Кириш Регистрация
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус 2-2 Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Янгиликдан қўрқмайдиган мураббий

Баҳо:
+ | -1

Вадим Абрамов - янгиликлардан ҳеч қачон қўрқмайдиган мураббий. Айнан у Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувида бўлганида иккиланмай «Барселона» ўйинидан андоза олган эди. «Локомотив» бош мураббийи бўлгач ҳам турли тажрибаларни қўллаб кўришдан тўхтамаяпти. Мавсум якунига етгач янги футболчи қидириб Бразилияга бориб келгани эса, Вадим Карленович ҳамон ўз услубида иш олиб бораётганини билдиради. Агарда ҳозир ўзбек футболига нимадир етишмаётган бўлса, у ҳам техник жиҳатдан кучли ўйинчилар бўлади. Бундай футболчиларни Бразилиядан бошқа яна қаердан топиш мумкин?

Вадим Абрамов Бразилияга бориб келгани ҳақида хабар тарқалгач, ишқибозлардан бири ҳазил аралаш қуйидаги фикрни билдирганди: «Вадим Карленович нима қилишни яхши билади. Футболчи олиш учун бир йўла улгурчи бозорга борибди - ҳам нарҳ-наво арзон, ҳам ўйинчини «биринчи қўл»дан олади...»

Гарчи ҳазил қилинган бўлса-да, бу фикрда жон борлиги аниқ. Бразилиялик ёш иқтидорлар ном қозонмасидан илгари кичик маошга ҳам ўйнашга рози бўладилар. Аммо бир марта Европага бориб келса бўлгани, уларни сотиб олишга фақат араб клубларининг қурби етиши мумкин. Бизга эса анави ёш ва иқтидорлилари ҳам бўлаверади. Аммо яхши футболчи топилган тақдирда, уларнинг футболимизга фойдаси тегиши муқаррар. Бундай футболчилар билан савия ҳам ўсган бўларди. Ёдингизда бўлса уч-тўрт йил муқаддам Ўзбекистон чемпионатида Ривалдо, Жоао Виктор, Эдсон Рамос, Луизао ва Денилсон каби легионерлар тўп сурган эдилар. Бу футболчилар техник жиҳатдан анча иқтидорли бўлиб, айнан улар билан ёки уларга қарши тўп сурган ўзбекистонлик ўйинчилар маҳоратини оширишга муваффақ бўлганди. Ҳозирда Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров ва Азиз Ҳайдаровлар ҳорижда муваффақиятли тўп сураётган бўлсалар, бунда уларнинг ҳам яхшигина улуши бор.

Шундай экан, Ўзбекистон чемпионатида яна кучли легионерларни кўриш анча ёқимли бўларди. Ҳозирда ўзбек футболида бир қатор ёш иқтидорлар етишиб келмоқда - Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев, Владимир Козак, Сардор Рашидов, Сардор Собирхўжаев, Шоҳруҳ Гадоев... Бу футболчилар ҳам кучли ва маҳоратли легионерлар билан бирга ёки уларга қарши тўп суриб, иқтидорини сайқаллашини истаймиз, албатта. Ахир бир вақтлар ёш Миржалол Қосимов айнан Хорен Оганесян билан ёнма-ён ўйнаб, юқори савияли футболчига айланганди. Ким билади дейсиз, агарда тажрибали Оганесян бўлмаганда, Қосимовнинг келажаги қандай кечарди.

Шу томонлама Вадим Абрамов футболимиз учун анча фойдали ишни бошламоқда. Аммо биргина сафар билан Бразилиядан «янги Неймар»ни топиб келиш мумкинмаслигини ҳам тушуниш керак. Гарчи футболни мутахассис даражасида тушунмасак ҳам, бир қарашда иқтидорли футболчи топилиб қолмаслигини таҳмин қилса бўлади. Ўйлаймизки, бу лойиҳани мунтазам равишда амалга ошириш лозим. Кейин, бунинг учун бош мураббий Бразилияга бориб футболчиларни кузатиб келиши ҳам шарт эмас. Шунчаки, Европа клубларидан андоза олган ҳолда, скаутлик хизматини йўлга қўйиш керак, холос. Ахир бош мураббий «бўзчининг мокиси»га ўхшаб мудом ҳар доим у қитъадан, бу қитъага бориб келавермайди-ку. Бунинг учун ўша ерда туриб ишлайдиган мутахассис ёллаш тўғрироқ бўлмасмикан?

Майли, келинг энди Вадим Абрамовнинг яна бир ишига аҳамият қаратсак. Мураббийнинг айтишича, бразилиялик футболчилар билан шартнома имзолашда ҳеч қандай шошма-шошарликка йўл қўйилмайди ва аввал улар яхшилаб кўрикдан ўтказилади экан. Фақат жамоа талабига жавоб бера олганлар билангина ҳамкорлик бошланиши мумкин бўлади. Олдиндан айтиш лозим, жуда тўғри қарор бу. Сабаби оддий, от - от бўлгани учунгина чопағон бўлавермаганидек, ҳар қандай бразилиялик ҳам футболчи бўлиб кетавермайди. Легионер билан легионернинг фарқи бор. Ўзи шундоқ ҳам футболимизда Украина ва Молдовадан келган ўртамиёна ўйинчилар тўлиб ётибди, энди уларнинг сафини қимматбаҳо жанубий америкаликлар билан тўлдириш ҳеч кимга керакмас. Масалан, бир вақтлар «Бунёдкор»да Леомар Родригес исмли бразилиялик ҳимоячи тўп сурган эди. Аммо у қандай қилиб «қалдирғочлар» билан шартнома имзолаганига ҳеч ким тушунмаган. Леомар фақат битта ўйинда майдонга тушган ва асосий вақтини ўринбосарлар жамоасининг захира ўриндиғида ўтказган эди. Шундай экан, ҳар қандай бразилиялик билан шартнома имзолайвериш яхши оқибатга олиб келмаслиги аниқ.

Агарда клубларимиз Жанубий Америкадан легионер олиб келсалар, футболимизга дарҳақиқат фойда келтирадигани билан шартнома имзоланса яхши бўларди. Масалан Ривалдо «Бунёдкор» таркибида 80 марта майдонга тушган ва 43 та гол урган. Жоао Виктор 63та, Эдсон Рамос эса 61 ўйинда «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилган. У ёғини сўрасангиз, чилилик Хосе Луис Вильянуэва ҳам 47 ўйинда 27 та гол киритганди. Мана шулар футболимизга дарҳақиқат фойда келтирган ўйинчилар ҳисобланади. Киройи топсанг, мана шундай футболчи топсанг-да...

Албатта, бу осон иш эмас. Чунки яхши футболчи кўчада ётмаслиги аниқ. Вадим Абрамов ҳам Бразилияга бир борганда Ривалдога ўхшашидан топиб келмаслиги турган гап. Аммо «Локомотив» йиғинига чақирилганлар ишончни оқламаган тақдирда ҳам, бу иш тўхтаб қолмаслигини жуда истардик. Зеро, футболимизни ривожлантиришни истар эканмизми, демак футболи ривожланганлар тажрибасини ўзлаштиришимиз шарт. Бусиз ҳеч ҳам иложи йўқ.

Шундай экан, нафақат «Локомотив», балки бошқа клублар ҳам океаннинг нариги томонига эътибор қаратсалар яхши бўларди. Бунинг учун бош мураббий атайлаб Бразилияга бориб келиши ҳам шарт эмас, яхшиси скаутлар хизматидан фойдаланишсин. Бунақа мутахассислар Жанубий Америкада анча-мунча. Бизга эса «Реал» ва «Барселона»  даражасида футболчи топиш ҳам шарт эмас. Шунчаки, анави «Ал -Жаиш»даги Нилмардек ўйнаб берса бўлгани, бошқасига даъвомиз йўқ. Шундай эмасми?

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:58, 13.12.2014.
Ўқилди: 6287 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.