Россиялик теннисчи қиз Мария Шарапова Америка спорт академияси ўтказган сўровлар якунига кўра, йилнинг энг яхши аёл спортчиси деб топилди. Бу ҳақида ушбу ташкилотнинг расмий сайтига асосланиб, “ntv.ru” нашри хабар бермоқда.
Мария Шарапова айни пайтда WТА таснифида америкалик теннисчи қиз Серена Уильямсдан кейинги ўринда кетмоқда. У 2014 йил давомида Штутгарт, Мадрид ва Пекиндаги теннис турнирларида ғалаба қозонди ҳамда “Ролан Гаррос” совринига ҳам эга чиқди. Америка спорт академиясининг “йилнинг энг яхши аёл спортчилари” рейтингида иккинчи ўринга эфиопиялик югурувчи қиз Гензебе Дибаба муносиб кўрилган бўлса, учинчи ўринда америкалик сузувчи қиз Кети Ледецки номи қайд этилган.
Академия версиясига кўра, “йилнинг энг яхши эркак спортчиси” мақомига сербиялик теннисчи Новак Жокович сазовор бўлган. Унинг 2014 йил давомида қўлга киритган ютуқлари Уимблдон ва АТP якуний босқичидаги ғалабадан иборат. Ундан кейинги ўринларда Берлин марафони ғолиби, кениялик Деннис Киметто ва аргентиналик футболчи Лионель Месси жойлашган.
Маълумот учун, ушбу 6 нафар ғолиб сўровномалар орқали 24 нафар номзодлар орасидан сараланган. 12 нафар эркак ҳамда 12 нафар аёл спортчи қатнашган сўровномада фақат Россия ва Эфиопиядан икки нафардан номзод бор эди. Россиядан Мария Шарапова ва Виктор Ан номзодлари кўрсатилган бўлса, Эфиопиядан югурувчи қиз Гензебе Дибабадан ташқари яна бир марафончи Абебех Бекеле ҳам кучли учликка кириш учун даъвогар эди.