Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мануэль Нойер Левдан кейин биринчими?

Баҳо:
+ | -

Кўпчиликнинг фикрича, бу йилги энг олий индивидуал соврин - «Олтин тўп» ниҳоят, яна бир марта дарвозабонга тегиши керак. Яъни Германия терма жамоа­си посбонининг сўровдаги имкониятини юқори баҳолаётганлар етарли. «ССФ» нашри Нойернинг биринчи мураббийи - 67 ёшли Зигги Хюнеборн билан суҳбатлашиб, ҳозирги номинантнинг «Олтин тўп»ни ютган ягона кипер, афсонавий Лев Яшинга ўхшаш жиҳатларини аниқлади. Хўш, «Бава­рия»нинг биринчи рақамли футболчиси қачон жарима майдонидан четга югуриб чиқишни ўрганган, эндиликда жаҳоннинг тенгсиз посбони саналаётган Мануэлни вақтида «Шальке» мактабидан нега ҳайдамоқчи бўлишган?

«У жуда кичик, бизга керак эмас...»

- Мен Мануэлни 3 йил шуғуллантирганман - 9 ёшидан 12 ёшигача,-дея эслайди Хюнеборн. - Айнан ўша вақт, яъни Нойер 10-12 ёшли болалар шуғулланадиган D гуруҳига ўтганида, «Шальке»да муҳим қарор қабул қилинганди. Аниқроғи, энг ёш голкиперларга ҳам алоҳида дарвозабонлар мураббийи тайинланган. Бу ўзига хос янгилик эди. Чунончи, олдинлари дарвозабонлар мураббийлари фақат 16 ёшли ва улардан катта тарбияланувчилар билан ишлашарди. Хуллас, Ману билан ҳафтада 2 марта қум-тупроқли қопламада шуғуллана бошладик. Эсимда, у доимо битта нарсани сўрарди: «Устоз, катта дарвозада туришни хоҳлайман». Гарчи болалар жамоаларида асосан 5х2 ўлчамдаги дарвозадан фойдаланилсада, унинг илтимосини рад этолмасдим.

- Кичик Мануэль яна қайси жиҳатлари билан эсингизда қолган?

- Гавдаси жуда кичик эди, шунга яраша нозик ҳам. Шунчалик кичикки, 14 ёшга тўлганида, унга жавоб бериш масаласи кўриб чиқилган ҳатто. «Шальке» ёшлар-ўсмирлар футболи раҳбари дангалини айтганди: «У жуда кичик ва бизга керак эмас». Аниқ рақамни эслолмайману, лекин ўшанда Манунинг бўйи 160 сантиметрга ҳам етмаганди. Хуллас, мен ёнимга яна 2 нафар мураббийни олиб, уни ҳимоя қилганман: «Мануэлнинг отаси бўйдор - 190 см., буваси ҳам новча. Бу йигитча ҳам ҳали ўсади». Гарчи раҳбарият таваккал қилишни хоҳламаган бўлсада, биз охир-оқибат, Нойерни қолдиришга кўндирганмиз. Мануэлнинг ўзи бир сафар тан олганди: «Агар ўшанда мени мактабдан чиқариб юборишганида, ҳеч қачон бундеслигада ўйнаш даражасига чиқолмасдим ва ҳозир эҳтимолки, ҳаваскорлар жамоасида фаолият юритиш билан чекланармидим...?»

- У сизни катта дарвозада туриш хоҳишидан ташқари, яна нимаси билан лол қолдирган?

- Тўпни илиб олиш техникаси ва бўйи пастлигига қарамай, сакровчанлик қобилияти билан. Йўқ, дарҳол унинг бўлажак юлдуз эканлигини пайқаган эмасман. Бироқ йигитчанинг аниқ мақсад йўлида тер тўкаётгани шундоқ кўриниб турарди. Айтайлик, 3 йил давомида бирор марта машғулотни ўтказиб юбормаган. Бирор марта! Ҳаттоки, бетоб ёки шамоллаган бўлса ҳам келарди. Онаси ва буваси уни доимо қўллаб-қувватлашарди. Масалан, мактабга машинада келтириб қў­йишар ва ўзлари олиб кетишарди.

- Отасичи?

- У полицияда ишларди ва ўғлини мактабга келтириб қўйиш учун шунчаки, вақт ажратолмасди. Боз устига, биз асосан тушликдан сўнг машғулот ўтказардик.

 

«Бутун ўйин давомида

майдон марказидан гол уришга уринганДИ...»

- Нойерга имконият туғилиши билан жарима майдони ташқарисига чиқишни ҳам сиз ўргатганмисиз?

- Йўқ, йўқ. Лекин у доимо майдонда олдинга интиларди. Айтайлик, ўйин ярмигача 2-3та тўп фарқини таъминлаган бўлсак, Ману ёнимга келиб, илтимос қиларди: «Мураббий, олдинда ўйнасам майлими?» Хуллас, чамаси 4 марта уни бошқа дарвозабон билан алмаштириб, охирги 15 дақиқада марказий ҳужумчи сифатида тўп суришига имконият берганман. Ўз ўрнида айтиш керак, у шу ўйинларнинг бирортасида гол уролмаган ва бундан роса ранжиган ҳам. Йигитча тўпурар эмасди, лекин тўп билан муомала қилиш техникаси майдон ўйинчилариникидан яхши эканлиги кўриниб турарди.

- Умуман, Нойер дарвозабон-либеро функциясини қачон бажара бошлади?

- С гуруҳига ўтганидан сўнг. Яъни 13-15 ёшида. Ўша вақт мен уни назардан бироз қочиргандим. Бироқ бир сафар менинг мактабим жамоаси (Хюнеборн «Шальке» тизимидан таш­қари, бошқа жойда ҳам ишлаган) «Шальке» тарбияланувчиларидан тузилган термага қарши ўйнади. Рақибимиз таркибида 15 ёшли Нойер ҳам бор эди. «Устоз, салом!»,-дея қичқирди у майдонга тушаётиб. Ўйин давомида Манунинг тўлиқ вақт жарима майдони чизиғи ва марказий доира орасида ҳаракатланганини кўриб, тўғриси, ғоят ҳайратландим. Биз 0:10 ёки 0:11 ҳисобида ютқазган ва Но­йер бутун ўйин давомида марказдан зарба бериб, гол уришга уринганди. Ҳаттоки, танаффусда шогирд­ларимга алоҳида уқтиргандим: «Биз ўйинда ғалаба қозонолмаймиз. Лекин зинҳор рақиб дарвозабонининг гол уришига йўл қўйманглар!» Ўйлашимча, Нойер бундай ўйин услубини Леманнга ҳавас қилиб ўрганган. Ўзим ҳам Йенсни маълум вақт шуғуллантирганман. Ўшанда у 17 ёшда эди. Умуман, Леманн Германияда дарвозадан узоққа чиқиб, либеро вазифасини ҳам бажарган биринчи дарвозабон ҳисобланади. Кўринишидан, Ману айнан Леманндан ибрат олган ва мана энди ундан сезиларли тарзда ўзиб кетди. Яна шуни қайд этишим керак, Нойер гандбол дарвозабонларидан ҳам кўп нарса ўзлаштирган. Моҳиятан олсак, футбол дарвозабонлари орасида ҳеч ким унинг­дек техникага эга эмас.

- Сизнингча, ҳозирги Нойернинг ўйинида қандайдир камчиликлар ҳам борми?

- Унинг услуби ўта таваккалчилик эканлигини айтмаганда, йўқ. Но­йернинг ўзи кўп бора такрорлайди: «Агар қарор қабул қилишда сониянинг бир улушига кечиксам ҳам, ўта аҳмоқона ҳолатга тушаман». Шогирдимнинг ўйинини кўрсам, шу қадар асабийлашаманки, ҳатто «Бавария» Гельзенкирхенга келганида, стадионга бормай қўйдим. Қолаверса, «Шальке» фанатлари орасида Мануни ҳамон сотқин ўрнида кўриб, ҳақоратлайдиган аҳмоқлар ҳам топилади...

- Ўзингизчи, унинг «Бавария»га ўтганини қандай баҳолайсиз?

- Нойер барчасини тўғри қилди! Сен «Шальке»да 30 йил ўйнашинг мумкин, аммо чемпион бўлишинг даргумон. Мана, Ману «Бавария»га ўтмаганида, жаҳонда энг яхши кипер даражасида тан олинмасди.

 

«Яшин ва Нойер -

инҚилобчилар»

- Руммениггенинг фикрича, «Олтин тўп-2014»ни шунчаки, Нойерга топширишга мажбурлар. Сизнингча, шундай бўлиши мумкинми?

- Ички сезги яхши томонга буряпти. Ўйлашимча, Мануэлнинг имконияти 50|50 кўринишида. Иккинчи 50 фоиз Роналдуга тегишли. У бебаҳо, такрорланмас футболчи. Лекин Нойернинг устун томони - ЖЧдаги ишонч­ли ўйинлари ва новаторлик услуби.

- Футбол тарихида «Олтин тўп» атиги бир марта дарвозабонга топширилган, холос...

- ...Лев Яшинга. Ўзим ўйнаган вақт­лар менинг кумирим айнан Яшин эди. Гарчи ўша давр Германияда ҳам ажойиб голкиперлар ўйнаган бўлсаларда, айнан Яшинга ҳавас қилардим. Зеро, у ўзига хос ноёб ўйин услубини кашф этганди. Айниқса, хотиржамлиги билан лол қолдирарди. Бошқалар ақл бовар қилмас сакраш орқали тўпни қайтаришга уринсалар, Яшин шунчаки, уни илиб оларди. Чунки тўпнинг қайси томонга учаётганини ғалати тарзда пайқарди. Бу - қойилмақом сезги ва тўғри позиция танлаш салоҳиятининг маҳсули. Айтганча, Нойер ўйинни уқий олиш бобида айнан Яшинни эслатади.

- Уларда яна қандай ўхшаш жиҳатлари бор?

- Бугунги футбол анча тезкор, демак, Нойер қарорларни тезроқ қабул қилиши керак. Лекин ўхшашликлар ҳам бор. Айтайлик, Ману худди Яшин каби доимо ҳайратланарли хотиржамликни сақлаб туради. Ҳарқалай, бурчак тўпи ёки жарима зарбаси ижро этилаётган пайт саросимага тушганини ҳеч қачон кўрмайсиз. Яна ҳар иккиси - футбол инқилобчиси. Йоахим Лёв яқинда Нойер дарвозабонлар ўйини хусусидаги тасаввурни бутунлай ўзгартирганини таъкидлади. Бу борада унинг фикрига тўлиқ қўшиламан.

- Нойернинг ўзи яқинда шундай деди: «Олтин тўп»ни қўлга киритиш имкония­тим унча юқори эмас. Айтайлик, Роналдудан фарқли равишда, трусалар рекламасида суратга тушмайман...»

- Бу гапидан далолат шуки, у ўзини Роналду билан бир қаторга қўйишларини истамайди. Олифталик Нойер учун эмас. Айтайлик, Гельзенкирхенга келса, болалик ­дўстлари билан доимо мўъжаз кафеда учрашади. Агар мен «Бавария» ўйинига тушмоқчи бўлсам, унга битта SMS-хабар ёзсам, бас - албатта, чипта буюртириб қўяди. Қисқаси, у ҳар икки оёғи билан ерда маҳкам турган йигит.

Фақат Яшин

Дарвозабонлар ва «Олтин тўп». Совриннинг 57 йиллик тарихида у фақат бир нафар голкиперга насиб этган. 1963 йили жаҳон футболининг энг олий индивидуал соврини собиқ иттифоқ термаси ва «Динамо» (Москва) клубининг афсонавий дарвозабони Лев Яшинга топширилган. Умуман, Яшин йилнинг энг яхши футболчилари рўйхатига 10 марта (1956-1961, 1963-1966) тушган - дарвозабонлар учун мутлақ рекорд. «Франс Футбол»нинг якуний рўйхатида уни фақат бир марта ўз амплуадоши ортда қолдирган - 1958 йилги сўровда англиялик Колин Макдональд 11-ўринни эгаллаган бўлса, Яшин 14-қаторда қайд этилган.

------------------------------------------

Айтганча...

«Олтин тўп-2014» лауреати номи янги йилнинг 12 январь куни Цюрихда эълон қилинади. Ҳозирча Украина термаси сардори Анатолий Тимошукнинг айнан Нойерга овоз бергани маълум. Мануэль ўтган йилги сўровда 0,08 фоиз овоз тўплаб, «Олтин тўп» даъвогарлари орасида 23-ўринни банд этганди.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 15:15, 10.12.2014.
Ўқилди: 4693 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.