14-21 ноябрь кунлари Таиланднинг Пхукет шаҳрида соҳилда ўйналадиган спорт турлари бўйича IV Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Аниқроқ айтсак, қитъа доирасидаги турнирда 19та спорт тури бўйича кураш боради. Улар орасида пляж футболи ҳам бор. 16та жамоа қатнашадиган мазкур нуфузли мусобақада пляж футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади, албатта. Аҳад Юсупов бош мураббийлигидаги жамоамиз бўлажак Осиё ўйинларига қизғин ҳозирлик кўряпти. Қуръа натижасига кўра, жамоамиз Таиланд, Баҳрайн ва Япония термалари билан битта гуруҳдан жой олган. Режага кўра, 3-8 ноябрь кунлари вакилларимиз БААнинг Дубай шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғини ўтказишади. Биз айни мавзу юзасидан Ўзбекистон пляж футболи терма жамоаси бош мураббийи Аҳад Юсуповдан махсус интервью олдик.
- Аҳад ака, Осиё ўйинларига тайёргарлик қандай давом этяпти?
- Соҳилда ўйналадиган спорт турлари бўйича IV Осиё ўйинларига ЎФФ Терма жамоалар маркази томонидан тасдиқлаб берилган режа асосида ҳозирлик кўряпмиз. Бу йил таркибни сезиларли даражада ёшартирдик. Асосий урғуни айнан ёшларга қаратганман. Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ўзларини кўрсатишган қатор ёш ўйинчиларни кўз остимга олиб қўйгандим. Ўқув-машғулот йиғинларида уларни синовдан ўтказяпмиз. Қувонарли ҳолат шундаки, мамлакатимизда пляж футболининг географияси кенгайиб боряпти. Авваллари фақат бир-иккита шаҳарда пляж футболи клублари фаолият юритган бўлсалар, ҳозирга келиб уларнинг сафи сезиларли даражада кенгайди. Масалан, Ўзбекистон чемпионатида Когон, Қарши, Тошкент шаҳридан бир нечта жамоа иштирок этди. Наманган, Андижон, Сурхондарё вилоятларидан истеъдодли ёшлар етишиб чиқишаётганини мамлакат чемпионати баҳслари кўрсатиб берди. «Насаф», «Локомотив» клубларида яхши футболчилар бор. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, олдин пляж футболида асосан футзал, катта футбол вакиллари ўйнашарди, бугунги кунда эса фаолиятларини фақат қум ўйини билан боғлаётган ёшлар кўпаймоқдалар. Бу албатта, қувонарли ҳолат. Энди бевосита саволингизга келсак, Осиё ўйинларига сўнгги тайёргарлик БААнинг Дубай шаҳрида олиб борилади. Терма жамоалар маркази бир ҳафталик ўқув-машғулотлар йиғини ва унинг доирасида 3та ўртоқлик учрашуви ўтказишимизни таъминлаб беряпти. Режага кўра, 3 ноябрь куни Дубай шаҳрига жўнаб кетамиз. 8 ноябргача давом этадиган йиғин чоғи БАА терма жамоаси билан 3та ўртоқлик ўйинида куч синашамиз. Айтиб ўтганимдек,таркиб анча ёшартирилган. Дубай йиғини якунида Осиё ўйинларига йўл оладиган якуний таркибни аниқлайман. Пхукетда бўлиб ўтадиган қитъа ўйинлари келаси йили апрель ойида Қатар пойтахти Доха шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига ўзига хос тайёргарлик ва кўрик вазифасини ўтаб беради. Яъни шу Осиё ўйинларида терма жамоамизнинг бугунги ҳолати, қитъадаги рақибларимиз ҳақида маълумотга эга бўламиз. Осиё биринчилиги эса бевосита жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятлидир. Дохада ташкил этиладиган қитъа чемпионатида рейтинг бўйича Осиёнинг энг яхши 16та терма жамоаси иштирок этади. Даст-лабки 3та ўринни эгаллаган терма жамоа 2015 йили Португалияда бўлиб ўтадиган ЖЧ финал босқичига йўлланма олади. Бизнинг олдимизда турган энг олий мақсад - ЖЧга бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритиш. Албатта, Осиё ўйинларида ҳам юқори мақсадларни кўзлаяпмиз. Шунга монанд тарзда тайёргарлик олиб бориляпти. Гуруҳда Япония, Баҳрайн ва Таиланд терма жамоалари билан ўйнаймиз. Мезбонларга қарши кечадиган учрашув кескин ва муросасиз ўтиши аниқ. Биринчи галдаги вазифамиз - гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, «плей-офф»га йўлланма олиш. Ўйлайманки, бу вазифани йигитлар билан биргаликда уддалаймиз. Бизни Осиёдаги жамоалар ҳурмат қилишади. Лекин унутмаслик керак, қитъада пляж футболи йилдан-йилга ўсиб боряпти. Рақибларни менсимаслик яхши оқибатларга олиб келмаслиги кўп бор ўз исботини топган.
- Ёшларнинг қизиқишлари қай даражада?
- Пляж футболига қизиқиш ошиб бораётгани аниқ. Бу спорт тури билан қанча кўп одам шуғулланса, уни ривожлантириш ҳам шунчалик осон кечади. Энди ўзига яраша камчиликлар ҳам бор. Энг катта муаммолардан бири - пляж майдонларининг камлиги. Ўйлайманки, бу камчиликлар босқичма-босқич бартараф этиб борилади.
- Айни пайт «Локомотив» футзал жамоасида ҳам мураббийлик қиляпсиз. Амалдаги чемпион саналсангларда, бу йилги Ўзбекистон чемпионатида омадсиз иштирок этяпсизлар...
- Бу таркиб билан боғлиқ ҳолат, деб ўйлайман. Ўтган йилги етакчиларимиз клубдан кетишди. Ҳозир сафимизда Олег Тукмаков, Фахриддин Самегов, Фарҳод Мираҳматов каби тажрибали футзалчиларгина бор. Қолганлар ёш футзалчилар. Ислом Камолжонов, Зафар Азаматов, Сарвар Шоаҳмедов, Санжар Зияханов, Умид Эрназаров, Яшар Муталибов, Мирғофур Миржасуров, Азиз Мақсумов, Орипхўжа Акбархўжаев каби ўйинчиларимиз бу йилги чемпионатда катта тажриба тўплашади, деб ўйлайман. Қолаверса, миллий чемпионатимиз кучайиб боряпти ва мураббий сифатида бундан хурсандман. Чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, футзал мактабларисиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Агар футзал мактаблари очилмаса, фақатгина иқтидорлар билангина ишлашга мажбурмиз. Мен ишлаётган жамоада ҳар бир ўйинчининг учрашувдаги статистикаси алоҳида ҳисоблаб борилади. Кўрсаткичларга қараб, машғулотларда футзалчига қўшимча вазифалар, юкламалар берилади. Шу асосда машғулот чоғи ўйинчиларни бир неча гуруҳга бўлиб шуғуллантираман. Менда бир одат бор, қайсидир турнир ёки мусобақада ғолиб чиқсак, кейинги мавсумда чемпион таркибнинг 40 фоизини ўзгартираман. Чунки ўша таркиб билан ишлаш қийин бўлиб қолади, ўзгаришлар қилиб туриш керак. Ўтган мавсумдан сўнг айримлар «Аҳад Юсупов юлдузларни йиғиб олиб, чемпионликни ҳеч кимга бермаяпти», деган фикрларни билдиришди. Лекин ана шу юлдузларни бутун мавсум бир маромда ўйната олиш ҳам осон эмас. Юлдузлар билан ишлаш жуда қийин. Уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кичик сабаб ҳам уларни жамоага фойдаси тегмайдиган ҳолга олиб келиб қўйиши мумкин. Ўтган мавсум бўйича гапирсам, бизда кўпчилик ўйлаганчалик катта пул тўланмайди.
- Футзал терма жамоамиз шу пайтгача Осиё чемпиони бўлмади...
- Авваллари Осиёда ҳар доим кучли тўртликда юрардик. Биздан ташқари, Эрон, Япония ва Таиланд термалари кучли саналишарди. Бугунги кунда шу тўртталикка кириш ҳам қийин. Аммо бу йил Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлдик. Рейтинг бўйича дастлабки тўртта ўриндаги жамоа Осиё чемпионатида бир гуруҳга тушмайди. Демак, фақат ярим финалдагина кучли жамоалар билан тўқнаш келишимиз мумкин. Ярим финал эса - жаҳон чемпионати йўлланмаси деганидир. Келаси йили ўтказиладиган Осиё чемпионати айнан ЖЧга йўлланма беради. Исталган спорт турида авлодлар алмашинуви кузатилади. Терма жамоа етакчилари ўрнини эгаллайдиган ўйинчиларни вақтида тарбиялаш учун ёшларга катта эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон футзал ассоциацияси вице-президенти Жаҳонгир Усмонов ҳам ёшларга эътиборни кучайтириш ҳақида кўп гапирмоқда. Унинг ташаббуси билан ўйин қайдномасига 1996-1997 йилда туғилган ёшларни ҳам киритиш мажбурий қилиб қўйилди. «Локомотив»дан ташқари, «Ардус», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоаларида ёшларга катта эътибор қаратиляпти. Лекин ёшартириш жараёнига ҳамма клублар ҳам амал қилишмаяпти. Аксарият жамоалар мавсум бошида қўйилган вазифани бажариш учун тайёр ўйинчиларни олиб, асосан уларга таянишмоқда. Биласизми, Эрондаги мактабларда футзал дарслик сифатида киритилган. Шунинг учун ҳам Осиёдан биргина Эрон термаси Европанинг энг кучли жамоалари билан тенгма-тенг ўйнаб келмоқда.