Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Маъмур Саидқосимов: «Шифокорлар хулосасини эшитганимда додлаб юборай дедим»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси ассистенти Маъмур Саидқосимов жароҳат боис Австралияда бошланаётган Осиё кубогида иштирок эта олмаслиги ҳақида маълумот бериб ўтгандик. Бу ҳақда аниқроқ маълумот олиш ва ҳакамимизнинг фикрини билиш мақсадида Маъмур Саидқосимовнинг ўзи билан боғландик.

— Декабрь ойида Малайзияда Осиё кубоги-2015га борадиган ҳакамлар учун ташкил этилган йиғинга бордим. Дастлабки кун лайнсменлар учун ўтказилган жисмоний тайёргарлик бўйича асосий имтиҳондан ўтдик. Эртаси куни майдонда турли машқларни бажардик ва катта юклама олдик. Учинчи кун сунъий қопламали майдонда навбатдаги синовдан ўтаётганимда оёғимда нимадир узилишни ҳис қилдим ва бошқа югура олмадим. Дарҳол шифохонага бориб, ОФК ҳакамлар қўмитаси вакиллари ҳамроҳлигида ярим кун давомида турли текширувлардан ўтдим. Маълум бўлишича, оёғимнинг орқа қисмидаги мушакда чўзилиш юз берибди.

Семинарнинг навбатдаги куни эрталаб машғулотга чиқишга тайёр бўлиб стадионга боргандим, ОФК ҳакамлар қўмитаси бошлиғи Огава келиб, менга 6 ҳафта давомида ҳар қандай спорт билан шуғулланиш мумкин эмаслиги ҳақида шифокорлар хулоса беришга ҳақида айтиб қолди. Нима қилишимни, додимни кимга айтишни билмай қолдим. Бу хабарни қабул қилиш осон эмасди. Тақдирга тан бермасдан иложим йўқ эди. Менинг Осиё кубогига бора олмаслигимдан Огаванинг ўзи ҳам жуда хафа бўлди, тушкунликка тушиб қолди. Лекин у кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилди. Таваккал қилиб, машғулотларни давом эттирсам, жароҳат янада чуқурлашиб, 1-2 йилга спортга қайта олмаслигим мумкинлигини тушунтирди.

— ЖЧга борадиган ҳакамлар гуруҳидан бирорта ҳакам сафдан чиқса, ўша гуруҳ Мундиалга бормайди. Осиё кубогида бундай эмасми?
— Йўқ, бундай эмас. Мақтаниш эмас, Валентин Коваленконинг рейтинги Осиё ҳакамлари орасида жуда юқори. У Эрматовдан кейинги ўринда туради десак ҳам бўлади. Сўнгги пайтларда бизнинг гуруҳга кетма-кет масъулиятли ўйинларни ишониб топширишаётганди. Шу боис, Осиё кубогида фақат Ўзбекистондан иккита гуруҳ иштирок этади. Менинг ўрнимга гонконглик ҳакам Валентин ва Жаҳонгир Саидов билан бирга ишлайди.

— Ҳозир аҳволингиз қанақа, кейинги мусобақаларда иштирок эта оласизми?
— Ҳозир анча яхшиман. Тошкентга қайтганимдан кейин тинимсиз даволаниш курсини ўтадим. Олти ҳафта ўтишини кутиб ўтирмасдан, 3 ҳафтадан кейин машғулотларни бошлаб юбордим. Аста-секин тикланиш жараёнини ўтаяпман. Февраль ойида ОФКнинг имтиҳонидан ўтаман ва 2015 йил давомида бўладиган халқаро мусобақалар — Осиё чемпионлар лигаси, Олимпиада ва ЖЧ-2018 саралаш ўйинларида иштирок этиш имкониятига эга бўламан.

— Ўзбекистон терма жамоаси ва ўзбекистонлик ҳакамлардан Осиё кубоги-2015да қандай натижалар кутяпсиз?
— Терма жамоамиздан яхши натижалар кутяпман. Йигитлар ўз олдиларига қўйилган вазифани бажара оладилар, деган умиддаман. Ҳакамларимиз эса 3-4тадан ўйинларни бошқарсалар керак. Терма жамоамиз гуруҳдан чиқиб, кейинги босқичга ўтишса, ҳакамларимиздан бири ортга қайтишлари мумкин. Энг масъулиятни ўйинлар бизнинг ҳакамларга ишониб топширилади. Бунга ишонаман. Терма жамоамиз ва ҳакамларимизга омад тилаб қоламан. Уларни қўллаб-қувватлаб тураман.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 23:50, 05.01.2015.
Ўқилди: 6222 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.