Инчеон шаҳри (Ж.Корея)да давом этаётган ПараОсиё ўйинларида делегациямиз ҳазинаси медаллар билан бойишда давом этмоқда.
Биринчи кунги мусобақаларда 5 та медалга (4 та олтин, 1 та бронза) сазовор бўлган ҳамюртларимиз, бугун эрталабки дастурдан ўрин эгаллаган мусобақаларда яна 2 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритишди.
Дастлабки кун ўтказилган мусобақаларда 2 та олтин медалга сазовор бўлган Дмитрий Хорлин бугун 100 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича бўлиб ўтган мусобақада 00:56,50 сония натижа билан ПараОсиё ўйинларининг учинчи олтин медалини қўлга киритди.
Эътиборлиси, Дмитрий бу сафар ҳам Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Делегациямиз ҳисобига яна бир олтин медални енгил атлетикачимиз Мавлонбек Ҳайдаров келтирди.
Ядро улоқтириш мусобақаларида 14 метр 39 сантиметр натижани қайд этган Мавлонбек ПараОсиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлиш билан бирга, Осиё рекордини ҳам янгилади.
Енгил атлетиканинг узунликка сакраш мусобақаларида иштирок этган яна бир ҳамюртимиз Фаррух Мирзақулов 6 метр 58 сантиметр натижа билан кумуш медаль совриндори бўлди.
Шу тариқа, делегациямиз ҳисобида ҳозирча 6 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали бор. Бугун куннинг иккинчи ярмида ҳамюртларимиздан Кирилл Паньков 100 метр масофага эркин ва чалқанча усулда сузиш мусобақаларининг финал босқичида ғолиблик учун кураш олиб боради. Шунингдек, ўқ отиш бўйича ўтказиладиган мусобақаларда Сервер Ибрагимов, дзюдо беллашувларида Шерзод Намозов, Нурбек Бердиёров, Севинч Салаева ҳал қилувчи финал босқичида иштирок этадилар. Бугунги дастурда енгил атлетикачиларимиз Маъруфжон Муродиллаев, Сирожиддин Норов, Миран Сахадов, Хусниддин Норбеков ва Убайдулла Имомқулов баҳсларда иштирок этадилар.
Барча спортчиларимизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафарлар тилаймиз.