Яшил майдонлардаги баҳслар поёнига етди. Мамлакатимизнинг футбол жамоаларидан иборат карвон марра чизиғини босиб ўтди. Уларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажралди. Навбати билан олтин куз ўз ўрнини беғубор қишга бўшатиб берди. Демак, зудлик билан «жўжа»ни санаб қолиш керак, назаримизда. Бу галги таҳлилимизни 1-лигадаги ҳолатга бағишлаймиз.
Таъкидлаш жоиз, бир неча йилдирки, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси биринчи лига ўйинларини икки босқич асосида ўтказиб келмоқда. Шу давр оралиғида ушбу тизимнинг самарасиз эканлиги қалам аҳли томонидан етарлича ёритилди. Афсуски, шунга қарамай, ундан воз кечилмади. Шундай экан, яна эски мавзуга қайтишга мажбурмиз. Айтиш лозим, бу мақола асосан фикр-мулоҳазалардан иборат. Унда баён этилган таҳлиллар бошқа бировнинг тасаввуридан фарқ қилиши мумкин. Ахир ҳар кимнинг дунёқараши, фикрлаши ўзгача. Буни ҳеч ким инкор этмайди, албатта...
Демак, бошладик. Маълумки, жорий йилги биринчиликнинг илк босқичида қатнашган «Шарқ» минтақаси жамоалари тўрт ҳудуд - Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келди. «Ғарб»ники эса нақ етти ҳудуд - Қорақалпоғистон республикаси, Жиззах, Сирдарё, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари жамоаларини қамраб олди. Тошкент ва Сурхондарё вилояти жамоалари эса ушбу мусобақадан бенасиб қолишди. Дастлабки гуруҳдан ўрин олган барча иштирокчиларни таркиб жиҳатидан ҳам, маблағ томонидан ҳам деярли тенг жамоалар, деб ҳисоблаш мумкин. Иккинчи гуруҳдагилар эса бунинг акси. Муболаға эмас, кимлардир «Мусобақа ташкилотчилари бу тизимни жамоалар иқтисодини тежаш мақсадида жорий қилишган», дейишлари муқаррар. Бироқ...
Биринчидан, бу ерда жамоаларнинг тежаши кўзланган маблағ ўртасида мутаносиблик кўринмаяпти. Негаки, «Шарқ»даги Тошкент шаҳри жамоаларининг водий вилоятларига бориб-келишлари ёки аксинча, водий клубларининг пойтахтга сафарлари унчалик катта харажат талаб этмайди. Буни ушбу ҳудудларнинг яқин масофада жойлашганидан билиш қийин эмас. Бинобарин, Қорақалпоғистоннинг «Орол» ёки Хоразмнинг «Хоразм» жамоаларининг Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёга сафарлари, ушбу вилоятлар клубларининг воҳага бориб-келишлари нариги гуруҳдаги харажатлардан икки баробар қимматга тушади. Ҳаттоки, Бухорадан Нукус ва Қаршидан Урганчга бориш учун ҳам анча йўл босиш керак. Боз устига, ушбу жамоалар иккинчи босқичда Тошкент шаҳри ва водий жамоалари ҳузурига ҳам йўл олишлари даркор. Демак, юқорида таъкидланган «иқтисод» атамаси икки минтақага тенг тааллуқли эмас. Шунга асосланиб айтсак, биринчи босқичда «Шарқ» зонасида саккизталикка киролмаган «Бунёдкор-2» (Тошкент), «Чуст-Пахтакор» (Чуст), «Косонсой» (Косонсой) ва «Локомотив-БФК» (Тошкент) жамоалари энг оз маблағ сарфлаган бўлиб чиқишади. Улардан кейинги қаторда «Ғарб» минтақасининг 4та омадсиз клуби туради.
Т|р. Жамоалар Ў Ю Д М Т-Н О
1. Чуст-Пахтакор («Шарқ») 4 3 1 0 6-3 10
2. Косонсой («Шарқ») 4 1 3 0 7-4 6
3. Бунёдкор-2 («Шарқ») 4 1 2 1 7-7 5
4. Локомотив-БФК(«Шарқ») 4 1 1 2 6-9 4
Улардан 2таси, яъни Самарқанднинг «Регистон» ва Бухоронинг «Спартак» жамоалари молиявий муаммо туфайли биринчи босқични ҳам тугатолмай, мусобақани эрта тарк этишди. Кутилмаганда, бу икки жамоа қаторига «Хоразм»нинг ҳам қўшилишига бир баҳя қолди. Урганчлик футболчилар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашувга бориш учун маблағ тополмадилар. Тезда кўрилган чора-тадбирлар эвазигагина муаммо бартараф этилди. Умуман, икки босқичли тизимда 1-16-ўринлар учун курашган қатор жамоалар ҳам бироз қийналишди. Айтайлик, ҳал қилувчи босқичда «Истиқлол» жамоаси сафарда «Хоразм» билан куч синашиб, 3 кундан кейин бор-йўғи 160 километр узоқликда жойлашган Нукус шаҳрида «Орол» билан кечадиган ўйинга бормай, тўппа-тўғри Тошкентга қайтганини, «Зомин»нинг эса Уйчида бўлмаганини изоҳлаш мушкул эмас. Ҳаттоки, айрим жамоалар сафарга захира футболчиларисиз ташриф буюришган ҳолатлар ҳам учради. Бу бир мавсумда 46та учрашув ўтказишнинг салбий оқибатидир. Шу ўринда бақувват ҳомийларга эга олий лига жамоаларининг мавсум давомида 26тадан ўйинда майдонга тушишларини маълумот сифатида келтириш жоиз.
Иккинчидан, «Шарқ» ва «Ғарб» минтақалари жамоаларини тажриба ва ўйин бобида икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчи лиганинг иккинчи босқичидан кейинги якуний жадвалга эътибор қаратсангиз, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Жадвалнинг дастлабки олти поғонасини эгаллаган жамоалардан 5таси «Шарқ»ники, пастдан ўрин олган 7та жамоадан 5таси «Ғарб»ники эканлиги улар орасидаги тафовутдан далолатдир. Мавсум давомида биринчи лига учрашувларида кўплаб йирик ҳисоблар қайд қилинганлиги ҳам жамоалар кучи тенг эмаслигидан гувоҳлик беради.
Фикримизни Бухоро шаҳрида ташкил этилган биринчи босқичда 9-12-ўринларни эгаллаган жамоалар ўртасидаги иккинчи босқич баҳслари ҳам тасдиқлайди. Унда 8та жамоа ўрнига 5таси иштирок этди. Қизиғи шундаки, мусобақада «Шарқ» минтақасининг барча вакиллари - «Локомотив-БФК», «Чуст-Пахтакор», «Косонсой», «Бунёдкор-2» жамоалари қатнашишди. «Ғарб»дан эса фақатгина «Ғиждувон» иштирок этди. Бухоро вилояти футболчилари мусобақа ўз майдонларида ўтказилгани туфайлигина майдонга тушишгандек, гўё. Агарда «Регистон» ва «Спартак» жамоалари 1- лигадан четлатилган бўлсалар, турнирда «Гулистон»нинг умуман кўриниш бермагани ажабланарли. Демак, ҳаммаси маблағга бориб тақалмоқда. Қаранг, ушбу турнирда ҳам «Шарқ» вакилларининг яққол устунликлари кўриниб турибди. 5та жамоа ўртасида «Ғиждувон» ақалли 4-поғонани ҳам эгаллай олмади.
Бундан келиб чиқадики, мабодо мусобақа ташкилотчилари биринчиликни келаси йили ҳам икки гуруҳда ўтказишни лозим топишса, уларга жўяли таклифларимиз бор. Жамоаларни «Шарқ» ва «Ғарб» минтақасига ажратмай, битта гуруҳ «А» синфи, яъни биринчи лига, иккинчи гуруҳ «Б» синфи, яъни иккинчи лига сифатида олинса мантиққа тўғри келади. Шу пайтгача иккинчи лига саналиб келинаётган вилоятлар биринчиликлари эса «вилоят чемпионати» мақомини ола қолсин. Демоқчимизки, мақсадсиз жамоаларнинг биринчиликда иштирок этишларига йўл қўйилмасин. Оз бўлсину - соз бўлсин!
Энди биринчи лига жамоалари иштирокидаги учрашувларга тушаётган томошабинлар ҳақида икки оғиз. Бу ҳақда фақат ачиниш ҳиссини билдириш мумкин. Баъзи жамоаларнинг ўз майдонларидаги ўйинларига ташриф буюрган мухлисларни санашга икки, борингки, тўрт қўлнинг бармоқлари етарли. Бунга бир неча бор гувоҳ бўлдик. Бироқ қайсидир ҳакамлар учрашув қайдномасини тўлдиришаётиб, мухлислар сонини кўпроқ кўрсатишга «ўрганиб» қолишган. Гўёки, улар бу хизматлари билан футболимиз юксалишига ҳисса қўшишаётгандек. Умуман, учрашувлар қайдномасида кўрсатилаётган ишқибозлар сони ҳақидаги рақамлар қаердан олиняпти ўзи? Стадионда чипта сотилганини ёхуд у ерга кираётган ишқибозларни санаётган навбатчини деярли кўрмаганмиз. Бундан рақамларнинг юзаки эканлиги сезилиб турибди. Назаримизда яшил майдон ва унинг атрофидаги барча икир-чикирларга реал ёндашишимиз керак. «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади», деганларидек, футболимиздаги ҳар қандай майда-чуйда камчиликлар ҳам унинг ривожига халақит бериши турган гап.
Биринчи лига оламидаги яна бир нохуш ҳолат шуки, айрим футбол сайтлари ва газеталарни айтмасак, аксарияти ўйинларни сира ёритмаяпти. Бу масалага футбол жамоасига эга айрим вилоят ва туманлар матбуот нашрларининг ходимлари ҳам панжа орасидан қарашади. Гўёки, футбол уларга бегонадек. Ушбу ҳолатга клуб раҳбарлари ҳам бефарқлар. Наҳотки, мутассаддилар футбол халқ учун яратилгани, мухлис учун ўйналишини англашмаса? Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан олий лига жамоаларида матбуот хизматининг фаолият юритиши мажбурий эканлиги белгилаб қўйилган ҳолда, қуйи лигага унчалик эътибор берилмаётгани ғалати. Клублар олдига матбуот котиби лавозимини жорий этиш бўйича жиддий талаблар қўйилмас экан, вазият ўзгармаса керак. Баъзи клублар томонидан етарли тарғибот ишлари олиб борилмаётгани мазкур мусобақага нисбатан қизиқишни сусайтирмоқда. Агарда айтганларимиз ҳаётга татбиқ этилса, жамоа ва ишқибозлар орасида ўзига хос кўприк яратилишига эришиларди, шунингдек, турли оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ўзларини қизиқтираётган хабар ва янгиликларни тезкорлик билан оммага тарқатишни йўлга қўйишарди. Бизнингча, иштирок учун катта миқдорда пул сарфлаётган клублар битта матбуот ходимига иш ўрни очиб, уни маош билан таъминлашга қийналишмаса керак. Фақат мутассаддилардан ҳафсала ва хайрихоҳлик талаб этилади, холос. Ўз навбатида, бу масала юзасидан ЎзПФЛнинг ҳам тегишли қарор қабул қилишидан умидвормиз.
Хулоса қилиб айтганда, биринчи лигада охир-оқибат, тизимни қайта тиклаш вақти келди. Энг асосийси, иштирокчи жамоалар сонини камайтириш керак. Балки келаси йили олий лигадаги сингари 16та клуб қолдириш мақсадга мувофиқдир. Ундан кўпи ҳар томонлама ортиқчалик қилади. Ана шунда биринчи лигага ўтиш турнирининг ҳам муросасиз ва қизиқарли кечишини кўринг. Қолаверса, жамоалар ўртасида рақобат ҳам вужудга келади. Яна тегишли ҳокимлик ёхуд ташкилотлардан мусобақада иштирок этадиган жамоани иқтисодий томонлама қуллаб-қувватлаш ҳақида кафолат хати олишни давр тақозо этаётир. Зеро, кейинчалик клуб ходимлари ва футболчилари ойлик маоши ва бошқа турдаги ҳақларини ололмай, азият чекишмасин. Ушбу сатрларни битишдан асосий мақсадимиз - биринчи лига ўйинлари ҳам томошабоп ўтишига туртки бериш. Токи, мухлисларимиз учрашувларни мириқиб томоша қилишсин. Шунинг баробарида ўзбек футболи довруғини кўкларга кўтарадиган йигитлар етишиб чиқишсин. Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, футбол - халқ ўйини.
Т|р. Жамоалар Ў Ю Д М Т-Н О
1. Шўртан («Ғарб») 30 25 2 3 88-18 77
2. Қўқон-1912 («Шарқ») 30 23 2 5 75-28 71
3. Обод («Шарқ») 30 20 3 7 61-33 63
4. Оқ-тепа («Шарқ») 30 19 4 7 70-41 61
5. УзДонгЖу («Шарқ») 30 17 1 12 51-41 52
6. NBU-Осиё («Шарқ») 30 14 5 11 59-46 47
7. Машъал-2 («Ғарб») 30 13 5 12 33-42 44
8. Зомин («Ғарб») 30 11 6 13 39-44 39
9. Пахтакор-2 («Шарқ») 30 11 6 13 50-57 39
10. Орол («Ғарб») 30 10 4 16 33-38 34
11. Хоразм («Ғарб») 30 8 8 14 37-51 32
12. Аланга («Ғарб») 30 9 5 16 39-56 32
13. Истиқлол («Шарқ») 30 10 1 19 54-71 31
14. Хотира -79 («Шарқ») 30 8 6 16 42-60 30
15. Шердор («Ғарб») 30 8 5 17 23-63 29
16. Ғаллакор-Авт. («Ғарб») 30 1 3 26 35-100 6