Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Алишер Зиёвуддинов: "Терма жамоада ўйнаш - асосий орзум"

Баҳо:
+ | -

2014 йилги мавсум яқиндагина поёнига етди. Аммо мухлислар ҳозирданоқ катта футболни соғинишди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Уларни табиийки, жамоалардаги янгиликлар, таркиблардаги ўзгаришлар, футболчиларнинг таътилни қандай ўтказишаётганлиги қизиқтирмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, якунланган мавсум «Металлург» жамоаси асосий таркибидан муқим ўрин эгаллаган Алишер Зиёвуддинов билан боғландик.

«Мавсум тезроқ бошланишини кутяпман»

- Алишер, таътил қандай ўтяпти? Футболни соғинмадингизми?

- Рости, дам олишдан зерикдим. Бўш вақтларда маҳаллада болалар билан тўп тепиб турибмиз. Қисқаси, йиғинларнинг бошланиши, ўртоқларим билан дийдорлашишни кутяпман.

- Нима, таътилга чиққач, ҳеч ким билан кўришмадингизми?

- Нега энди, жамоадошларим билан кўришиб турибмиз. Яқинда икки ўйинчимиз уйланди. Суннатилла (Мамадалиев-муал.) ва Шоҳназар (Норбеков-муал.) нинг тўйи баҳона жамоадошлар билан учрашдик. Бироқ бирор баҳона сабаб кўришиш бошқа-ю, йиғинларда бирга бўлиш бошқа-да. Кўпи кетиб, ози қолди. Насиб қилса, 15 декабрдан Чирчиқда тўпланамиз. Тиббий кўрикдан ўтгач, кейинги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборамиз.

- Янги мавсумда жамоалар сони 16тага оширилиши ҳақидаги янгиликни қандай қабул қилдингиз?

- Жамоалар сони ошаётганлигидан фақат хурсанд бўлиш керак. Ўйин амалиёти кўпаяди. Футболчи қанчалик кўпроқ иш билан машғул бўлса, маҳорати шунча ошади. Нафақат чемпионат, балки мамлакат кубогида ҳам учрашувлар сони ошади. Янги рақиблар билан куч синашиш эса футболчига завқ бағишлайди. Ўз навбатида, бу янгилик мухлисларни ҳам хурсанд этмасдан қолмади, деб ўйлайман.

- Сизнингча, «Андижон» ва «Сўғдиёна»га олий лигада қолиш имконияти берилиши тўғрими ёки кўпчилик айтаётганидек, биринчи лиганинг 3-4- жамоалари билан ўтиш турнири ўтказилиши маъқул эди...?

- Спорт тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, ўтиш учрашувлари ташкил қилинса, яхши бўларди, албатта. Аммо биринчи лигада ўтган мавсум 3-4-поғоналарни эгаллаган жамоаларнинг «Сўғдиёна» ва «Андижон»га бас кела олишларига унчалик ишонмайман. Ҳар ҳолда, олий лига ҳавосини олган, катта тажрибага эга жамоалар шундай турнир ташкил этилганида ҳам, ғалаба қозонишарди.

2014 йил сарҳисоби

- Энди ортда қолган мавсум ҳақида гаплашсак. 2014 йилги мавсумдан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Жамоамизнинг эгаллаган ўрнидан тўла қониқдим, дея олмайман. Бунданда яхшироқ натижаларга ҳақли эдик. Ютишимиз керак бўлган бир қатор учрашувларда ижобий натижалар қайд этолмадик. Бунинг албатта, объектив ва субъектив сабаблари бор. Биринчи нав­батда, барча спорт турларидаги сингари футболда ҳам омад керак. Бутун ўйин давомида ташаббусга эришиб, якунда ютқазиб қўйган, дуранг билан чекланган учрашувларимиз бўлди. Айтайлик, Андижон, Навоий, Зоминда майдон эгаларига нисбатан ғалабага муносиброқ ўйин намойиш этгандик. Ёки ўз майдонимизда «Пахтакор»га қарши ўтган ўйинни олайлик, 10 киши қолиб ҳам, ҳисобни тенглаштириш уддасидан чиқдик. Бироқ чарчаб қолганимиз ва учрашув охирида бироз бўшашганимиз туфайли ютқазиб қўйдик. Аксинча, рақиб устунлик қилган баъзи ўйинларда биз матонат кўрсатган ҳолатлар ҳам учради. Бунга Қаршида «Насаф» билан кечган ўйин мисол.

- Бевосита ўз ўйинларингиз хусусида...

- Нима ҳам дердим, ўйинимга мураббийларимиз, мухлислар баҳо беришади. Бу ҳақда ўзим гапиришим қийин. Лекин шу нарсани айтишим керак, бу йил мураббийларимиз менга кўпроқ ишонч билдиришди. Асосий таркиб ўйинчиларидан бирига айланганимдан хурсандман. Голлар урдим. Чиройли комбинацияларда иштирок этдим. Ғалаба шукуҳи, мағлубият аламини жамоадошларим билан бирга татиб кўрдим. Футболчи учун доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлиш, мухлисларга қувонч улашиш, эл назарига тушишдан ортиқ бахт йўқ, ахир.

- Статистикага назар ташласак, фао­лиятингизда яққол ўсиш бўлганини кўрамиз: 2013 йилги мавсумда 6та ўйин­да жами 214 дақиқа ўйнагансиз, холос. XXIII миллий чемпионатда эса 25та учрашувда майдонга тушиб, 2146 дақиқа тўп сурдингиз. Қолаверса, рақиблар дарвозасига 4та гол уриб, ҳакамлардан 2 марта огоҳлантириш олдингиз...

- Яна такрор айтаман, мураббийларимизнинг менга кўпроқ эътибор қаратишаётганидан хурсандман. Икки йил ичидаги тафовутни кўриб, ўзим ҳам рости, ғурурланиб кетдим. Бу албатта, устозларнинг бераётган ўгитларига риоя этаётганимнинг самараси. Рустам Мирсодиқов, Микола Шевченко, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Февзи Давлетовнинг кўрсатмаларига биноан мавсумга пухта ҳозирлик кўргандик. Жисмоний тайёргарлигим уларга маъқул келди, чоғи, таянч ярим ҳимоясида менга кўпроқ ишонч билдиришди. Мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлаганлигимдан хурсандман, бироқ ҳали ўз устимда янада кўпроқ меҳнат қилишим, тинимсиз ишлашим ва изланишим шартлигини яхши биламан.

- Бу яхши, албатта, хўш, танқидларга муносабатингиз қандай?

- Ижобий натижадан кейин мураббийларимиз ўйинга ортиқча изоҳ бериб ўтиришмайди. Агар ўйинимиз чиқмаса, қовушмаса, танбеҳ беришади, албатта. Камчиликларимиз, нуқсонларимизни рўй-рост айтишади. Танқидларни тўғри қабул қиламан. Нафақат мураббийлар, балки мухлислар, таниш-билишларимнинг эътирозларига ҳам қулоқ тутаман. Жамоада айниқса, Абдуқаҳҳор ака кўпроқ танбеҳ бериб туради. Чунки ўйиндан кейин кўпинча у киши билан бирга уйга қайтамиз. Йўл давомида ўйинни таҳлил этиб боради. Қаерда хатога йўл қўйганим, ке­йинги сафар шундай ҳолатларда қандай ўйнашим лозимлигини уқтиради. Бунинг учун албатта, ундан миннатдорман.

- Бу йил ўз позициянгизда сизга кимлар асосий рақобатчи бўлишди?

- Таянч ярим ҳимоясида ўйнайдиган футболчилар жамоамизда етарли. Мендан ташқари, Суннатилла Мамадалиев, Дониёр Одилов, Дилмурод Каримов, Мирғиёс Сулаймонов майдон марказида ҳаракат қилишади. Бироқ бу йил мураббийлар вазият тақозосига кўра, Дониёрни кўпроқ марказий ҳимояда ҳам ўйнатишга мажбур бўлишди. Мавсум охирига келиб, Мирғиёс ўнг қанот ҳимоясида майдонга тушди. Хуллас, марказда асосий оғирлик Мамадалиев, Каримов ва менинг зиммамга тушди. Дилмурод кўпроқ рақиб ўйинини бузиш билан машғул бўлди. Суннатилладан мураббийлар ҳужумчилар ортидаги таянч ҳудудида фойдаланишди. Мен эса жамоа ҳужумини тузиш, зарурат туғилган ҳолатларда рақиб ҳамласини бузиш билан шуғулландим.

- Умуман, сизга кўпроқ ҳужумни ташкиллаштириш ёқадими ёки рақиб ҳужумини тўхтатиш?

- Футболда ҳар иккаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фақат ҳужум уюштириш билан ўйин ўтказолмаганимиздек, ҳимояга ётиб олишимиз ҳам мумкин эмас. Бироқ мухлисларга хуш кайфият улашувчи чиройли ҳужумларни ташкил этиш, гол завқини туйишга нима етсин...?

- Бу йил 4та гол урдингиз. Ўша вазиятларда ўзингизни қандай ҳис этдингиз?

- Осмонда учиб юрдим, гўё. Ҳужумчиларга шунинг учун ҳавас қиламан. Голларим сони бунданда кўпроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Бир қатор қулай вазиятлардан фойдаланолмадим. Улар ҳамон кўз олдимда чарх уради. Бир марта пенальтини амалга оширолмай, жамоадошларимга панд берганим учун ўзимни ҳалигача койийман. Аммо иккинчи томондан, футболчи натижани тезда унутиши, кейинги ўйинга янги куч - ғайрат билан тушиши лозим.

Терма жамоада ўйнаш орзуси

- Бироз орқароққа қайтиб, сизни «Металлург»га қабул қилишган пайт­га назар ташласак. Зеро, жамоа ўйинига тезда қўшилиб кетгандингиз, аммо орада 2 йил нимагадир таркибда кўринмай қолдингиз. Бу йил яна асосий ўйинчилардан бирига айландингиз...

- Мени «Металлург»га Александр Мочинов 2010 йил охирида тавсия этганди. Олий лигадаги биринчи мавсумим - XX-миллий чемпионат менга бир қатор қувончли дақиқаларни тақдим этди. Нима десам экан, илк муваффақиятлардан бошим айланиб қолди, шекилли, ўз устимда ишлашни ташлаб қўйдим. Натижада кейинги икки мавсум «бўш» ўтди. Бунинг учун албатта, ўзим айбдорман. Ўша мавсумларни эслагим келмайди. Бироқ ундан кўз юмиб бўлмайди. Биринчи навбатда, Рустам акага катта раҳмат. У киши менга қайта ишонч билдирди, тўғри йўлга солди ва ўйин амалиёти берди. Айнан шу ишончни суиистеъмол қилмаслик учун ҳам тинимсиз шуғулландим, ўз устимда ишладим. Қолаверса, футболчи бўлишдан олдимга қўйган мақсадларим, орзуларим бор. Шуларга эришиш йўлида ҳали тинимсиз изланишим керак. Худога шукур, яна ўйи­нимни топиб олдим. Жамоада ўрним, ўйинимга эга бўлаётганимдан бошим осмонда. Оилада онам, яқинларим муваффақиятларимдан хурсандлар. Насиб қилса, барча ниятларимга эришаман.

- Сир бўлмаса, қандай орзу-умидлар билан яшаяпсиз?

- Энг катта орзим - бу терма жамоа таркибида майдонга тушиш, халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя этиш, нуфузли мусобақаларда қатнашиш.

- Сиз ўйнаётган чизиқда рақобат ғоят кучли: Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Жамшид Искандеров, Жавлон Иброҳимов...

- Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Марказий ярим ҳимояда истеъдодларимиз азалдан кўп бўлган ва ҳозир ҳам оз эмас. Аммо «Чумчуқдан қўрқ­қан тариқ экмайди», деган нақл бор халқимизда. Терма жамоада ўйнаш истаги янада иродали бўлишимни, кўпроқ меҳнат қилишимни тақозо этади. Қийинчиликлардан чўчимайман, ишлашдан чарчамайман. Қисқаси, терма жамоа мураббийлари назарига тушиш учун бор куч ва маҳоратимни ишга соламан.

- Янги йилнинг дастлабки ойидан эътиборан миллий жамоамиз Осиё кубоги финал раундида қатнашади. Сиз ундан нималар кутяпсиз?

- Ижобий натижа. Миллий терма жамоамиз сўнгги ўйинларини яхши ўтказиб, мухлислар умидини тиклади. Насиб бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси «яшил қитъа» майдонларида ҳужумкор ўйинлари билан ишқибозлар ишончини оқлайди.

- Бу йил «Металлург» жамоасидан бир қатор ўйинчилар терма жамоалар йиғинларига чақирилишди...

- Ҳа, Шаҳзодбек Нурматов миллий жамоамиз, Шоҳназар Норбеков эса ёшлар термасига жалб этилишди. Улардан ташқари, Суннатилла Мамадалиев, Ҳикмат Ҳошимов сингари ўйинчиларимиз ҳам селекционерлар эътиборига арзийдиган мавсумни ўтказишди, деб ўйлайман. Муболағага йўйманг, Ҳикмат Ҳошимов ҳозирги ёшида ҳам олий лига либеролари орасида яққол ажралиб турди. Жуда ишончли ҳимоячи. Бу албатта, шахсий фикрим. Аммо таркибни ёшартириш, ёшларга йўл бериш кераклигини ҳам тушунаман. Эҳтимол, бу борада мухлислар фикримга қўшилишар...

«Футболга бироз кечикиб кириб келганман»

- Бевосита Алишер Зиёвуддиновнинг футболга кириб келиш тарихини ҳам ёдга олсак...

- Қаршилигим йўқ. Асли Янгийўлданман. 10 ёшимдан Гулбаҳор шаҳарчасидаги БЎСМга қатнай бошлаганман. Қишлоқ шароити бўлганлиги боис, тенг­қурларимга қараганда, футболга бироз кечикиб кирганман. Биринчи мураббийим - Андрей Снетков. 9-синфгача шу даргоҳда чарм тўп сирларини ўргандим. Ундан кейин туманимиздаги Ахборот технология­лари касб-ҳунар коллежида таҳсил олдим. 2009 йили Снетковнинг тавсиясига биноан мени «Оқ-тепа» жамоасига қабул қилишди. 2 мавсум Александр Мочинов қўл остида ўйнадим ва унинг тавсиясига кўра, 2011 йили «Металлург»га ўтдим.

- Энг куйинчак мухлисларингиз кимлар?

- Оилада онам 3 фарзандни ёлғиз катта қилдилар. Опаларим турмушга чиқишган. Ҳар гал ўйиндан қайтишимни онам интизорлик билан кутиб ўтирадилар. Қисқаси, энг куйинчак мухлисим - онаизорим. Улар қандай натижага эришишим эмас, биринчи навбатда, соғ-омон бўлишим, жароҳатланмаслигимни истайдилар. Кейин Элнур исмли жияним бор. Ҳар сафар учрашувлардан сўнг биринчилардан бўлиб қўнғироқ қилади. Қандай ўйнаганимиз, натижани сўрайди. Яқин танишларим, оғайниларим, қўни-қўшнилар, хуллас, мен учун қайғурадиган мухлислар бор...

- Жамоадаги муҳит тўғрисида...

- Бизда ҳаммаси рисоладагидек. Футболчиларнинг ўзаро муносабатлари аъло даражада. Тажрибали ўйинчиларимиз кўмагида ёшлар ўз ўринларини топиб кетишмоқда. Жамоада мўътадил муҳитнинг сақланиб туришида ҳам уларнинг ўрни беқиёс. Ҳикмат Ҳошимов, Шуҳрат Йўлдошев, Саидкомил Акбаров сингари фахрий футболчилар биз - ёшларнинг хатоларимизни айтиб туришади. Майдонда шахсий намуна кўрсатишади. Айтмоқчиманки, жамоамизда тажриба ва ёшлар ғайрат-шижоати уйғунлашган. Охирги икки мавсумда бир қатор учрашувларда мухлисларга манзур тушувчи футбол намойиш этдик, деб ўйлайман. Гранд жамоалар ҳам Бекободга ўйлаб келадиган бўлишди. Бу албатта, «Металлург»нинг кучи ва имкониятларидан далолат беради.

- Янги мавсумга боғлиқ режалар қандай...?

- Юқорида айтдим, «Металлург» йиғинни 15 декабрдан бошлайди. Вазифамиз улкан, албатта. Кейинги йили клубимиз ташкил этилганига 70 йил тўлади. Бундай юбилейни юксак натижалар билан қарши олишни хоҳлаймиз. Бевосита ўзимга тўхталсам, ўйинимни янада кучайтириш йўлида изланишдан тўхтамайман. Мақсадим - чиройли ўйин билан ишқибозлар эътибори, меҳрини қозониш, устозлар ўгитига амал қилиш, етук футболчилардан бирига айланиш, халқаро майдонларда тўп суриш...

- Барча эзгу ниятларингиз ижобатга айланишини тилаймиз. Тезроқ яшил майдонларда кўришиш насиб этсин...

- Айтганингиз келсин, раҳмат.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:17, 02.12.2014.
Ўқилди: 4524 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.