Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

2014 йил Ўзбекистон спортининг тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар битилган воқеаларга бой бўлди

Баҳо:
+ | -
Мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз бошчилигида болалар, хотин-қизлар ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликлар, шунингдек, Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини янада тараққий эттириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро майдонларда қўлга киритаётган муваффақиятлар салмоғини янада юксалишида асосий омил бўлмоқда. Бунга 2014 йилги спорт мавсумида мардонавор спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган тарихий ғалабалар ҳам ёрқин исбот бўлади.    Жумладан, Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар олимпиадасида ёш, умидли спортчиларимиз ўта кескин ва муросасиз курашларда 4 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлиб, озод ва обод юртимизда камолга етаётган ёшлар ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда яна бир бора исботладилар.    Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Осиё ўйинлари ва II Параосиё ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган спортчиларимизнинг аксариятини ёшлар ташкил этганлиги ва уларни жаҳон спорти юлдузларига муносиб рақобат кўрсатганликлари ҳам ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Осиё ўйинларида 61 нафар спортчимизни совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган бўлса, Параосиё ўйинларида юртдошларимиз 22 бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар. Бундан ташқари 15 нафар паралимпиячимиз 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV Паралимпия ўйинларининг йўлланмаларини нақд қилиб қўйдилар.    Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги тўғрисида” қарорида Устувор ва Истиқболли спорт турлари сифатида белгиланган енгил атлетика, бадиий ва спорт гимнастикаси, трамполин, Академик ҳамда Байдарка ва каноэда эшкак эшиш, слалом, бокс, оғир атлетика, таэквондо (WTF), эркин, юнон-рум ва аёллар кураши, велоспорт, ўқ отиш, қиличбозлик, дзюдо ва Паралимпия ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган спорт турларида фақатгина Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ҳамда XVII ёзги Осиё ўйинларида 59 та олтин, 50 та кумуш ва 80 та бронза жами 189 та медаль қўлга киритилди.    Агарда алоҳида спорт турлари бўйича ҳамюртларимиз томонидан эришилган ғалабаларга тўхталадиган бўлсак, 2014 йилги мавсумда гимнастикачиларимиз (бадиий, спорт гимнастикаси ва трамполин) Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ҳамда XVII ёзги Осиё ўйинларида жами 8 та олтин, 8 та кумуш ва 7 та бронза медалига сазовор бўлиб, Ўзбекистон гимнастика мактаби қай даражада тараққий этиб бораётганлигини амалда яна бир бора исботладилар.    Жорий йил, шунингдек, эркин, юнон рум ва аёллар кураши вакилларимиз учун муваффақиятларга бой бўлди. Юқорида зикр этилган энг нуфузли мусобақаларнинг ўзида мамлакатимиз полвонлари жами 7 та олтин, 5 та кумуш ва 22 та бронза медали соҳиби бўлдилар.    Бундан ташқари Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ҳамда XVII ёзги Осиё ўйинларида юртимиз чарм қўлқоп усталари 4 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронза медалига, оғир атлетикачиларимиз эса 4 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза медалига, халқаро майдондаги ғалабалари салмоғи тобора юксалиб бораётган таэквондочиларимиз 4 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза медалига, дзюдо усталаримиз 3 та олтин, 5 та кумуш, 9 та бронза медалига, академик, байдарка ва каноэ ҳамда слалом спорт турларида вакилларимиз 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалига, енги атлетикачиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалига, ўқ отиш спорт тури вакилларимиз 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалига, қиличбозларимиз биттадан кумуш ва бронза медалига ва ниҳоят велоспортчиларимиз 2 та бронза медалига сазовор бўлдилар.    Эътибор беринг, юқорида биз фақатгина 2014 йил ўтказилган Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ҳамда XVII ёзги Осиё ўйинларида спортчиларимиз томонидан эришилган ғалабалар ҳақида маълумот бердик. Агарда ушбу спорт турлари бўйича бўлиб ўтган Гран-При туркумига кирувчи турнирлар ҳамда турли даражадаги халқаро мусобақаларни ҳам қўшиб ҳисобланса, натижалар кескин даражада юксалганлигини кўриш мумкин бўлади.    Маълумки, Ўзбекистон замини йилдан-йилга дунё миқёсидаги нуфузли мусобақаларнинг ўтказиш марказига айланиб бораётганлигидир. Маълумки, жаҳон спорти юлдузлари иштирокида ўтадиган бундай мусобақаларга мезбонлик қилаётган юртда зарур барча шарт-шароитларни яратилганлиги билан бирга, энг аввало тинчлик хотиржамлик хукмрон бўлиши зарур. Шукурлар бўлсинким, юқорида келтирилган талабларнинг барчаси бизда мавжуд. Зеро, ҳақиқий спорт байрамларини ташкил этиш тинчлик ва осойишталик, барқарорлик хукмрон бўлган юртга ярашади. Бу борада сўз кетар экан, биргина 2014 йилнинг ўзида бадиий ва спорт гимнастикаси, таэквондо, эркин, юнон-рум ва аёллар кураши, дзюдо, теннис каби олимпиада оиласига кирган ўнга яқин спорт турлари бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, жаҳон кубоги мусобақалари зўр муваффақият билан ўтказилди.    Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди ва замон барча соҳаларда, шу жумладан, спортда ҳам олдимизга янги талаб ҳамда вазифаларни қўйиши табиий ҳол. Ҳаёт суръатлари шиддатли тус олган бугунги давр талабига ўз вақтида амалий ишлар билан жавоб берган мамлакат, спорт жамоаси, мураббий ва спортчигина келажакда юксак чўққиларни забт этиши мумкин.    Шу маънода Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги тўғрисида” қарори мамлакатимиз спорти, спорт жамоатчилиги олдида янги уфқларни очди.    Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ўз аҳамияти ва унда белгилаб берилган вазифаларнинг кўламига кўра халқаро спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятларимиз салмоғини янада юксалтириш ҳамда мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Спортчиларимизни тўрт йилликнинг навбатдаги йирик спорт анжуманига муносиб ҳозирлик кўришларида дастуриламал бўлаётган ушбу ҳужжат Юртбошимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт равнақи йўлида ҳамда спортчиларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир.    Тобора яқинлашиб келаётган янги 2015 йил мамлакатимиз олимпиячилари учун янада масъулиятли мавсум бўлади. Маълумки, бошланаётган йилда 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналадиган қатор нуфузли мусобақалар ўтказилади. Умид қиламизки, мардонавор спортчиларимиз мазкур мусобақаларда ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлашади. Бу йўлда юртдошларимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:24, 31.12.2014.
Ўқилди: 12261 марта.
Фикрлар: 1117 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.