Миллий терма жамоамиз келаси йилнинг 14 январь cанасида Осиё кубоги мусобақасида ўзининг иккинчи учрашувини Хитой миллий терма жамоасига қарши ўйин билан давом эттиришидан хабарингиз бор, албатта. Мана, қаторасига уч чемпионатки, Хитой миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олмоқдамиз.
Мен бежизга Хитой терма жамоаси ҳақида айтиб ўтмадим. Ҳар гал Хитой терма жамоаси бизнинг МТЖ билан учрашадиган бўлса, негадир ЖЧ-2002 сўнгги саралаш босқичи ўйинлари кўз олдимга келаверади. Сабаби, ўша саралашда биз билан бир гуруҳдан жой олган Хитой миллий терма жамоасини болқонлик мутахассис Бора Милутинович бошқариб, Хитойни ўз тарихида илк бора жаҳон чемпионатига олиб чиққани ва ўз фаолияти давомида эса унинг бешинчи жаҳон чемпионатида қатнашиши билан ёдимда қолган эди. Шу туфайли эски рақибимизнинг эски бош мураббийи ҳақида бироз маълумот келтиришни лозим топдим.
Асли келиб чиқиши сербиялик бўлган Бора Милутинович 1944 йилнинг 7-сентябрида собиқ Югославиянинг Байина-Башта шаҳрида таваллуд топган. У футболчилик фаолияти давомида собиқ Югославия, Франция, Швейцария ва Мексика чемпионатларида тўп сурган. Футболчилик фаолиятини Мексикада якунлаган Бора Милутинович 1983 йилдан бошлаб Мексика миллий терма жамоасини бошқариб, 1986 йили Мексикада ўтган XIII-жаҳон чемпионатининг гуруҳ баҳсларида унинг шогирдлари ажойиб ўйин кўрсатиб, мексикаликларни плей-офф босқичига олиб чиққан эди.
Бундан кейин, унинг бошқарувидаги Коста-рика (ЖЧ-1990), АҚШ (ЖЧ-1994) ва Нигерия (ЖЧ-1998) терма жамоалари билан ҳам гуруҳдан чиқиб, плей-офф босқичига йўл олади. Фақат Хитой (ЖЧ-2002) терма жамоаси билан гуруҳ босқичидан ўта ололмаган бош мураббий учун фаолиятидаги бу жаҳон чемпионати охиргиси бўлиб қолди.
Шундай бўлса-да Бора Милутинович қаторасига бешта (1986-2002) жаҳон чемпионатида турли терма жамоалар билан қатнашиб ўзига хос рекорд ўрнатган илк мураббий бўлиб тарихдан жой олди. Ҳозиргача унинг рекордини ҳеч қайси мураббий такрорлаганича йўқ.
Бора Милутиновичнинг кейинги бошқарган терма жамоалари Гондурас (2003-2004), Ямайка (2006-2007) ва Ироқ (2009-2010) бўлди.
P.S. Бора Милутинович асли европалик бўлсада, на клубда, на терма жамоада бўлсин Европада мураббий бўлиб фаолият юритмаган.
Абдумажид Қодиров