Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ботир Қодирқулов: «Жамоалар сонининг оширилиши барча футболчиларни қувонтирган янгилик бўлди»

Баҳо:
+ | -

Бир йиллик танаффусдан сўнг элитага қайтиш вазифасини уддасидан чиққан Ғузорнинг “Шўртан” клуби тайёргарликни 15 декабрь кунидан бошлаб юборганди. 28 декабрь куни клубнинг дастлабки ўқув-йиғин машғулотлари ўз поёнига етди. Ўтган мавсумни жароҳатлар туфайли, ўтказиб юборган тажрибали ярим ҳимоячи Ботир Қодирқулов ҳам “Шўртан” йиғинларида қатнашмоқда. Дастлабки йиғин поёнига етганидан сўнг Қодирқулов билан боғланиб, ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олдик.

- Тайёргарлигимиз 15 декарбькуниданбошланганди, - дея сўзини бошлади Қодирқулов. Кунига икки маҳалдан Ғузордаги базамизда машғулотларда иштирок этдик. Қолаверса, назорат учрашувларида ҳам иштирок этдик. Машғулотларимиз пайтида фақат югуриш билан чекланиб қолмадик ва тўплар билан ҳам машқларни олиб боришга ҳаракат қилдик. Умуман олганда, Муҳтор Қурбонов футболчиларни зерикиб қолмасликлари учун машғулотларни ранг-баранг тарзда олиб боришга ҳаракат қилганини таъкидлаб ўтиш керак.

- Ботир ака, ўтган мавсумда жиддий жароҳат туфайли, анча вақт жамоага ёрдам бера олмадингиз. Жароҳатдан қутулиб кетдингизми?
- Албатта, қутулиб кетдим. Лекин барии бир оғриқ бўлиб турибди. Жиддий жароҳат бўлди. Фаолиятим мобайнида бундай ҳолатда биринчи маротаба дуч келиб қолдим. Бироқ ўзимнинг ҳаракатларим ва шифокорларнинг ёрдамлари билан уни ортда қолдиришга уринганимиз барибир самарасини берди. Машғулотларда катта куч билан ишламоқдаман. Умуман олганда, барчаси ортда қолганига шукр қиляпман.

- Жароҳатдан кейин спорт формага кириб олиш барибир қийин кечади. Айниқса, қишки йиғинлар пайтида бу футболчидан катта куч талаб қилади.
- Бўлмасам-чи! Тайёргарлик пайтида ўз устимда янада кўпроқ машғулотларда қатнашиб ҳаракат қилаётганим туфайли, бу борада ката қийинчиликлар бўлаётгани йўқ дея оламан. Профессионал футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам тайёргарликга жиддий ёндошиши керак ва ўз устида ишлашдан тўҳтаб қолмаслиги лозим. Мен шунга амал қилган ҳолда тайёргарликни биринчи босқичидан ўтиб олдим. Ҳозирча ҳаммаси жойида.

- Клубдаги тақдирингиз хусусида нималарни айта оласиз?
- Биласизми, тайёргарлик жараёнида шуни англаб етдимки, ҳали клубдагиларнинг ҳеч бирини “Шўртан”да қолиши аниқ эмас. Ҳамма қолиш учун ўз устида ҳаракат қилмоқда. Мураббийни ишончини оқлаш учун интилмоқда. Лекин мен ҳам ўз устимда кўпроқ ишлаб, Муҳтор Қурбоновни ишончига киришим учун ҳаракат қиляпман. “Шўртан”да қолиш ёки қолмаслигимни бош мураббийни ўзи январь ойида бўладиган йиғингларда ҳал қилса керак деб ҳисоблайман.

- Шахсан ўзингиз “Шўртан”да қолишга тайёрмисиз?
- Менга қолса, қолардим. Чунки “Шўртан”да ўйнаш менга ёқади. Кучимни шу жамоада кўрсатишга тайёрман. Олий лигада тўп сурмоқчиман. “Шўртан” клуби билан бунга эришсам ёмон бўлмасди. Энди барибир буни бош мураббий ҳал қилади. Лекин қолиш учун бошқалардан ортда қолмаслик илинжида машғулотларга зўр берганман. Хуллас, ҳаммаси яқин орада маълум бўлади ва буни сизга биринчилардан бўлиб хабар қилмоқчиман.

- Сиз фаолиятингизни Қашқадарё клубларида давом эттиришга ўрганиб қолгансиз. Бу нима билан боғлиқ деб ҳисоблайсиз?
- Чиндан ҳам менга Қашқадарё клубларида тўп суриш ёқади. Буни бирор нима билан изоҳлай олмайман. Тўғри, фаолиятим давомида бошқа вилоят клубларидан ҳам таклифлар бўлган. Шунга қарамай, мен шу ерда қолишга афзал биламан. Энди биласизми, уйимга яқинроқ бўлгани учун ҳам кетишга ҳаракат қилмасам керак. Шунингдек, Қашқадарё клубларида барча шароитлар яратилган. Бу ҳам мени қониқтиради деб ҳисоблайман ва фаолиятимни шу ерда давом эттириш энг мақбул вариант деб ўйлайман. Хуллас, “Шўртан”да қолиш истагидаман.

- Ўтган йилда жароҳатингиз борлиги учун ҳам жамоага ёрдам бера олмадингиз. Бундан афсусланмадингизми?
- Бари бир афсусланиш бўлди. Мени клубга таклиф қилишганида, “Шўртан”да асосан ёшлар тўп сурарди. Уларга ўрнак бўлиб, элитага қайтиш пайтида ёрдамим тегишини ўйлаётгандим. Шунинг учун ҳам ката умидлар билан жамоага келиб қўшилгандим. Тўғриси, бу ердаги ишларим яхши чиқмади. Жароҳат мени анча қийнаб қўйди. Тикланиб энди ёрдам бермоқчи бўлаётганимда эса мавсум якунланиб қолганди. Шу туфайли ҳам “Шўртан”га ёрдам бера олмадим. Лекин келгуси йилда клубда қолиб, олий лигада ёрдам бермоқчиман.

- “Шўртан” олий лигада шунчаки иштирок этмаса керак, тўғрими?
- Худди шундай. Клубимиз аввалги мавқеини тиклаш учун ҳам таркибни кучайтирмоқчи. Ҳали январь ойидаги йиғинлар пайтида таркибимизда бир қатор ўзгаришлар рўй беради. Рақобат янада ошади. Олий лигада барқарор жамоа бўлишимиз учун ҳам ҳозирдан самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу эса чемпионатимиз давомида бизга қўл келиши ҳеч гап эмас.

- Рақобатдан қўрқмайсизми?
- Йўқ. Мен “Машъал”, “Насаф” клубларида ўйнаган кезларимда ҳам таркибда кескин рақобат бўлиб келган. Шунга қарамай, ўзимни кучимни кўрсатишга ва мураббийни ишончини оқлашга уриниб келганман. Футболчи яхши спорт формасида бўлиб турса, ҳар қандай кескин рақобатни енгиб ўтиши мумкин. Соғлом рақобат ҳар бир клубда бўлиши керак. Айниқса, ёшлар учун бу жуда муҳим ҳисобланади. Улар ўсишни исташса, машғулотларда икки ҳисса куч билан ҳаракат қилишади. Ҳеч ким заҳирада қолиб кетиш учун бирорта клубга ташриф буюрмайди. Ҳаммасини кўнглида ҳам яхши ўйин кўрсатиш ва жамоанинг асосий таркиб вакили бўлиш ётади. Демак, мен рақобат борасида заррача ҳам ўйлаётганим йўқ. Асосийси, клубда қолсам ва мураббий менга ишонса бўлди. Қолгани ўзимга ҳаволадир.

- Эшитишимизга қараганда, “Шўртан” ўтган йил учун футболчилардан барча ҳисоб-китоб ишларини тугатибди. Бу ростми?
- Ҳа, барча ҳисоб-китоб ишлари якунланди. Клуб айни пайтда ҳеч бир футболчидан қарздорлиги қолмади. Ойлик маош ва мукофат пулларини олиб бўлдик.

- “Шўртан”да молиявий муаммоалар анча ижобий томонга ҳал қилинган кўринади, шундайми?
- Шундай деса бўлади. Молиявий муаммолар йўқ. Клубимизда барча шарт шароитлар яратилган. Мақсад клубни аввалги мавқеини тиклаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун биз футболчилар ҳам боримизни берган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим.

- ПФЛ томонидан олий лигада иштирокчилар сони 16 тага кўпайтирилди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Жуда яхши бўлди. Футболчиларда ўйин амалиётини ошириш имконяти юзага келмоқда. Қачондир шундай қарор қабул қилиниши керак эди. ПФЛдагилар келгуси йилдан элитадагилар сонини ошириб беришгани тўғри қарорларнинг бири бўлди деб айта оламан. Бу барча футболчиларни қувонтирган янгилик бўлган бўлса ажабмас.

Иззатбек Абдуваҳобов суҳбатлашди

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 16:22, 04.01.2015.
Ўқилди: 3685 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.