Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Занжирланган футбол зиддиятлари

Баҳо:
+ | -

Осиё мамлакатлари терма жамоалари Австралия-2015га қандай мақсадлар билан боришади - бу ҳозирча бизга номаълум. Қизғин давом этаётган Евро-2016 саралаш босқичида иштирок этаётган терма жамоаларнинг мақсад-муддаоларини эса қайд этилаётган натижалар аниқ кўрсатиб турибди. Гуруҳ босқич ўйинларининг 4-тури доирасида доимий аутсайдер Лихтенштейн термасининг ғалаба қозонгани, Сан-Марино миллий  жамоасининг эса ўз тарихидаги илк очкони қўлга киритгани фикримизга далил. Ҳар икки терма жамоа ўз олдига юксак мақсадлар қўймагани аниқ. Улар учун энг муҳими - футбол ўйнаш, номдор рақибларга қарши тўп суриш, агар имкони топилса, қайсидир жамоалардан очко тортиб олиш. Барча давлатлар миллий жамоалари саралаш босқичида тенг имкониятга эга бўлишлари эса, УЕФАнинг футбол оммавийлигини таъминловчи ажойиб қароридир.

УЕФА таркибидаги аутсайдер терма жамоалар шу маънода йирик мағлубиятлардан ҳеч ҳам ранжимайдилар. Тўғри, уларда ҳам камтарона мақсадлар бор. Масалан, саралаш босқичининг 4та учрашувида ўз дарвозасидан 21 марта тўп ўтказиб юборган Гибралтар терма жамоасининг ҳозирги ягона орзуси - рақиблар дарвозасига лоақал 1та гол уриш. Таъкидлаш жоизки, бироз ғайритабиий орзунинг рўёбини таъминлаш бу жамоа учун осон кечмайди. Шунга қарамай, гибралтарлик футболчилар асло тушкунликка тушмайдилар, орзу рўёби йўлида тинмай интилаверадилар. Сан-Марино терма жамоаси бу борада уларга ибрат. Сан-маринолик футболчилар ўз тарихларидаги 62-учрашувда ниҳоят, дастлабки очкони қўлга киритишди. Бу ҳодиса - митти мамлакат футболи учун чинакам байрам. Лихтен­штейнлик футболчиларнинг сафарда Молдова термасини мағлубиятга учратишганини кичик «сенсация»лар қаторига қўшса арзийди. Саралаш босқичининг 3-турида Россия жамоа­си билан сафарда 1:1 натижасини қайд этишган молдоваликлар шундай «сенсация» кўтаришганди. Ўша учрашувни томоша қилишган мухлислар Молдова терма жамоаси лихтенш­тейнлик футболчиларни осонгина мағлуб этишини ўйлаган бўлсалар, ажабмас. Аммо ҳаммаси бошқача тус олди. Бундай ҳолатда кўпчиликнинг кўнглида «Анчайин кучли футбол намойиш этадиган россиялик футболчилар билан сафарда дурангга эришган Молдова терма жамоаси нима сабабдан жуда кучсиз ҳисобланадиган лихтенш­тейн­ликлардан ўз майдонида енгилди? Бу қандай мантиқсизлик?» қабилида саволлар туғилиши табиий.

Фикримизча, бу ўринда ҳеч қандай мантиқсизлик йўқ. Ҳамма гап Россия ва Молдова терма жамоаларининг ягона тарихга эга эканлигида. Ҳар икки жамоа ҳозир ҳам собиқ иттифоқ футболи анъаналари билан яшамоқда. Ўша футболнинг консерватив анъаналари бутунлай емирилмас экан, наинки, Россия термаси, балки шўро давлати парчалангач, мустақилликка эришган бошқа мамлакатлар жамоалари ҳам катта ғалабаларни қўлга киритишларига ишониш қийин. Молдова жамоасининг еврофутбол таъмини туйган лихтенштейнликлардан енгилишининг асосий сабаби шунда. Инкор этмаймиз: мағлубиятнинг бошқа сабаблари ҳам бордир, аммо асосийси айнан шўро футболининг салбий анъаналари билан боғлиқ. Қаранг-ки, Фабио Капеллодек улкан мутахассис ҳам шу салбий анъаналар қошида бош эгмоқда. Унинг мураббийлик даврида Англия терма жамоасида кутилмаган сифат ўзгаришлари кузатилганди, яъни еврофутбол қозонида биргаликда қайнаётган итальянча тафаккур ва инглиз футболи табиати ўзаро осонгина тил топишганди. Дон Фабио Россияда қийналмоқда. У бор маҳоратини ишга солмоқда, салмоқли маошини ҳалоллаш иштиёқида ёнмоқда. Бироқ унинг ўйлаганлари рус футболи табиатига тўғри келмаяпти. Ҳа, айнан рус футболи табиати ва  италиялик мутахассиснинг ёндашуви бир-бирига мувофиқлашолмаяпти. Назаримизда, яқин келажакда мувофиқлашолмайди ҳам. Нега? Негаки, Россиядаги болалар ва ўсмирлар футболида ҳамон шўро анъаналари сақланиб турибди. Хўш, бу анъана асоратидан қутулишнинг чораси борми? Бор, албатта. Вазиятни тубдан ўзгартириш учун 2та йўл мавжуд: болалар ва ўсмирлар футболига европалик мураббийларни жалб этиш лозим ёки россиялик ёш мутахассисларни Европа  академияларида узоқ вақт ўқиб-ўрганишларини таъминлаш шарт. Шундагина собиқ иттифоқ ҳудудида жойлашган мамлакатларда ҳам янгича футбол тафаккури шаклланади. Узоқ вақтни талаб қиладиган бу комплекс тадбир амалга оширилмаса, катталар футболига сарфланаётган улкан маблағлар, барибир, ўзини оқламайди. Россияда тўп суришаётган машҳур легионерлар рус футболига айтарли инқилобий таъсир ўтказишолмайди. Бунинг учун бошқача тафаккур соҳиби бўлган мураббийлар авлодини тарбиялаш талаб этилади.

Катта ёшдаги мухлислар «Спартак» (Москва) ва «Динамо» (Киев) ўртасида шакланган рақобатни яхши эслашса керак. Хўш, Константин Бесков қанчалар юқори савияли мураббий бўлмасин, нима учун Валерий Лобановский каби Европа футболини ҳайратга сололмади? Жавоб оддий - Бесков шўро футболи анъаналарига содиқ қолди, шу анъаналарга таяниб, уни шон-шарафга буркашни истади. Лобановский эса Киевда ўзгачароқ, еврофутбол тажрибасига таянган услубга асос солди. Икки буюк мураббий ўртасидаги асосий фарқ шу. Қолган барча жиҳатлар бўйича улар бир-бирларига муносиб эдилар. Арман футболида Хорен Оганесян, грузин футболида Давид Кипиани каби иқтидорларнинг камол топишлари ҳам соҳага ўзгача муносабатнинг натижаси ҳисобланади. Охир-оқибат, футболда Валерий Лобановский ғоялари тантана қилди. Агар украин футболи унинг ғояларидан воз кечмаса, аксинча, янги қарашлар билан бойитса, албатта, Европа миқёсида ўзига хос ғалабаларга эришади. Россия терма жамоа­си эса шу ўйини бўлса, ЖЧ-2018да шармандаликка юз тутиши мумкин. Ишончингиз комил бўлсинки, унинг ўйини яқин орада ўзгариб ҳам кетмайди. Ахир Фабио Капелло Россия терма жамоаси таркибига яна қайси футболчини жалб этсин?! У Россиядаги барча иқтидорли йигитларни синовдан ўтказиб бўлди. Шу боис, тан­қидларни жимгина тинглашга мажбур. Чунки у ҳақиқатан истеъдодларни кўриб турибди ва улардан ажо­йиб жамоа тузишига ишонмоқда. Ҳолбуки, ҳозирги ҳолатда Россияда унинг тасаввуридаги терма жамоани тузиш анча мушкул. Ҳар ҳолда, бизнингча, рус футболи бу жараёнга тайёр эмас. Ана, Хави ва Иньестанинг таркибда йўқлиги, Иско ва Кокенинг фаоллиги боис, Словения терма жамоа­сига қарши кечган баҳсда «қизил фурия»­нинг ҳаракатларида ижобий ўзгаришлар сезилди. Демоқчимизки, Висенте Дель Боске Испания терма жамоасида оҳисталик билан  инқилобий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Бу жараёнда у қийинчиликка учрамаяпти. Чунки таркибда Хави бўлмаса, Коке бор, Иньеста ўрнида Иско ўйнашга тайёр. Муҳими, изланишлар изчил давом этса, бас. Фабио Капеллода эса бундай имконият йўқ.  У ўзи истамаса ҳам, рус шарҳловчилари «столба», деб атайдиган Артём Дзюбага умид боғлайверади. Игорь Акинфеев ҳам ўзи англаб-англамай, тўпни узоқ масофа, яъни Александр Кокоринга узатаверади... Яна нима ҳам қиларди?! Ахир бошқаларда ишонч кам. Австрия ва Россия терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг бу ишонч­га баттар дарз кетди.

Хуллас, Евро-2016 саралаш босқичининг навбатдаги баҳсларидан кейин Австрия,  Польша, Словакия каби ўртамиёна жамоалар юксак орзуларга тўлиб-тошиб, олға боришмоқда. Совринларга қорни тўқ Испания ва Германия терма жамоалари эса саралаш ўйинларидан фойдаланиб, янги изланишларни бошлаб юборишди. Россия миллий жамоаси эса уйқуга кетиш олдидан тўл­ғонаётган айиқ каби безовта. Рус футболи бедорлик уйқусига кетадими ёки бирдан бедорлик сари юз буради? Бу саволларнинг жавоби ҳозирча очиқ қолади. Токи собиқ иттифоқ ҳудудида жойлашган мамлакатлар футболи вакилларининг Европа майдонларида тўп суришга муносиби топилмаётгани сабаблари пухта ўрганилмас экан, юқоридаги саволларнинг жавоблари мудом очиқ қолаверади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:50, 19.11.2014.
Ўқилди: 4602 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.