Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жозе Моуриньо: «Балки мен аҳмоқ мураббийдирман?»

Баҳо:
+ | -

Жозе Моуриньо Англияда фақат биргина журналист - Гари Невилл билан суҳбатлашганда, димоғдорликни бир четга суриб қўяди, унинг саволларига ортиқча кинояларсиз, самимий жавоб қайтаради. Ҳозирда The Telegraphда қалам тебратаётган «МЮ»нинг собиқ ҳимоячиси Европада энг кўп муҳокама этилаётган мутахассис билан дилдан гаплашди. Жумладан, ўтган мавсум чемпионликни деярли нақд қилган «Ливерпуль» нима сабабдан олтин медаллардан бенасиб қолганига аниқлик киритди. Невилл томонидан ёзилган мақоланинг қисқартирилган вариантини ўқиб чиқсангиз, «Беназир» ҳақида кенг тасаввур ҳосил қиласиз. Эҳтимол, Жозега нисбатан қарашингизни тамоман қарама-қарши томонга ўзгариб қолар?

Дилдан тилга кўчмай қолган нутқ

- Ўтган мавсум «Ливерпуль» устидан қозонилган ғалаба ҳақида гап кетгудек бўлса, Моуриньонинг кўзлари ёлқинланиб кетади. Мерсисайдларни чемпионлик унвонидан маҳрум этган ўша баҳс «кўклар» мураббийининг тактика ва руҳшунослик бобида чиндан ҳам, беназир эканлигини исботлаб берди. Дарвоқе, дунёдаги энг буюк мутахассислар энг ноёб фазилатларини ўта мушкул вазиятга тушиб қолган кезлари намойиш этадилар. «Аввалги мавсумнинг якунида кўрдимки, бутун мамлакат «Ливерпул»нинг чемпион бўлишини истаяпти,-дея сўз бошлади Жозе. - ОАВ, мутахассислар - барча-барча шу жамоани шоҳсупага чиқариб қўйганди. Ўшанда ҳеч ким «қизиллар»нинг ЕЧЛда тўп сурмаётганлари, бу уларга қўшимча имтиёз беришини гапирмади. Шунингдек, юқоридагилар томонидан қабул қилинган қарорлар ҳал қилувчи босқичларда уларнинг ғалаба қозонишларига кўмаклашаётгани ҳақида ҳам ҳеч ким чурқ этмади. Сездимки, «қизиллар» кўчасида байрам бошланяпти. Шунда шогирдларим қаршисига йўл олдим ва уларни «қитиқладим»: «Биз бегоналар байрамида масхарабоз бўламиз. Ахир ҳамма циркдаги масхарабоз ролини ўйнашимизни хоҳлаяпти. Мана, цирк, мана, биз - масхарабозлар. «Ливерпуль» эса шоҳсупада!»

- Лекин аслида бундай нутқ бўлмаганку, тўғрими?-дея Жозенинг гапини бўлдим. У нигоҳини менга тикканча қисқа танаффусдан кейин жавоб қайтарди:

- Йўқ, бўлмаган эди.

- ЕЧЛ баҳсига пухта ҳозирлик кўриш мақсадида «Челси» Лига раҳбария­тидан «Ливерпуль» билан ўйинни бир кун олдинга суришни илтимос қилганди. Илтимосга рад жавоби берилиши Моуриньо ғазабини қўзғатди. Ана шу алам «Ливерпул»нинг чемпионликка умидини батамом сўндирди, чоғи. «АПЛ­даги учрашувни шанба оқшомида ўтказмоқчи эдим. Чунки чоршанба куни ЕЧЛнинг ярим финалида майдонга тушишимиз керак эди. Англия клубининг халқаро учрашувга пухта ҳозирлик кўриш мақсадида ички биринчилик баҳсини шанба куни ўтказишига нима учун рухсат беришмаганини тушунолмадик. Боз устига, чемпионликка назарий жиҳатдан ҳам даъвогарлик қилолмасдик. Раддиянинг асл сабабини излай бошладик. Бу - Skyнинг қарори (Sky - АПЛ ўйинларини намойиш этадиган асосий телеканал). У ердагилар қарорни Лига қабул қилганини айтишди. Лигага йўл олдик. Кўп ўтмай, бу «Ливерпул»нинг қарори эканлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Шунда рақибимиз билан вазиятга ойдинлик киритмоқчи бўлдик. Ливерпулликлар ҳам жимгина елка қисиб қўя қолишди. Лекин ўта қўпол хатога йўл қўйилаётганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади. Агар биз шанба куни майдонга тушганимизда, эҳтимолки, якшанба оқшомидаги савияни кўрсатолмасдик!»

- Эҳ-ҳе. Айни шу гапларни айтаётган пайти Моуриньо музюрак киллерни эслатди: эгнидаги камзул устидан кийилган қалпоқли куртка, соқол босган чеҳра. Наҳотки, Моуриньо «Ливерпул»ни чемпионликдан маҳрум этиш учун аниқ режа ишлаб чиққан бўлса? Билмадим...

«Кийиниш хонасига кириб, йигитларни бўғиб қўйгим келди»

- Таъсирчанлик - Моуриньо ташқи кўринишининг узвий бўлаги. Шу хусусда сўз юритилганда, у «Барселона»да Бобби Робсон (Жозе унга ассистентлик қилган) билан бўлиб ўтган мулоқотни ёдга олади: «Робсон менга маъқул тушмаган бир иборани тез-тез такрорлаб турарди: «Бой берилган учрашувлар учун ҳеч қачон қаттиқ қайғурманг. Шунчаки, нариги кийиниш хонасидагилар қанчалик бахтиёр эканликларини кўз олдингизга келтиринг. Бу - ҳаммаси тамом бўлганини англатмайди. Бу - қиёмат эмас!»

- Бу сўзларни Жозе қандайдир маъюслик билан айтар, чеҳраси ҳам ўйчан кўринарди. Унинг таъкидлашича, ўз фао­лияти давомида рақиблар ғалабасини ҳурмат қилишни ҳам ўрганган экан. Мисол тариқасида «Челси»нинг март ойида «Кристал Пэлас»дан қабул қилиб олган мағлубиятини келтирди: «Ўйиндан кейин кийиниш хонасига кириб, шогирдларимни бўғиб қўйгим келди. Аммо «Пэлас» фантастик ўйин кўрсатганди. Очколар ҳам у учун муҳимроқ эди. Мағлубиятни мулоҳаза қилар эканман, йигитларни овутишга ўзимда куч топдим: «Ҳой, бу йигитлар ажойиб ўйин кўрсатишди, улар ўз вазифаларини аъло даражада уддалашди». Кейин рақибнинг ҳар бир футболчисини табриклаб чиқдим. Аслида ўтган мавсум ғолиб чиқишимизга кўзим етганди. Бироқ биз босимга дош беришга тайёр эмасдик.

- Нима учун?

- Чунки жамоада тактика ва савия борасида маълум чекловлар мавжуд эди. Биз буни билардик. Менинг бошқариш услубимни услуб дейишга ҳам тил бормайди. Боиси, жамоани мавжуд воқеликка имкон қадар яқин тарз­да бошқараман. Ўтган йили шогирдларим «етакчилик босими»га тайёр эмасдилар, руҳий ва тактик жиҳатларда камчиликлар мавжуд эди. Ўйиннинг айрим жиҳатлари бўйича ҳам доимо устунликни таъминлай олмасдик. Тўғри, бу йил ҳам жамоа мағлубиятга учраши мумкин. Аммо мен санаб ўтган сабаблар туфайли эмас. Ўтган мавсум биз ҳимояга «ётиб» оладиган жамоаларни енгишга қийналардик. Шунингдек, секин-аста босимни кучайтириб борадиган жамоаларни ҳам. Бундан ташқари, «Челси» ўта қисқа вақт ичида 3-4та учрашувни юксак савияда ўтказишга ҳам тайёр эмасди. Ўтган йили футболчилар яхши спорт формасида бўлган пайт ҳам тез орада пасайиш юз беришини сезиб турдим.

«Азарнинг четга чиқишга ҳаққи йўқ»

- Лондондаги иккинчи мавсум Моуриньо ўз ўрнига мустаҳкам ўрнашиб олди, мутасаддилар билан муносабатларни рисоладагидек йўлга қўйди. Жамоа футболчилари устидан аниқ назорат ўрнатди. Мисол учун, Эден Азарни олайлик. Бу футболчи хусусида гап борганда, мураббий кўзларида оталарга хос меҳрибонлик балқийди. «Челси» устозининг сўзларига эътибор беринг: «Билмадим, фикримга қўшиласизларми ёки йўқ, лекин 15 йил аввалги футболчилар ҳозиргилардан фарқ қилардилар. Ўйлашимча, Эден бошқа ўйинчилардан яққол ажралиб туради. Нима учун? Чунки у - ўта ноёб шахс! У - ўта, ўта камтар йигит. Ўта ёқимтой, ўта мулойим. Худбинлик даражаси - ноль! Фантастика! Унинг отаси билан суҳбатлашганман, қуйидаги гаплари ёқиб тушганди: «Биламан, ажойиб ўғлим бор, у - намунали ота, ҳавас қиладиган даражадаги эр! Лекин мен бирозгина ўзгаришини истайман. Истардимки, ажо­йиб футболчига айланиш учун у...» Шу жойда Азарнинг отаси бир неча футболчилар номини санаб чиқди. Кейин қўшимча қилди: «Мен шунчаки, унинг аввалгидек ўғил, эр ва ота сифатида қолиши, аммо футболда сал иродалироқ, тажовузкорроқ, иззатталаб ва худбинроқ бўлишини истайман. Буларсиз яхши футболчи даражасига чиқолмайди. Ана шу хислатларни ўғлимга сингдира оладиган йигит сенсан, Жозе!»

- Хўш, бунга Эденнинг ўзи нима деяпти?

- «Хўп», «хўп» ва яна бир марта «хўп»! Азар ҳеч қачон тер тўкиш, масъу­лиятни ўз зиммасига олишдан қочмаган. Лекин гап бунда эмас. Азарнинг асосий вазифаси - ўйинлар тақдирини ҳал қилиш. У ўзининг интервьюларида энг кучли футболчилар бешлигидан тушиб қолганидан нолиши мумкин. Лекин учрашувлар тақдирини ҳал қиладиган ўйинчи мақомидан воз кечиш, четга чиқишга ҳаққи йўқ.

«Арсенал»га қарши ўйинга бир ҳафталик тайёргарлик жараёнида унинг устидан жилганим йўқ: «Натижага эриш. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган пайт ҳам хотиржамликка берилма, оддий иштирокчига айланиб қолма. Сен шундай қилгинки, якунда ғалаба биз томонда бўлсин!» У буни уддалади. У - ноёб маҳоратга эга ажойиб инсон! Ҳозирги воқеликдан келиб чиқадиган бўлсак, Азар ўтмишдан қайтиб келган.

«Ҳайдаб юборишгунча «Челси»да қоламан»

- Португалиядан Англияга келган «Беназир» кейин Италия ва Испанияда бўлиб, яна туманли ўлкага қайтди. Хўш, келажак режалари қандай? «Менда фао­лиятим лойиҳаси бор эди. Унга кўра, Португалияни тарк этиб, Англияга келдим. Кейин Италияга боришни истадим. У ерда «Реал»га ўтиш режаси туғилди. Ҳозир эса яна Лондондаман. Яъни занжир ҳалқага айланди. Ўзим истаган ишларни амалга оширдим. Ниҳоят, қайси жой менга кўпроқ мақбул, қаерда кўпроқ бахтиёр бўлдим, қайси чемпионатда энг кучли рақобат мавжуд, деган саволларга жавоб топадиган пайт келди. Мен ўз танловимга кўра фаолият юрит­япман. Буни доимо такрорлайман: қайси клубда ишлаган бўлсам, бутун эътиборимни олдимга қўйилган вазифани уддалашга қаратдим. Лекин доимо кейинги қадамимни ҳам режалаштириб юрдим. Ҳозирда илк марта кейинги қадамим ҳақида ўйламаяпман. Демак, шу ерда қолмоқчиман. Токи, «Челси»дагилар «Бўлди, ҳаммаси тамом. Сенинг натижаларинг бизни қониқтирмаяпти», де­йишмагунча кетмайман. Эҳтимол, қачондир улар бошқа йўналишдан боришни истаб қолишар, балки менинг услубимдан зерикишар. Буни фақат «Челси» ҳал қилади, мен эмас.

Абрамович қайтишимни илтимос қилганида, вазиятни ўрганиб чиқишим учун вақт берди. 2004|2005 йиллар мавсумида бошланган ишлар якунига етди. Ўша жамоадан 2-3 нафар йигит қолди, холос. Клуб қайта қуришга муҳтож эди. Ҳозирда кўзлаган манзилларимиз ҳам 10 йил аввалгисидан кескин фарқ қилади. Чунки аввал сарф-харажатларни ҳисоблаб ўтиришга зарурат йўқ эди. Биз - мен ва «Челси» бир-биримизни айни вақтида топдик. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз узоқ давом этади».

- Ўтган мавсум жамоа футболчилар сотувидан 125 млн. фунт даромад олди. Бу Моуриньонинг режаларига унчалик мос келмайди. Ёздаги саъй-ҳаракатларни мураббий қуйидагича изоҳлади: «Ўйинчилар ва сармоялардан шундай фойдаланиш керакки, ўз ишингни аъло даражада бажар. Яхши футболчилар қуршовида шундай фикрни айтиш осонми? Албатта, осон эмас. Мисол учун, Хуан Мата. Ажойиб футболчи рақиб сафидан жой олди. Бундан 10 йил олдин бу мумкинмиди? Менимча, йўқ. Ҳозирги вазият эса шуни тақозо этмоқда. «МЮ»дагилар «Челси»га яхшигина сармоя таклиф этишди, биз уни қабул қилдик. Мен «Йўқ, бошқа ҳар қандай жамоага бўлса майли, фақат «МЮ»га сотмаймиз», дейдиган мураббийлар тоифасидан эмасман».

«Менинг ўйин моделим? Қандай модель? Кимга Қарши?»

- Моуриньонинг футболни қалбан қандай тушунишига боғлиқ масаладаги фикрлари ҳам анча қизиқ. «Мен бу ўйиннинг асосчиси эмасман. Одамлар тез-тез сўрашади: «Шахсий ўйин услубингиз қандай?» Жавобим оддий янграйди: «Қандай модель? Кимга қарши? Қачон? Қайси футболчилар билан? Умуман, моделнинг ўзи нима? Қисқаси, бу саволга жавоб беришга ожизман. Эҳтимол, аҳмоқ ёки ўта ақллидирман? Модель ҳақида гапираётганда, нимани назарда тутишади? Менинг моделим - тўпни дарвозабондан Эден Азарга етказиб бериш. Менинг моделим - рақибнинг кучли ва заиф томонларини тушуниш. Қоидаларим ҳам шундай. Ҳеч қачон бир хил футболга таянмаймиз. Бу уйнинг таъмирига ўхшайди. Сизга айтайлик, эшик ёқмаса, уни алмаштирасиз. Футболда ҳам шундай: услуб мудом ўзгариб туради. Мисол учун, паст суръатдаги «прессинг» тарафдориман аслида. Бироқ рақиб ҳимоядан ҳужумга ўтса ва буни яхши уддаласа, унда муайян ҳудудда «прессинг»ни кучайтираман. Шундай экан, мен аҳмоқман, ҳарқалай, асосчи эмас...».

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 20:07, 11.11.2014.
Ўқилди: 7885 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.