Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

От изини тойлар босмасин ёхуд нуқсонлар мерос бўлиб ўтадими?

Баҳо:
+ | -1

Ўзбек футболи бугунги кунда фақат келажакдан умид қилмоқда. Чунки бугунимизнинг аҳволи ўзингизга маълум. Шунинг учунми, ҳар сафар профессионал футболга қадам қўйган ёш футболчиларимизга умид кўзи билан қараймиз. “Ишқилиб, шулар нимагадир эришсин-да”, деймиз. Бироқ...

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг “қария” аъзолари, хусусан, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов каби футболчилардан иборат жамоа орзуларимизни чиппакка чиқарганидан кейин бир қанча ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари шакллантирилди, улар халқаро мусобақаларда иштирок этди ҳам. Аммо негадир барча терма жамоалар мусобақанинг ҳал қилувчи паллаларида панд беришди, хатоларга йўл қўйишди. Бу эса мухлисларни ҳатто “Ўзбек футболига кўз текканми?” дея ўйлашга ҳам мажбур қилди.

Якшанба куни 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз Бирлашган Араб Амирликларига қарши тўп суришди. Тан олиб айтиш керак, ўсмирларимиз жуда яхши ҳаракат қилишди. Уларда шижоат, интилувчанлик, тўп учун курашишда жонбозлик кўрсатиш яққол сезилди. Бу жиҳатдан эътироз йўқ. Лекин ўйинда ўзаро тартиб, олдиндан ўйланган узатмалар, умуман олганда, ақлли ўйин етишмади. Демак, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, мураббийлар штаби футболчилар билан етарли даражада ишламаган ёки уларнинг бори шу! Шу ўринда бир ўринли мулоҳазага эътибор қаратсак. Миллий терма жамоамизнинг ўйинида ҳам ана шундай жиҳатлар сезиларди ва сезилмоқда. Устунлик бор, тўп узатишлар яхши, аммо гол йўқ. Бу ҳолат кейинги терма жамоалар ўйинида ҳам яққол сезилганди. БААга қарши ўйинда ҳам акс таъсирини кўрсатди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳамма айб мураббийларда, мутахассисларда. Чунки агар ўсмирларимизга бироз айёрлик, ақлли ўйин кўрсатиш, турли тактикалар ўргатилганда улардаги шижоат билан кўп иш қилса, рақибни йирик ҳисобда таслим этса бўларди. Бу жиҳатдан рақибларимиз терма жамоаси бош мураббийсини ўрнак қилиб кўрсатса арзийди, боиси араблар айнан тактика сабаб иккита ҳужумнинг иккаласини ҳам гол билан якунлашди.

Иккинчи тўсиқ ҳамон ёд бўлиб кетган тактикадан воз кечилмаётгани. Мен ўтган ўйинда рақибларимизни кучсиз демаган бўлардим. Шунчаки футболчиларимизнинг қандай ўйин кўрсатиши (тўп билан кўпроқ муомала қилиш, аммо қарши ҳужумда шошиб қолиш)ни билган рақиблар ҳамюртларимизга атайлаб устунлик беришди ва ўйинни ўзлари тузган сценарий асосида олиб боришди. Уларга ҳеч бўлмаганда дуранг керак эди ва шунга эришишди. Биз бемалол ғалаба қозонишимиз мумкин ва шарт эди, бироқ буни уддалай олмадик.

Ўйин охирларида бир ҳолат эътиборимни тортди. Иккинчи голни уриб бўлгач, футболчиларимиз очиқ-ойдин вақт чўзишга, ҳисобни ушлаб қолишга интилишди. Ваҳоланки, устунлик уларда эди ва бемалол ҳеч бўлмаганда яна бир марта тўп киритиб, натижани мустаҳкамлашлари, мухлислар қалбидаги ҳадикни йўқотишлари мумкин эди. Лекин улар йиллар мерос бўлиб келаётган ўша совуқ анъанага амал қилишди, ҳисобни ушлашга интилишди. Мен бу ерда ўйинчиларни айбламаган бўлардим, чунки улар ўзларига берилган кўрсатмаларни бажаришади. Бу ерда ҳам яна ўша мураббийлар штаби бор айбни зиммасига олиши керак. Агар Равшан Ҳайдаров ёки ёрдамчи мураббийлар бунақа кўрсатма беришмаса, аксинча, олдинга интилишни тайинласа, футболчиларимиз шундай қилишади. Айниқса, рақибинг сенга ташаббусни бериб қўйган пайтда. Очиғини айтиш керак, “гол уриб олдингми, бир амаллаб натижани сақлаб қолишга интил” қабилидаги жумла ўзбек футболи қулоғига қўрғошиндек қуйилиб қолганга ўхшайди. Мен бежизга айнан ана шу ҳолатга тўхталиб ўтаётганим йўқ. Чунки охирги ўн дақиқада футболчиларимизга “олдинга узат”, “югур” дея гапиравериб, чарчаб кетган бўлсангиз керак. Бироқ улар тўпни орқага қайтаришди, бир-бирларига узатишди, хуллас, футболни севадиган ишқибоз сифатида айтадиган бўлсак, аҳмоқона ҳаракатлар қилишди. Рақиб устунлик қилиб, тинимсиз ҳужум уюштираётган бўлса ҳам майли эди.

Тўғриси, футболчиларимизнинг ҳаракатларида ақллилик етишмаётгандек туюлмоқда. Маълум бир режа, фалсафа асосида ҳаракат қилиш йўқ. Наҳотки мураббийлар штаби асосий вазифаси нима эканлигини унутиб қўяётган бўлса? Кейин ҳар қандай жамоага бош мураббий танланаётганда, албатта, юқори натижалар, кўрсаткичларга эътибор берилади. Айниқса, 19 ёшгача бўлган футболчилардан иборат термага. Чунки бу футболчилар профессионал футболга эндигина кириб келишяпти. Улар ўзбек футболининг фақат нафас олишдан бошқасига ярамайдиган ҳавосидан эмас, аксинча, янги яшаш, янгича ҳаракат қилишни ўргатадиган ҳаводан нафас олишлари зарур. Борди-ю булар ҳам эски анъана бўйича тарбияланиб, миллий терма жамоамиз каби “ривожланса”, кейин қанча тарбияламанг, фойдаси йўқ. Шу ўринда бизни бир нарса ажаблантиради, наҳотки кўрга ҳассадек бўлиб кўриниб турган ҳақиқатни англаш шунчалик қийин бўлса? Ёки биз учун футбол шунчаки ўртоқлик ўйинларида иштирок этиш, халқаро мусобақаларда қатнашишдан иборатми? Совринлар қўлга киритиш, ўзбек футболининг довруғини дунёга ёйиш, чемпион бўлиш ҳақида ким ўйлайди? Јачон ўйлайди? “Ҳали булар ёш-ку, бунчалик фожиа ясаманг”, дерсиз, балки. Аммо сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади. Агар омадсизликлардан вақтида хулоса чиқарилганида миллий терма жамоа жаҳон чемпионатида иштирок этган бўларди. 19 ёшгача бўлган футболчиларимиз борасида айтаётган фикрларимизга келадиган бўлсак, тарбияни болаликдан бошлаш тарафдоримиз. “Ҳали ўрганиб кетади”, “ҳеч қиси йўқ” каби овутадиган жумлалар эса оёғимизга болта бўлади, холос.

Сўзимиз якунида халқимизнинг бир мақолини келтириб ўтамиз: “От изини той босар”. Биз эса ўзбек футболида ана шу мақол тескарисига хизмат қилишини истаймиз, ишқилиб, бу тойлар ўзларидан олдин майдонни пайхон қилиб кетган отларга ўхшашмасин!   

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:00, 13.10.2014.
Ўқилди: 6222 марта.
Фикрлар: 25 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.