Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Рауф Инилеев: «Биз барибир тўғри йўлдан кетмоқдамиз»

Баҳо:
+ | -

Рауф Инилеев мавсум бошида Қозоғистоннинг «Мақтаарал» клубида иш бошлаган эди. Аммо маълум муддат ўтгач, тажрибали мураббий юртимизга қайтишни маъқул кўрди. Рауф Талгатович анча-мунча шароитда ҳам фаолият юритадиган, қийинчиликлардан чўчимайдиган мутахассис бўлгани боис, бу ҳолат бизни ҳайрон қолдирди. Хўш, ҳамюртимизнинг қозоқ диёрида кўнгилдагидек ишлашига нима тўсқинлик қилди?

ИСТЕЪФО САБАБИ

- Рауф Талгатович, «Мақтаарал»­дан вақтли қайтишингиз нима билан боғлиқ? Бунга молиявий ҳолат сабабми?

- Йўқ. Истеъфога чиқишимда молиявий масаланинг дахли йўқ. Мен бошқа муаммолар туфайли жамоадан кетишга қарор қилдим.

- Айнан қандай масала эканлигини ойдинлаштира оласизми?

- Ҳа, албатта. Ҳар қандай мураббий ўзи бошқарадиган жамоада етарлича ваколатга эга бўлишни, қарор қабул қилишда эркинликни истайди. «Мақтаарал» билан битим имзолаганимда, буни алоҳида таъкидлаганман ва клуб шартларимни қабул қилганди. Аввалига ҳаммаси олдиндан кўзланганидек кечди, ишимга ҳеч ким аралашмади. Аммо вақт ўтгани сари бу ҳолат ўзгара бошлади. Бора-бора вазият тобора оғирлашди ва ишимга бевосита аралашадиган одамлар пайдо бўлишди. Мен эса бундай шароитда ишлолмайман. Шу сабабли кетиш ҳақида ариза ёздим.

- Демак, молиявий томондан ҳеч қандай муаммо сезилмаган...

- Бундай муаммо қаерда йўқ? Футболда маошнинг кечикиши, қанчадир миқдорда кам берилиши одатий ҳолат. Камдан-кам клуб бундай қилмайди. Аммо бу кетишим учун асосий сабаб эмас. Зеро, ҳеч қачон қи­йинчиликларга катта эътибор қаратиб, фақат улар атрофида ўралашиб қолмаганман. Бироқ эркинлик чегараланса, ишлашдан маъно йўқ.

 

КИМ ОЛДИНДА?

- Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қўшни, шу сабабли, футбол борасида яхшигина рақобат мавжуд. Ҳар икки мамлакатда ишлаган мутахассис сифатида айтингчи, қайси давлат футболи олдинда?

- (Кулиб) Биласизми, бу саволни менга жуда кўп беришган ва энг қизиғи, миямда ҳам шу масала ўз-ўзидан чарх уради, бироқ жавоб топишда баъзан қийналаман. Келинг, авваламбор, ҳар икки мамлакатнинг футбол ривожи борасида танлаган услубига тўхталайлик.

Бизда, Ўзбекистонда биринчи нав­батда, болалар футболига эътибор ошмоқда. Янги мактаблар, академиялар, майдонлар қуриляпти, федерация раҳбарияти болалар билан ишлаш тизимини кучайтириш замирида футболимиз ривожини кўрмоқда. Табиийки, шунга яраша натижалар ҳам куттириб қўймаяпти - ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари ютуқлари бунга яққол мисол.

Қозоғистонда эса асосий эътибор клубларга қаратилган. Улар катта бюджетга эгалар, молиявий имкониятлари хориждан кучли футболчиларни чақириш учун етади. Шу сабабли, Қозоғис­тон чемпионатида Бразилия, Аргентина, Африка ва Болқон давлатларидан келган кўплаб легионерларни кўриш мумкин. Россия ва украиналик футболчилар ҳам савия бобида чакки эмаслар. Аммо бу ҳолат қозоқ футболи ривожига яхши таъсир кўрсатмоқда, деб айтмаган бўлардим. Масалан, Қозоғистон чемпионатида клублар 7 нафар легионерни майдонга туширишлари мумкин ва деярли барча бу лимитдан тўлиқ фойдаланади. Оқибатда маҳаллий футболчилар етарли ўйин амалиётисиз қолиб кетмоқдалар. Ўзи юқори лигада 12та клуб бор, ҳар бир жамоада 4 нафардан қозоғистонлик асосий таркибда ўйнаганида ҳам, Қозоғистон терма жамоасига номзодлар сони қай даражада чекланганини ўзингиз тушуниб олишингиз мумкин. Муаммони қозоғистонлик мутахассислар ҳам яхши биладилар. Шу сабабли менга кўп бора савол билан мурожаат қилишган ва Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари муваффақиятлари ҳақида сўрашган. Шунингдек, ўзбек ва қозоқ футболи ривожи борасида танланган йўл ҳақидаги фикрим ҳам уларни қизиқтирарди. Очиғини айтсам, Қозоғистондалигимда Ўзбекистон танлаган йўл қай даражада тўғри эканлигини кўп гапираверишдан тортинардим. Ҳар ҳолда, кимнингдир уйида меҳмон бўлиб туриб, яна унинг камчиликлари ҳақида гапириш яхши эмас. Шунга қарамай, имкон қадар Ўзбекистон танлаган йўл самаралироқ эканлигини айтишимга тўғри келган. Ваҳоланки, бунга мисол келтириб, узоққа бориш ҳам шарт эмас. Яхши биласиз, яқинда Германия терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлди. Аслида 2000-йиллар бошида немис футболи ҳам инқирозга яқинлашиб қолган эди. Ўша вақтда улар катта ислоҳотга қўл уриб, болалар футболига катта эътибор қарата бошлагандилар. Натижани кўриб турибсиз, бугунги кунда немисларга етадиган рақибнинг ўзи йўқ.

Ўзбек футболи ҳам шу йўлдан кетмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси яқин вақтлар ичида қитъада етакчи ролларда бўлиши ва ҳар қандай мусобақада муносиб иштирок эта олишига ишонаман. Етишиб келаётган янги авлод шунга умид бермоқда. Мен болалар футболида ҳам яхшигина тажрибага эгаман, ишонинг, бундай гапларни беҳуда гапиравермайман...

 

ТЕРМА ЖАМОАЛАР

- Олдинда терма жамоаларимизни турли масъулиятли мусобақалар кутиб турибди. Уларда жамоалар олдига қўйилган вазифалар бажарилишига қай даражада ишонасиз?

- Ҳозир терма жамоаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман. Аммо футболчиларимизнинг иқтидори ва савиясидан келиб чиқиб айтсам, вазифаларнинг уддаланишига имконият етарли. Агарда ҳаммаси ўз вақтида ва талаб даражасида амалга оширилса, нима учун бажарилмаслиги керак?

- Осиё ўйинларида 20 йил олдинги ғалаба такрорланишига ҳам ишонасизми? Гуруҳда Бангладеш, Афғонистон ва Гонконгга қарши баҳс бўлиши, чорак финалда эса Саудия Арабистони ёки Жанубий Кореяга қарши ўйнашга тўғри келиши ҳақида нима дея оласиз?

- Терма жамоамиз гуруҳдан чиқишига 100 фоиз аминман. Агар бирор кутилмаган ҳолат юз бермаган тақдирда, биринчи ўрин қўлга киритилиши шарт. Чорак финалда эса, ҳар ҳолда, Жанубий Кореяга қарши ўйнашни истамаган бўлардим. Чунки мезбон жамоа билан ўйин ҳар доим оғир кечади. Агар Саудия Арабистони билан курашишга тўғри келса, бу жамоалар тенг куч ва имкониятга эга эканликларини айтишим мумкин. Аммо терма жамоамиз бу мусобақага ғолиб чиқиш учун бормоқда. Шундай экан, рақиб танлашдан маъно йўқ. Жамоамизнинг кучи ҳар қандай рақибни мағлуб этишга етади. Муҳими, шу ишончни йўқотиб қўймаслик.

- Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ҳозир бир муаммо бор - ҳар иккисида ҳам яқинда бош мураббий ўзгарди. Бу ҳолат ўйинга таъсир ўтказмасмикан?

- Мана шу муаммо мени ҳам ташвишга солади. Бу ўринда ўзгаришларга нима сабаблигини ҳам эътиборга олиш лозим. Адашмасам, ўсмирлар терма жамоасининг аввалги бош мураббийи Темур Олимхўжаев соғлиги туфайли кетишга мажбур бўлди. Буни тўғри қабул қилиш керак. Унинг ўрнини Александр Мочинов эгаллади. Бу мураббий ёшлар билан ишлашда яхшигина тажрибага эга. Ҳар ҳолда, у ўз ишини уддалай олишига умид қиламиз.

Ёшлар терма жамоасига келсак, бу ўринда муаммо сал жиддийроқ эканини кўрамиз. Жамоада қисқа вақт ичида 3 марта мураббий ўзгарди. Аввалига Евстафеев кетди, сўнгра Лушан ҳам истеъфога чиқди. Ҳозир Равшан Ҳайдаров ишлаяпти. Бу мураббий катта тажрибага эга, аммо гап бошқа томонда. Бош мураббийни тез-тез ўзгаравериши яхши эмас. Сергей Лушан «Бунёдкор»га бош мураббий этиб тайинлангач, унинг ишини кузатдим. Биласизми, клуб намойиш этаётган ўйин менга ёқди. Мураббий ёшларга ишонч билдирмоқда, таркиб кескин янгиланди ва ўйин ҳам шунга монанд ўзгарган. Бу ҳолат яқин йилларда жамоага катта муваффақият келтиришига ишонаман. Аммо Лушан энг аввало, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ишини охирига етказиши лозим эди. Сўнгра бемалол фаолиятини бошқа жойда давом эттирса маъқул бўларди.

 

АЗАЛИЙ МУАММО

- Мутахассис ва мухлисларни яна юқори савияли ҳужумчилар етишмаслиги ташвишга соляпти. Баъзан бу муаммо мутлақо ҳал қилиб бўлмасдек кўринади.

- Бундай муаммо нафақат бизнинг футбол, балки ҳамма жойда бор. Айниқса, МДҲ давлатларида жуда кескин кўриниш олган. Эътибор беринг, Россия терма жамоасида тўпурар ҳужумчи йўқ. Боз устига, рус клубларида ҳам бразилиялик, африкалик ва бол­қонлик ҳужумчилар тўп сурадилар.

Муаммонинг туғилишига асосий сабаб - болалар футболида натижага катта эътибор қаратилиши, менимча. Бизда бу нарса иллат даражасига кўтарилган. Ёш ҳужумчилар болаликдан қолипга солиб қўйилади. Бола 11, 12 ёшида техникасини мукаммаллаштириши, ижодкорликни ўрганиши, янги финтларни ўзлаштириши лозим. Буларнинг барчасига мураббий туртки бериши керак. Бизда эса аксинча, мураббийлар 12 ёшли болакайдан ҳам ҳимояга ёрдам беришини талаб қилишади. Ҳужумчиларимиз бирга-бир вазиятда рақибни алдашдан чўчишади, чунки тўпни олдириб қўйишса, мураббийдан дакки эшитишлари турган гап. Айнан мана шу иллат ҳужумчилар муаммосини бартараф этилишига тўс­қинлик қилмоқда.

Мен ўз вақтида футбол мактаб-интернатида ишлаганман. Ўша вақт бизда тарбия топган ҳужумчиларни санасам, шошиб қоласиз. Бизнинг мактабимиздан бир вақтнинг ўзида Жаъфар Ирисметов, Алексей Жданов ва Дилмурод Назаров каби ҳужумчилар етишиб чиққан эди. Алексей Ждановнинг тўпурарлик борасида биринчи лигада ўрнатган рекордини шу вақтгача ҳеч ким такрорлай олгани йўқ. Жаъфар Ирисметов эса олий лигада худди шундай рекорд қайд қилган. Унинг кўрсаткичи ҳам шу вақтга қадар ўзгармай келмоқда. Дилмурод Назаров эса қай даражада кучли ҳужумчи бўлганини ортиқча гапириш шарт эмас. Ҳозир у исталган клубимизда асосий таркибда бемалол ўйнарди.

Ҳа, ҳужумчи муаммоси охирги йилларда кескин кўриниш олаётганини тан оламан. Ўзбек футболида ҳар 10 йилда жаҳон даражасидаги ҳужумчи етишиб чиққан: 60-йилларда Геннадий Красницкий, 70-йилларда Биродар Абдураимов, 80-йилларда Игорь Шквирин. 2000-йиллар эса ўзбек футболида Максим Шацких даври бўлди. Бизда иқтидорлар кўп, фақат уларни тўғри тарбиялаш керак. Балки клубларда ҳужумчилар билан алоҳида мураббийлар иш олиб боришларини йўлга қўйиш керакдир? Дарвозабонлар мураббийлари фаолият бошлашгач, бу муаммо қандай ечим топганини бир эсланг. Шу тажриба ҳужумчилар борасида ҳам етарлича самара берарди, деб ўйлайман. Жаҳонда бу борада аллақачон иш бошлаб юборилган. Масалан, «Реал»да Зиданнинг асосий юмуши ҳужумчиларни тайёрлашдан иборат. Натижа ўзингизга маълум - «Реал» ниҳоят, узоқ кутилган 10-ЕЧЛ кубогини қўлга киритди. Шундай экан, нима учун биз ҳам янги тажрибани қўллаб кўрмаслигимиз керак?

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 15:17, 10.09.2014.
Ўқилди: 8110 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.