Эртага Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида “Камолиддин Кенжаевга ёрдам берамиз” хайрия акцияси бўлиб ўтишидан барчанинг хабари бор.
Ушбу хайрия акциясинин ўтказиш бўйича тузилган ташкилий гуруҳ сўнгги тайёргарликларни амалга оширишмоқда. “Геолог” спорт мажмуасини тадбирга мос равишда безаш, керакли жиҳозларни ўрнатиш, тадбир дастури ва бошқа шу каби тайёргарликлар аллақачон тайёрлаб қўйилди.
Фақат энди хайрия тадбирида воҳалик футбол ишқибозлари ва иштирокчилар фаол бўлишса бўлди. Бу жуда муҳим, ҳозирги кунларда юртимиз футбол ишқибозларининг ҳам эътибори шунда.
Хайрия тадбири иштирокчиларига яна бир янгиликни етказиб қўйишни ўзимизга лозим топдик. Кеча хабар берганимиздек хайрия тадбири доирасида футбол шоу учрашуви ҳам ўрин олган. Ана шу футбол учрашувида иштирок этадиган жамоа аъзолари учун “Насаф” ПФК томонидан махсус футболкалар ҳам тайёрлаб қўйилди. Бундан ташқари ана шундай футболкалардан хайрия иштирокчилари томонидан эсталик учун харид қилишга ҳам тайёрланди. Шуни такрор ва яна такрор айтамизки, ушбу футболкалардан тушган ҳар бир сўм маблағ Камолиддин Кенжаевга топширилади. Хайрия акцияси иштирокчилари бу каби саҳоватли ишлари билан Камолиддин Кенжаевни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссаларини қўшган бўлишади.
Яна бир нарсани эслатиб қўйсак, ана шундай футболкаларни харид қилган иштирокчилар тадбирда иштирок этган, ўзи ҳоҳлаган футболчи ёки мураббий билан бирга расмга тушиши ҳамда унинг дасхатини харид қилган футболкасига тушириб олиши мумкин. Бу ҳақда хайрия акцияси ташкилотчилари улар билан олдиндан келишиб қўйишган. Ҳеч кимга рад этилмайди.
Шунингдек, футбол учрашувида иштирок этган футболчиларнинг ҳам футболкаларини уларнинг дасхати ва бирга расмга тушиш шарти билан хайрия акцияси иштирокчиларининг харид қилиш имкони бўлади. Мабода бир футболкага икки ёки ундан кўп харидор бўлганда ким ошди йўли билан сотилади. Яна такрорлаймиз, хайрия акциясидан тушган барча маблағлар Камолиддин Кенжаевга топширилади.
Хайрия акцияси ташкилотчилари воҳалик футбол ишқибозларини ана шу тадбирда фаол иштирок этишларини кутишмоқда. Зеро, малакатимизда бўлгани каби воҳамизда ҳам саховатпеша инсонлар кўпчиликни ташкил этади.
Тадбирда таниқли журналист, ҳаммамизга таниш футбол шарҳловчиси, ҳурматли Хусан ака Темиров суҳандонлик қилади. Тадбирга марҳамат!
Хайрия тадбири эртага яъни, 22 ноябрь шанба куни Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида соат 15:00да бошланади.