Евро-2016 нинг саралаш баҳслари сезиларли ўзгаришлар асосида бўлиб ўтмоқда. Авваллари ҳар қайси тур ўйинлари барча гуруҳларда бир кунда ўтказилган бўлса, янги мавсумда қарийб бутун ҳафта давомида бўлиб ўтмоқда. Лекин танганинг икки томони муқаррар бўлганидек, мазкур янгиликнинг ҳам ижобий ва салбий жихатлари бор. Хўш, улар қайсилар?
Ижобий жиҳат: барча беллашувларни томоша қилиш имконияти
УЕФА томонидан жорий этилган ислоҳот маъносини чуқурлаштиришга зарурият йўқ. Европа Футбол иттифоқи бу билан иккита мақсадни кўзлаганлиги аниқ. Биринчиси - иқтисодий жиҳат: Жуфтлашган ва якка турлар ўзини тўла-тўкис оқлади. Гап имкон қадар кўпроқ учрашувларни томоша қилиш ҳақида кетаётганлигини тушуниш қийин эмас. Бу УЕФАга катта манфаат келтирмоқда. Миллионлаб футбол мухлислари эса бундай имкониятдан мамнунлик билан фойдаланмоқдалар. Саралаш беллашувлари аввалги қоида асосида ташкил этилганида - бир оқшомнинг ўзида йигирмадан ортиқ учрашувлар ўтказиш, уларнинг барчасидан завқ олишнинг умуман иложи йўқ эди. Худди фазони қучишнинг иложи бўлмаганидек. Ҳатто кўплаб мониторлар қуршовида барча ўйинларни томоша қилиш имкониятини яратиб олган ашаддий ишқибоз ҳам барибир кўнгилдагидек завқ ололмайди. Ахир бир вақтнинг ўзида ўнлаб экранларга аланглаб, қандай лаззат олиш мумкин? Бу аравада юриб қуён овлашдан кўра мушкулроқ юмуш.
Энди эса мухлислар ҳафта давомида энг сара учрашувларни тўғридан-тўғри кузатиш, бундан ташқари ўша куннинг ўзида яна айрим ўйинларни ёзиб олинган ҳолда кўриш имкониятига эга бўлишди.
Салбий жиҳат: йиҒин учун атиги ярим соат
Ислоҳотдан кўзланган иккинчи асосий мақсад-клубларга ва терма жамоаларга қулайлик яратиш. Бироқ амалда терма жамоалар мураббийлари ва футболчилари ҳамкорликда ишлаш учун янада кескинроқ вазиятга тушиб қолишди. Ягона халқаро тақвим асосида ўтказилган мусобақаларда ўйинларни чоршанба ва шанба кунлари ўтказиш қатъий белгилаб қўйилганди. Бунда терма жамоалар якшанба куни ёки душанба эрта тонгда тўпланиб, биринчи расмий учрашувга беш марта,иккинчисига 3 марта тайёргарлик машғулотларини ўтказишарди. Клубларнинг тинимсиз илтимосларига биноан, УЕФА 2010 йилда мазкур ФИФА кунларини бир кун олдинга, яъни сешанба - жумага кўчирди. Шу тариқа терма жамоа аъзоларининг ўз клубларига бир кун аввалроқ қайтишларига шароит яратилди. Лекин терма жамоа йиғини ва биринчи расмий учрашувлар учун ажратилган вақт бир кунга қисқарди.Евро-2012 ва ЖЧ-2014 турнирларининг саралаш мусобақалари айнан шундай форматда ўтказилди.
Хўш, ҳозирда вазият қандай? Жуфтлашган турлар пайшанба-якшанба, жума-душанба ҳамда шанба-сешанба кунлари ўтказилмоқда. Демак, терма жамоаларнинг учдан бир қисми биринчи ўйин учун уч кун, иккинчиси учун икки кун тайёргарлик кўра олади, холос. Янгилик фақат клубларга айрим қулайликларни ҳадя этди. Энди уларнинг терма жамоадаги вакиллари аввалгидан барвақтроқ ортга қайтишади. Бундай вазиятда Фабио Капелло ўзига хос топқирликни намойиш этиб, ПЛ мутасаддиларини битта тур учрашувларини кечиктиришга кўндирди. Айнан шу сабабли Россия терма жамоа футболчилари Швеция термаси билан бўлган ўйинда тетикроқ кўриндилар. Молдованларга қарши кечган беллашувда эса мураббий аввалги баҳсда анчайин толиқиб қолган футболчиларни майдонга туширишга жазм этмади.
Ижобий жиҳат: Ажиотаж
Янги тизимнинг шубҳасиз устун жиҳати - мусобақа атрофидаги ажиотажнинг сезиларли даражада ўсганлиги. Эски қоидага кўра, ўйинлар ўтказиладиган икки кун орасидаги сокинликни тўлдиришнинг иложи йўқ эди. Иккинчи тур бошлангунга қадар биринчисидан олинган таассуротлар сўлишга улгурар, қизғин баҳслар ниҳоясига етарди.
Энди эса мухлислар қаторасига бир неча кун давомида жўшқин футбол шавқидан баҳраманд бўлишади, оқшомдаги баҳсларни муҳокама қилиб, бугунгисини томоша қилиш тадорикини кўрадилар, эртага бўладиганларини башорат қиладилар. Ҳатто ҳафта охирида бир оз толиқиб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас. Қолаверса жамоаларнинг турнирдаги ҳолатларини кузатиш анча соддалашиб қолади. Ҳар куни ўнглаб гуруҳлар устида ҳисоб-китоб юритмасдан, атиги учта гуруҳга эьтибор қаратилади. Яна шуни қўшимча қилиш жоизки, жуфтлашган турларнинг доимо ягона турга қараганда қизиқарлироқ кечиб, кетма-кет ўтказилган иккита учрашув турнир жадвалидаги вазиятни кескинлаштириб юборади.
Салбий жиҳат: Резина
Бу нуқтаи назаримиз қайсидир айрим жиҳатлар эмас, балки бутун саралаш босқичи турнирига қаратилган. Анчадан бери аксарият мутахассислар ҳозирги форматнинг даври ўтганлигини таъкидлаб келишяпти. Ҳатто финал босқичи иштирокчилари сонининг оширилиши ҳам биз кўзда тутган салбий жиҳатга барҳам бера олмайди. Маълумки, гуруҳдаги қуйи жамоалар қимматли йўлланмани қўлга киритиш имкониятидан жуда йироқлар.Иккинчи томондан кўҳна қитъанинг энг сара футболчилари бусиз хам саноқли бўлган қимматли вақтларини савияси паст жамоалар билан бўладиган ўйинларда сарфлашга мажбурлар. Энг ачинарлиси, ана шу баҳсларда уларнинг жароҳат олмасликларига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Очиғи, кўпчилик заиф жамоалар аъзоларининг асосий мақсади иложи борича ўзини кўрсатиш ва номдор футболчилар билан футболка алмашиш ! Ана шу зерикарли спектакль нақ 1,5 йил давом этади.
Бизнинг ана шу 10-12 нафар заиф жамоаларни битта гуруҳга жойлаштириб, ғолибга финал босқичи йўлланмасини, яна 1-2 жамоага «плей-офф» босқичида қатнашиш ҳуқуқини берилса мантиққа тўғрироқ бўларди.Бу усул ўша заиф жамоалар учун энг зарур рағбат вазифасини ўташига шубҳа йўқ. Аниқки улар ўз гуруҳларида етакчи поғоналарни эгаллаш учун бор имкониятларини ишга соладилар. Тенг кучли жамоалар ўртасидаги муросасиз баҳсни кузатиш мухлис учун ҳам мароқли. Охир -оқибат Лихтенштейн савиясидаги бир-икки жамоанинг финал босқичида тўп суриши Евронинг нуфузига путур етказа олмайди. Мана Янги Зеландия ЖАР мундиалида иштирок этди-ку! У нафақат иштирок этди, балки анчагина шов-шувга ҳам сабаб бўлди.
Қолган 40та кучли жамоаларни 10та гуруҳга ажратиш, саралаш босқичи баҳсларини бир йилга сочиб юбормасдан ёз фаслининг илк кунларида ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шу тариқа терма жамоалар янада кучлироқ, мазмунлироқ тўп сурадиган бўлишарди. Ҳозир уларда на рисоладагидек тайёргарлик кўришга ва на саралаш беллашувларини ўтказишга имкон бор - март, июнь ва ноябрда шошилинч тарзда тўпланадилар. Бу ёқда клублар ҳам уларнинг маҳоратларидан кўнгилдагидек фойдалана олмайдилар.