боғлиқ. Шартномам эса бир йилга тузилган.

— Ўзингизчи, янги мавсумда ҳам “Шўртан”да ишингизни давом эттириш таклифи тушса, қабул қиласизми?
— Агарда раҳбарият ва мухлислар ишончини оқласак ва улар томонидан таклиф тушса, Ғузорда бажонудил ўз фаолиятимни давом эттираман.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:53, 24.08.2014.
Ўқилди: 3932 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.