Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Оқ-тепа» жамоаси раҳбарияти Фурқат Эсанбоевни ҳурмат қилади!

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, “Футбол Экспресс” газетасининг аввалги сонида тажрибали мутахассис Фурқат Эсанбоев билан суҳбат чоп этилганди. Фурқат Эркинович ўша суҳбатда ҳамкасбимизга охирги мавсумда ўзи бош мураббийлик қилган биринчи лига жамоаси “Оқ-тепа” ҳақида турли хил салбий фикрларни айтиб ўтганди. Хусусан, молиявий муаммолардан тортиб, ташкилий ишлардаги камчиликлар тўғрисида ҳам сўз юритганди. Биз масалага фақат бир томонлама ёндошиб қолмаслик мақсадида клуб раҳбарларининг сўзларига ҳам қулоқ осдик. Ўзаро суҳбатдан кейин қуйидаги фикрларни қоғозга туширдик.

Вазифа бажарилмагани учун истеъфо!
Маълум бўлишича, Фурқат Эсанбоевни жамоага клуб раҳбари Ғанишер Исломович Шоғуломов таклиф қилган. Хабарингиз бор, мавсумнинг биринчи қисми якунланмай амалдаги бош мураббий Александр Мочинов ўз хоҳишига кўра истеъфога чиққанди. Шундан сўнг маълум муддат жамоа бош мураббийсиз қолиб кетди. Табиийки, бу натижаларга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Жамоа олдига олий лигага чиқиш вазифаси қўйилгани боис, тезда мураббий олиб келишни режалаштирган жамоа мутасаддилари Фурқат Эсанбоевга таклиф билан чиққан. Мураббий бунга қадар “Оқ-тепа”нинг деярли барча учрашувларини бевосита стадионда кузатиб борган. Қолаверса, тажрибали мутахассиснинг клуб раҳбари билан ўзаро дўстона алоқаси бўлган. Жамоа раҳбари барча жиҳатларни инобатга олган ҳолда Фурқат Эркиновични клубга таклиф қилган ва у киши шу тариқа бош мураббий сифатида ишлай бошлаган. Аҳамиятлиси, мураббийни жамоадаги барча инсонлар илиқ тарзда кутиб олган. Унга умуман ёмон муносабатда бўлинмаган. Ҳамма ҳурматини жойига қўйган. Шунинг учун Эсанбоевни газетамизга берган интервьюсидаги сўзларидан клуб ходимларининг барчаси ҳайрон қолган. Хусусан, клуб раҳбари бундай муносабатдан ажабланган. Сабаби, гарчи истеъфога чиқарилган бўлса-да, унга жиддий эътироз билдирилмаган экан. Шунчаки, вазифа бажарилмагани учун шундай йўл тутилган. Бундай истеъфоларга футболда оддий ҳол сифатида қаралади. Асосийси, орага совуқчилик тушмаган. Шундай экан, нега бундай интервью берилганидан клубдагилар ҳайрон бўлишган. Ваҳоланки, клубда барча тажрибали мутахассисни ҳурмат қилади!

Клубда мураббийларнинг узоқ ишламаслиги!
Фурқат Эсанбоев ўша суҳбатда “Оқ-тепа”да мураббийлар узоқ ишламаслигига урғу берган эди. Клуб раҳбарлари мураббийнинг бу фикридан ҳам ҳайрон эканлигини таъкидлашди. Чунки клубда ким бош мураббий бўлишини раҳбарият ҳал қилади. Ҳар қандай раҳбар мураббийнинг ишидан қониқмаса уни истеъфога чиқаради. Агар Эсанбоев ҳақ дейлик, нега Александр Мочинов клуб билан узоқ вақт ҳамкорлик қилди? Нега унга мураббийлик курсларида таҳсил олиши учун моддий томондан ёрдам берилди? Нега бу йил жамоани ярим йўлда ташлаб кетган бўлса-да, у ҳақида ёмон фикрларни айтилмади? Маълум бўлишича, у ўз иши ва ишига бўлган муносабати билан раҳбарларни хурсанд қилган. Ҳеч қачон ортга чекинмасдан, доимо олға ҳаракат қилиши билгани учун ҳам клуб унга ПРО лицензиясига ўқишида молиявий томондан кўмак берган. Нафақат Мочиновга, балки бошқа мутахассисларга ҳам мураббийлик курсларида таҳсил олишлари учун моддий томондан кўмак берилган. Агар уларга ишонилмаганида бундай йўл тутилмаган бўларди. Қолаверса, жамоада ишлаб кетган мураббийлар шунчаки, истеъфога чиқишмаган. Уларнинг аксари бошқа клублардан таклиф бўлгани боис, клуб билан хайрлашган. Мочиновдан ташқари, Воҳид Холбоев “Локомотив”да фаолият олиб бормоқда. “Темирйўлчилар” унга бир эмас, иккита жамоани ишониб топширган. Дарвоқе, агар мураббийнинг ўзи кетаман, бошқа клубдан таклиф бор, ўша ерда ишламоқчиман, деса “Оқ-тепа” унга қаршилик кўрсатмайди. Келажаги бор инсоннинг йўлига тўғаноқ бўлинмайди. Агар у клубни ярим йўлда ташлаб кетса ҳам! Яна узоққа бормайлик, Мочиновни клуб билан амалда шартномаси бор эди. Унга барча шароитларни яратиб берилганди. Лекин у кетишни хоҳлади. Агар клуб раҳбарлари мураббийлар билан келиша олмаганида ёш мутахассиснинг йўлига тўғаноқ бўлар, бугун у “Бухоро”да эмас, “Оқ-тепа”да ишлаётган бўларди.  

Раҳбарият ўз ишини хонада бажаради!
Тажрибали мураббий ҳамкасбимиз билан суҳбатда олий лигага чиқиш учун ишга жиддий ёндошиш лозимлигини, хонада ўтириб, олий лига ҳақида нималардир гапириш керак эмаслигини таъкидлаганди. “Оқ-тепа” раҳбарлари мутахассиснинг ушбу фикрларига нисбатан енгилгина кулиб, футболда ҳамма иш майдонда бажарилавермаслигини айтиб ўтишди. Қолаверса, майдондаги ишларни футболчилар ва мураббийлар бажаришлари кераклигини таъкидлашди. Клубда молиявий, ташкилий ишлар ҳам бор ва уларни раҳбарият хонада ўтириб бажаради. Боз устига, “Оқ-тепа” хусусий жамоа бўлса! 

Жамоа раҳбарларининг сўзларига қараганда улар хонада ўтириб ўз ишларини имкон қадар яхши бажарган бўлса-да, “Оқ-тепа” олий лигага чиқа олмади. Демак, ким ўз вазифасини уддалай олмаганини шундан ҳам билиб олса бўлади. Буни тушуниш учун жуда ҳам ақлли бўлиш керак эмас. 

Мукофот пули қанча берилишини раҳбарият ҳал қилади!
Фурқат Эркинович суҳбат давомида мукофот пуллари ўзаро келишувга кўра кам берилганлигини ҳам айтиб ўтганди. Клуб раҳбарлари билан бўлган суҳбатимизда шуни билдикки, жамоани мураббийлар штаби ва футболчилардан ойлик маош ҳамда мукофот пуллари бўйича қарзи йўқ экан. Бунинг учун бизга мураббий билан клуб ўртасида тузилган шартномани кўрсатишди. Шартномада белгиланган маош мураббийнинг пластик карточкасига ўтказиб берилган. Аниқроғи, октябрь ойи учун белгиланган маош шу ойнинг 30 санасида пластикка туширилган. Раҳбариятнинг таъкидлашича, мураббий ва футболчилар билан шартнома тузилганида йил учун эмас, балки етти ой давом этадиган мавсум учун маош берилишини келишиб олинади. Бу борада шартномада ҳам банд борлигини эслатиб ўтишди. Биринчи лигада мавсум октябрь ойида якунланганидан мухлисларнинг хабари бор. 

Мукофот пулларига келсак, раҳбарият бу борада клубда жаҳон амалиёти қўлланишини билдирди. Яъни, мукофот пуллари рақибнинг кучи, футболчининг қандай ўйин кўрсатганига қараб тақсимланади. Ҳаммага бир хил берилиши ва берилмаслиги ҳам мумкин. Бу раҳбариятнинг ихтиёрига боғлиқ. Шунинг учун Фурқат Эркинов таъкидлаганидек, мукофот пуллари ҳар хил суммаларда берилган. Яна бир гап: шартномада мукофот пуллари берилиши ёзилган, аммо сумма кўрсатилмаган. Демоқчимизки, мукофот пули турли хил байрамлар учун ҳам берилиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, ҳақиқатдан ҳам кимга қанча миқдорда пул беришни раҳбарият ҳал қилади. Лекин ойлик маош барча учун, мураббийдан тортиб, энг паст савиядаги ўйинчига ҳам бир хил қилиб белгиланганига гувоҳ бўлдик.   

Шу йўсинда жамоани футболчи ва мураббийлардан қарзи борми, деган саволга ҳам жавоб олдик. Клуб шартномада белгиланган маошларни таъкидлаганимиздек, тўлиқ бериб бўлган. Яъни, етти ой давом этган мавсум учун маошлар берилган. Раҳбарият мукофот пуллари ҳақида ҳам шундай деди. Балки қайсидир ўйинга камроқ берилгани сабаб қандайдир тушунмовчилик бўлгандир? Суҳбат давомида раҳбарият яна бир гапга урғу берди: ишлаган одамга албатта маошини ҳам, мукофот пулини ҳам берамиз. Ҳеч кимни хафа қилмаймиз. Чунки ҳаётда меҳнат қилган инсон мукофот олади!

Шу ерда кўзимиз билан кўрган факт бўйича бир масалага ойдинлик киритсак. Мураббий билан тузилган шартноманинг 3-бўлим (“Мураббийнинг мажбурияти”) “З” бандида маош, мукофот пуллари миқдори сир тутилиши белгилаб қўйилган. Раҳбариятнинг билдиришича, Фурқат Эркинович интервьюда шартноманинг шу бандини бузган. Бундан ташқари, айтишларича, шартномадаги шу бўлимнинг “И” банди ҳам бузилган. Унда иш вақтида сигарет чекиш мумкин эмаслиги ёзиб қўйилган. Мураббий доимий тарзда машғулот ўтказишни ёрдамчисига топшириб, ўзи четда сигарет чекиб, машғулотларни кузатган. Ваҳоланки, машғулотларни ўзи ўтказиши лозим бўлган. 

Футболчилар мураббийни ҳурмат қилиши керак!
Мураббий ўша суҳбатда жамоада тайёр ўйинчилар бўлмаганини, айрим футболчилар сафар учрашувларига бормаганини ҳам таъкидлаганди. Клуб раҳбарияти буни қуйидагича изоҳлади: футболчини тарбиялаш мураббийнинг иши, бу раҳбариятни вазифасини кирмайди. Жамоада тайёр ўйинчи бўлмаса, уни машғулотларда тер тўкдириб, тайёр ҳолатга келтириш керак. Сафар ўйинларига бормаслик бу ҳам мураббий билан футболчининг орасидаги муносабат яхши эмаслигидан дарак. Ҳар қандай футболчи устозини ҳурмат қилса албатта сафар ўйинига боради. Бунинг учун мураббий шогирдининг кўнглига йўл топа олиши шарт. Акс ҳолда айбни ўзидан қидирсин! 

Раҳбариятнинг айтишича, мавсум ўрталарида мураббий ва футболчилар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Аниқроғи, мураббийнинг ҳар хил нотўғри гапларидан ўйинчиларнинг жаҳли чиқиб, у билан бошқача гаплашиб олишни мақсад қилишган. Аммо бундан хабар топган раҳбарият тезда йиғилиш ўтказиб, уларни муросага келтирган. Шундай ҳолатда ҳам раҳбарият тажрибали мутахассисни ҳурматини жойига қўйган. Унга ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Аксинча, футболчиларга дакки бериб, мураббийнинг нотўғри бўлса-да, айрим фикрларига қўшилган.

Раҳбарият мураббийнинг жамоада тайёр ўйинчи йўқ, деган фикрига яна қуйидагича изоҳ берди: айтишларича, босқичлар оралиғидаги танаффусда мураббий жамоага бир неча йиллардан буён футбол ўйнамаётган футболчиларни олиб келган. Ваҳоланки, камида икки мавсум майдондан четда юрган ўйинчи тайёрми ёки биринчи босқичда асосий таркибда тўп сурган футболчиларми? Агар соғлиғи туфайли тўп тепишдан маҳрум бўлган футболчилар шу икки йилнинг ҳеч бўлмаса ярим мавсумини биринчи лига клубларида ўтказганида ҳам бошқа эди!

Мураббийнинг ишига ҳеч ким аралашмаган!
Ўзбек футболида мураббийнинг ишига раҳбарият аралашишини кўп кузатганмиз. Аксар мураббийлар шу ҳолатдан кўп нолишганига гувоҳ бўлганмиз. Фурқат Эсанбоев ҳам “Оқ-тепа”даги фаолияти давомида шундай вазиятга дуч келганидан нолиганди. Маълум бўлишича, вазият сал бошқачароқ бўлган. Аниқроғи, мураббий деярли ҳеч бир ишни ўзи бажармаган. Юқорида таъкидланганидек, машғулотларни ёрдамчилари ўтказган. Назарий машғулотларда ҳам ёрдамчилари асосий ишни бажарган. Якуний қарорларни қабул қилишда ҳам ўз ихтиёри билан раҳбариятга юзланган. Учрашувлар давомида кимни майдонга тушириш, қайси ўйинчини алмаштириш бўйича ҳам раҳбариятга мурожаат билан чиққан. Буни дўстона муносабатнинг самараси деб тушунган раҳбарият ўз фикрларини мураббий билан ўртоқлашган. Боиси, клубда бир неча йиллардан буён тўп сураётган ўйинчилар бор. Уларнинг ҳолатини мураббийдан кўра, раҳбарият яхшироқ билган. Шунинг учун ҳам раҳбарият мураббийга ўз маслаҳатларини бериб турган ва таъкидлаганимиздек, бундан хурсанд бўлишган. Яъни, тажрибали мутахассис билан ўртадаги дўстона муносабат шу билан янада мустаҳкамланиша ишонишган. Чунки фикр алмашиш ҳамма жойда бор. Бу раҳбарият мураббийнинг ишига аралашиш дегани эмас! 

Афзалбек Турдиалиев

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 15:10, 21.12.2014.
Ўқилди: 3795 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.