Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ҳасанали Қодиров: Уйда давом этган он-лайн

Баҳо:
+ | -

Иккинчи марта ЎФФнинг мажлислар залига кириб келдим. Тўғрироғи, золга тушиб келдим. Биринчи марта тўрт йил олдин шу золда ўтирган эдим. Қатарга кетиш олдидан Абдураҳмон шу ерда сафарга отланган ишқибозларни йиғиб мажлис ўтказган эди. Ҳеч кимни танимас эдим. Шу ерда Глазуновни биринчи бор учратган эдим. Залга келишим бу гал бутунлай бошқача бўлди. Залда ўтирган кўпчилик журналистларни таниман. Миржалол Қосимов, Сервер Жепаров, Темур Копадзе, Санжар Турсуновлар журналистлар саволларига жавоб беришди. Навбатдаги саволларга навбатчи жавоблар. Навбатдаги Осиё чемпионати олдидан уюштирилган навбатдан ташқари йиғин. Оддий йиғин оддийгина воқеа каби ўтиб кетди. Мени таниган, танимаган одамлар учун мен кўримсиз, зални тўлдирувчи, курсида ўтирувчи бир кимса эдим, холос. Булар ичида одам йўқолиб кетади. Доим таниқли, атоқли одамлар бир ерга йиғилган жойда киши эътиборсиз, номсиз қолади. Комсиз қолади. Йўлда комиллиги, ишида омиллиги бу дамда қадрсиз қолади. Одам ўзини бир буюмдай ҳис қила бошлайди.

Ҳамма тарқаб кетди. Зал бўм-бўш. Олимхўжа билан икковимиз золдаги курсилар қуршовида ёлғизмиз. Орзиқиб кутганим, ишқибозлар билан компьютер учрашув суҳбатини бошладик. Ўзимга ноқулай ҳолатдан чиқиб асл муҳитимга эришдим. Доим оддий одамлар, ишқибозлар билан юзма-юз бўлардим, стадионларда улар билан елкама-елка турардим. Машҳур футболчи, мураббий, журналистларни узоқдан ё сиртдан, яъни ТВда кўрардим. Бунда акси бўлди. Машҳур футбол кишилари қаршимда бўлиб, ишқибозлар сиртда, хаёлимда қолиб кетишди. Он-лайн учрашуви ҳаммасини жой-жойига қўйиб қўйди. Машҳур кишилар зални бўш қолдириб ўз йўлларини кўзлаб, ҳар ёққа кетиб қолишди. Ишқибозларим компьютер ёзувларида олдимни тўлдиришмоқда. Саволлар беришмоқда.

Икки соат бир зумда ўтиб кетди. Савол-жавоблар қизғин ўтди. 4 йилдан сўнг Алексей билан компьютерда биринчи марта гаплашиб ҳам олдим. Анча-мунча саволларга вақт етмай қолди. Бу саволларни эмас, ишқибозлар ичидаги дардларини уйга олиб кетдим. Шерзод ЎФФнинг матбуотчилари хонасига кириб қоғозга чиқариб берган эди. Уйга келиб ҳар бир саволга жавоблар ёзмоқдаман. Сиз ушбу саволларни ўша кунги он-лайнда ўқигансиз. Улар жавобсиз қолган эди.

ЧОЙ ИЧА ТУРИБ
Uzbars. Xop, unda tarkibga qarang. Qosimov boshqargan vaqtdagi Bunyodkordan xech farqi yoq. Keyin Shoraxmedov, Toraev, Kopadzelar terma jamoa darajasidagi futbolchilarmi? Kopadze va Toraevlar nafaqat termada balki klublarida xam xech narsani qoyillatishayotgani yoqku? Balki Zelandiyaga qarshi oyinda Kopadze oyini ochilgani aytarsiz, lekin ungacha qancha oyinlarni barbod qildi? Ular oynaydigan maydon markazida Kozak, Akmalning orniga Xoshimov bor ediku?Balki jismoniy xolat? Manimcha, ortoqlik oyinlarida xam iliq taassurot qoldirishmadi.
Жавоб: Терма жамоа даражасидаги футболчилар сони жуда кўп. 40 тача топса бўлади. Мураббий ўз ўйин тушунчасига кўра истаган ўйинчини таркибга олади. Гвардиола Ибрагимовични таркибга қўшмаган эди. Эслайсизми? Анчелотти Ўзил, Ди Мария, Игуаин каби яхши ўйинчилардан воз кечди. Мураббийни койимаган одам қолмаган эди. Бу ўзгаришлар билан Роналду ўйини тағинам очилишини Мураббий олдиндан билар эди. “Копадзе клубсиз қолган. Шунинг учун ОК ўйинларидан сўнг янги таклифлар кўпайишини ўйлаб, Қосимовга “соққа қистириб” терма таркибига кириб олган” десам, сиз ишонасиз. Бундай туҳмат гапларга кўпчилик қулоқ осиб тинглайди, уларга чиппа-чин ишонади. Тўғри, Копадзе ўйинига тажовузкорлик етишмайди. Майдонда кўзга ташланмайди. Лекин ишончли ҳаракат қилади, вазиятга тўғри баҳо беради. Шунинг учун Қосимов уни термага чақирган десам, сизга маъқул гап айтмаган бўламан. Олди-қочди гаплар қулоққа кўпроқ ёқади, шекилли.

Golbolsin. Assalomu Alaykum. Ba’zan (zotan kamnamosiz) bir-ikkitasini po’stagini qoqayotib "bu shunday bo’lgan, bu esa munday" qabilida huddi futbol mutassaddilari ichida yurgandek fikr yuritasiz. Keltirayotgan mulohazalaringiz zalvorli. Ya’ni o’quvchu bu gaplaringizni isbotlangan fakt sifatida qabul qiladi. Huddiki siz o’sha ishlar ustida bo’lgandek. Haqiqatan shu futbol ichida yurib ko’rganlaringizni "mantiqiy xulosangiz qabilida bizlarga havola qilasizmi yoki aslida ham tanqidlaringiz shaxsiy fikringiz mahsulimi?
Жавоб: Гапларимни шахсий фикрим деб, камситмайман. Фикрлай олишимдан, мен ҳам ўз фикрига эга одам эканлигимдан бахтиёрман. Ракетага миниб, космосга чиқиб, ўз кўзим билан ернинг думалоқлигини кўрмаган бўлсам-да, хонамда чой ичиб ўтирган ҳолатимда ҳар қандай доимий ўз ўқи атрофида ҳаракатланувчи моддий жисм марказга интилувчи куч туфайли думалоқ ҳолга келиб қолишини биламан. Инсон кўз билан эмас, ақл билан хулоса чиқаради.

Krishzeven: Men sizni Qahramon Aslanovning maskasi? deb yurardim. Aytingchi, Aslanovninig maqolalari, uning futbol haqidagi fikrlariga nima deysiz
Жавоб: Асланов ниқоб остига яширинувчилардан эмас. Баъзан парда ортига ўтиб ёзар эди, тўғри. Менинг ҳам бировга ниқоб бўлишим қийин масала. Нишон бўлишим осон. “Чемпион” ва “Стадион” газеталари ёпилгач, сайтга киришни билмаганим туфайли Қаҳрамон Аслановни ўқий олмаётибман. Сайтгаям ёзмай қўйган эмуш. Мақолаларини соғиндим.

“ДОКТОР” ЎЗБЕКЧА ГАПИРДИ
Famous. Ж.Корея 8 ўйинда 14 очко, Қосимов 7 ўйинда 14 очко тўплагани ҳам ахамиятсизми? Умуман термамиз 14 очко тўплаган саралашни эслай оласизми?
Жавоб: Йиғиб, ғамлаб олганимиз 14 очкони кўп гапирдик. Ички чемпионатимизда очко териб натижа кўрсатишимиз мумкин. Халқаро турнирларда ўйин кўрсатиш керак. Ўйин. Плей-офф ўйинларисиз очко йиғиб жаҳон чемпионати ўтказилганида эди, термамиз амаллаб чемпион бўлиб олармиди, дейман.

Famous. Ўзбек ТВсида ўзбекча сўзлансин дебсиз. Рус тилидаги Ахборот ҳамда деярли ҳамма кўрсатув ва эфирларини рус тилида берадиган бутун Ўзбекистон бўйича хайрия ва маданий-маърифий ишларни тарғиб киладиган канал ҳақида ҳеч нарса демай, озиб-ёзиб бир марта эфирга чиққан тожик кишини танқид килдингиз. Миллатидан қатъий назар ўзбекча сўзласин деб талаб қилмоқчи бўлсангиз, нега унда шу талабларни умумий қилиб Абрамов, Абдураимов, Шквыринларга ҳам қарата айтмагансиз? Илтимос, саволни айрим қисмига эмас, тўликлигича жавоб берсангиз.
Жавоб: ТВда давлат тилидаги кўрсатув бор. Рус, инглиз, қорақалпоқ, тожик тилларида ҳам кўрсатувлар бор. Инглиз тилидаги кўрсатувга чиқиб кимдир русча гапирса дарров товушини пасайтириб инглиз тилидаги таржимаси берилиб борилади. Давлат тилидаги кўрсатувда нега бундай қилинмайди? Бу давлат тилига, мустақилликка ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. Илгари мустабид тил - рус тили ўзбек тилининг ривожланишига йўл қўймас эди. Она тилимиз учун остона хатлаб кўчага чиқишга рухсат йўқ эди. Ҳатто давлатимиз, халқимиз лидери (раҳбари дея олмадим, чунки бизга Москва раҳбарлик қилар эди) Партия съездлари, пленумларида Шароф Рашидов фақат рус тилида нутқ сўзлар эди. ЎЗИ Раҳматига олган бўлсин. Аввалига футбол репортажлари ҳам рус тилида олиб борилган. Энди ўзимиз ўз тилимизни беҳурмат қилмоқдамиз. Кишандан ажралган қул кишанларини соғинар эканми, дейман.

Копадзе месхет бўлгани билан ўзбек тилида равон гаплашади. Унинг уруғи Ўзбекистонга сургун қилинганлардан ҳисобланишади. Тожиклар қадимдан биз билан бирга ёнма-ён яшашади. Ислом Аҳмедов ўзбек тилини ўрганса, ўзининг обрўси, ўзининг ҳурмати ошади. Гвардиола олмон тилини ўрганиб олибди. Зидан француз тилини билмай Францияда яшаганини тасаввур қила оласизми? Азамат Абдураимов бутун Ўзбекистон олдига чиқиб ўзбек кўрсатувида чет эл фуқароси аҳволига тушиб қолганидан ўзи уялмайдими, бас, унинг инсоний қиёфасини шундан уқиб олинг. Ёки уни ўзбек фарзанди эмас, у аслида уйғур миллатига мансуб деб бошини силайликми?

RealuzA: MTJga yangi o’yinchilar kelyabdi, bu o’zgarishni avlodlar almashuvi deb tushunsa buladimi?
Жавоб. Буни авлодлар алмашуви деб эмас, буни футбол деб тушунинг. Ҳаёт деб тушунинг. 98-йилги Франция термаси қайда, Якушин қўл остидаги “Пахтакор” ўйини қайда? Красницкийнинг жаримадан, Б.Абдураимовнинг ўткир бурчакдан йўллаган голвар зарбалари қайда? Аннинг тўпни олиб юриши, Шквириннинг марказдан ёриб кириб урган голлари қайда? Қосимовнинг оширмалари қайда қолди. Эслаймиз холос. Ва бугунги футболга, бугунги ижрочиларга тикиламиз.

VIQOR. Eng sevimli asarlaringiz haqida ham to'xtalib o'tsangiz...
Жавоб: Ўзимга ёққан асарларимни сўрабсиз. “Чемпион”да босилган “Зебинисо ва футбол” номли мақоламни бошқача изтироб билан ёзганман. Қўрғон ортига бекиниб олиб ҳовлимизда ўсиб ётган чақир тиканакларни танқид қилгувчиларга ачиниб ёзган эдим. Улар жуда ночор аҳволда қолиб кетганларини ўзлари сезишмайди. Яна бир асарим ўзимга ёқади. Яқинда “Доктор Айболит” деган машҳур шеърни набираларим учун ўзбек тилига ўгирдим. Истасангиз уни сайтда эълон қиламиз.

БИРИНЧИ ҚЎЛ АФЗАЛРОҚ
Famous. Сайт бойкот эълон килгани самара бердими? Ёки сайтни "жойига" ўтқизиб қўйишдими?
Жавоб. Ҳозиргача бу воқеанинг сабабини билган футбол амалдорлари бизга ҳеч нарса дейишмади. Узр сўрашмади. Ҳамма жим. Демак, ўзини футболдан устун қўйган, футболга дахли бўлмаган юқори қудрат эгалари ўзбек футболига суқилиб кириб, федерациямиз президенти иродасини букиб, ўзига бўйсиндириб, уни “бошқаришга” ўзларини ҳақли санамоқдалар.

RealuzA: JCH-2014da Osiyodan qaysi terma jamoani o’yini sizga yoqdi?
Жавоб: Коста-Рика, Жазоир ўйинлари олдида Осиё вакилларининг ўйинлари бир ҳол эди. Ҳамма Осиёдан борганлар майдонда жанг қила олишди. Камерун каби шарманда бўлишмади. Саралашдаги аҳволини кўриб биз енголмаган Кореяни ЖЧда ҳамма ғажиб ташлайди деб ўйлаган эдим. Карислар ҳам мардлик кўрсатишди. Чилида Санчес, Аргентинада Месси, Франция термасида Бенземалар ўйин тақдирини ҳал қила олишар эди. Қитъамизнинг биронта вакилида ажралиб турадиган яққол етакчиси бўлмади.

Famous. Мени айниқса, "Сизни тушунишлари учун чекка вилоятдагилар рус тилини ўргансинми энди" деган жумлангиз ажаблантирган. Нима қипти, отахон, рус тилини ўрганса? Буни нимаси ёмон? Шаҳар, туман марказидагилар рус тилини ўрганса майли-да, чекка вилоятдагилар ўрганмасинми? Илтимос, инглиз тилини пеш қилманг. Инглиз тили азалдан бизга ёт тил бўлган. Мавзуга умуман алоқаси йўқ.
Жавоб: Ҳамма истаган одам рус, инглиз тилини ўргансин, дунё ҳаётига бевосита қуйилиб кетсин. Сайтларга кириб жаҳон футболидан бевосита хабардор бўлиб турсин. Тан олинг, вилоятларда марказга нисбатан бунинг имконияти кам. Тил ўрганишга ёрдам маъносида Солдадзе мақолалари рус тилида саҳифага-саҳнага чиқмоқда. Лекин ўз юртида яшаб турган фуқарони таҳқирлаб қўймадикми? Она тилидаги кўрсатувни тушуниши учун чет тилини билиши шарт бўлган вазиятни унга яратиб қўйсак, мустамлака давлатдан фарқимиз қолмайди-ку. Сиздан узр сўрайман. “Инглиз тили азалдан бизга ёт тили бўлган” демоқдасиз. У ҳам рус тили сингари ёт тили эмас, биз учун чет тилидир. У жаҳон тилидир. Илгари рус тили орқали, рус “оғамизнинг” рухсати билан, руслар бизга мақбул билган информацияни ундан олиб жаҳонга чиқар эдик. Рус тили 150 йил давомида биз учун мустабид тили, бизни бошқариш, устимиздан ҳукм чиқариш, тилимизнинг ривожини бўғиш тили бўлган.

Тарихдан биламиз, араб тили, форс тили тилимизни бойитган. Рус тили тилимизни бўғган. Муқимийни таржимада ўқимоқдамиз. Таққосланг, руслар Пушкинни таржимада ўқишмайди. Масалан, тилимизни ўлдириб ёшу-қари “менга халал берма” дейиш ўрнига “менга мешат қилма” деб гапирмоқда. Россия ҳудудида қолиб кетган қатор туркий тиллар ўлиб бўлди. Масалан, нанай, олтой тиллари ўлиб кетди. Уларнинг ўз тилида ёза оладиган бирон бир адиби йўқ. Бу фожеа эмасми? Қозоқ тилини билгувчи қозоқ аҳолиси камайиб кетмоқда. Қирғиз адиблари ўз ёзувчисини рус тилида ўқиб, халқи тушунсин деб қирғиз тилига таржима қилиб беришар эди. Чингиз Айтматов ҳақида гапирмоқдаман. Биз ҳам тобора ўз тилимизни унутиб “рускоязичний” миллатига секин-аста айланиб бормоқда эдик. Яхшиям мустақил бўлдик. Ёш дўстим, ўз тилингизни ардоқлаган ҳолда инглиз тилини ўрганинг, жаҳон футболига қўшилинг. Маълумотни руслардан эмас, “биринчи қўлдан” олинг.

ТИЛДА АФСОНА БЎЛГАНЛАР
Munitedman. Osiyoda futbol judayam jadal rivojlanmoqda, shu qatorda O'zbekistonimizda ham. Lekin shu o'sib borayotga yosh va shijoatli, kelajakda Azim daraxt bo'lishi kutilayotgan bir vaqtda, nazarimda, o'sishdan to'xtaganday tuyulmoqda. Men TERMA JAMOA G'OLIB bo'lishini judayam xohlayman. Bir haqiqat borki hech kim, qay darajada futbolimizni sevishidan qatiy nazar futbolchilarimizga to'liq ishonmaydi na termaga, na klublarimizga 100% g'olib bo'ladi, degan taqdirimizdayam ichimizda allaqanday hadik bo'ladi. Qachon bizda shu hadiksirash va ishonchsizlik saaal bo'lsayam kamayadi???         
Жавоб: Ҳамма ўз терма жамоаси ғолиб бўлишини хоҳлайди. Чемпион эса битта бўлади. Турнир сўнгида ҳамма ўз ўрнини эгаллайди. Қатарда Ҳиндистон термаси ғолиб бўлишига ўзлари ҳам ишонишмаган. Лекин Баҳрайн дарвозасига иккита жавоб тўпини киритишгач, чемпион бўлгандай хурсанд бўлишган. Ваҳоланки, ҳисоб 2:5 бўлган эди. Ҳамма бўйига қараб тўн бичсин экан, шунда Сиз ёзган “ҳадик” бўлмайди. Биз, албатта, гуруҳдан чиқишимиз керак. Плей-оффда ҳам жамоа танламай тенгма-тенг жанг қилишимиз керак.

Dotsent. Абрамовга ўзингиз тарафкашлик бўйича асоссиз айблар қўйиб, кейин конкрет саволга жавоб бермадингиз. Ўзбек бўлмагани учун ундан нафратланаман, деб қўя қолинг. Хафа бўлмангу, Абрамов ҳақидаги биронта салбий гапларингизда мантиқ йўқ. Ҳамма гапни Абрамов ёмонлигига олиб келяпсиз. Ўзбекистон - кўпмиллатли дунёвий мамлакат. Сиз ҳақингиздаги фикрим янаям мустаҳкамланди. Соғ бўлинг.
Жавоб: Фикр салбий ё ижобий, шахсий ё оммавий, мустаҳкам ё ожиз бўлиши мумкин. Фикрингиз мустаҳкам бўлганидан хурсандман. Менинг фикрларим доимо ожиз қолмоқда. Лекин улардан тонмайман, воз кечмайман. Қайси ота боласидан воз кечади? Абрамов ҳам, Қосимов ҳам, Шквирин ҳам Ўзбекистон даражасидаги мураббийлардир. Осиё даражасигаям чиқа олишмаган. Абрамов билан шахсан танишман. Доҳада танишганман. Бу инсон ҳақидаги фикримни “100 доллар ҳикояти” деган бадиҳамда ёзиб бердим. Унга ҳозирча ҳеч нарса қўша олмайман. Қосимовчилар, Абрамовчилар деган тарафма-тарафлик эскирди. Саҳнага Лушан билан Ашурматов каби иқтидорли мураббийлар чиқиб келишмоқда.

Famous. Бирор бир хато иш қилиб қўйиб, буни онгли равишда ҳис қилиб, афсус чекканмисиз? Бировдан узр сўраганмисиз? Ёки хатони тушуниб етсангизда инсоний ғурур тан олишга йўл бермайдими?
Жавоб: “Хато ҳаммада бўлади”, “иш бор жойда хато бор” деб, ўзимизни овутамиз. Лекин хатонинг афсус-маломатидан қутула олмаймиз. ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев ҳақида танқидий мақола ёзган эдим. Шахсиятига тегмасин деб, исми, шарифини бир оз ўгартириб ёздим. Лекин мақсадимга терс натижа келиб чиқибди. Билмай қолдим. Ҳамма гап эгасини тезда таниб қолди. Қилган хатоим шуки, танлаб қўйган номим қаҳрамоним номига-шаънига нисбатан масҳара бўлиб қолган экан. Шундайлигича “Чемпион”да босилиб чиқди. Ҳалигача афсусдаман. Муаллиф масъулияти жуда зил экан. У куни федерация биносида Санжар билан тўқнаш келганимда ўша хато учун жавоб беролмай уялиб четга ўтиб кетмоқчи бўлдим. Ҳалигача унинг олдида иштонига бажариб қўйган гўдак бола аҳволига тушиб қоламан. Исмини “Ҳанжар Ризаматов” деб ўзгартирган эдим.

Akmalfcb. Osiyo kubogi Qosimov uchun so'nggi imkoniyatdek tuyulmayaptimi sizga? Nafaqat Qosimov, balki Tolibjobov...lar uchun ham so'nggi imkoniyat emasmi?
Жавоб: 40 кундан кейин ОК-2015 ортда қолади. Савол-жавоблар ҳам, ҳаяжонлар ҳам, аламу қувончлар ҳам ортда қолади. Футболимиз яшай беради. Термамиз навбатдаги турнирларда қатнаша беради. Мен ёза бераман. Биродар Абдураимов сингари Қосимов футболдан четга чиқиб кетмайди. У ҳали жуда ёш. Назаримда, биз ҳаммамиз дунёдан ўтиб кетамизу, Толибжоновлар шундайлигича қолиб кетадигандай туюлмоқда. ЎФФда бирор нарсанинг ўзгариши борган сари афсонага ўхшаб бормоқда.

ҲАЙРОНАЛИК
Famous. Аввал қандай касб эгаси бўлгансиз? Ўтказган меҳнат фаолиятингиздан мамнунмисиз?
Жавоб: Сиз касбикорим, ўтмишим билан қизиқибсиз. Аввал ҳам, ҳозир ҳам қурувчиман. Бош қурувчи-архитекторман. Умрим КПСС диктати даврида бесамар ўтди. Архитекторларга ижод йўқ эди. Дом, боғча, мактаб, кинотеатр, хуллас ҳамма уйлар “типовой” эди. Ҳозир имконият эшиклари ҳаммага ланг очиқ. Ижод қил, марҳамат. Ҳеч ким ижодингни бўғмайди. Бундай кунга етказганига шукур дейман. Лекин ажабланиб қолдим. Нега ҳамма архитекторлар ижод қилиш ўрнига услубларни қориштириб кўчирмачилик қилмоқда, билмадим. Ҳозир шундай ҳуррам даврда яшасак-да, нега ишда сифат йўқ, ижод хароб, ҳайронман. Бизнинг давримизда ҳамма ёқни партия фикри эгаллаган эди. Шахс фикри ҳибсда, қафасда асир эди (кўкрак қафасида). Нега ҳозирги ҳуррият даврида одамлар фикрлашни исташмайди, ҳайронман.

Бизнинг давримизда санъат аҳли партия ниқтовидан қутулолмай, мустақил бўлолмай, цензура остида эзилиб буюк асарни яратайин деб бир нимага интилишар эди. Классик киноларимизни кўринг. Нега бугунги мустақиллик даврига келиб ҳамма ижодга эмас, пулга интилади, ҳайронман. Иттифоқ даврида эртанги кундан ҳамманинг кўнгли тўқ эди. Шундай ҳур даврда яшасак-да, кошоналар ичига кириб олиб нега ҳамманинг кўзи оч, ўзи оч, ҳайронман. Биласиз, футболчининг ойлиги ҳамманинг ойлигидан катта. Масалан, энг таниқли фирмалардан бири бўлган “Атфа”нинг директори 8 минг доллар миқдорида ойлик олади. “Фарҳод Тожиев ойига 17минг доллар миқдорида пул олса-да, маошини кам деб билиб, ўзининг футболдаги тақдирига, ўйин маҳоратига, “Локомотив”нинг ОЧЛ ўйинларига қўл силтаб, бундан ҳам каттароқ пул топайин деб Малайзиянинг иккинчи дивизионида ўйнашга равона бўлди”, деган хабарни ҳамма оқлаб юрибди. Унинг пул йиғиб қолишини тўғри тушуниш керак эмуш. Ўзи билан Садриддинни ҳам судраб кетибди, занғар. Нима учун майдонда ўзини кўрсатган 15 яшар бола яшил майдон сирларига, футбол жозибасига, ўйин завқига интилмаяпти. Футболда пул топиш сирларига, катта пул миқдорига, футболга эмас мол дунёга интилмоқда. Ҳайронман.

Советлар даврида ҳам қалби қашшоқлар пулдор одамлар ичидан кўплаб топилган. Лекин улар кўча-кўйда ошкора пулга чангал очиб юрмас эдилар. “Ҳамма нарса халқ учун” деган гаплар бор эди. Замон ўзгарди. Ҳамма нарса лойқа. Лой. Ҳаёт Лойини пишитиб, қайта бор бир қолипга солиб, унга керакли шакл бергунимизга довур анча вақт ўтади. Ўша “қолип”ни қаердан, кимдан олганимизни билмай турибман. Ўқувчимнинг ўтмушим, касбим ҳақидаги биргина саволи деб қулфи-дилим очилиб кетди. Узр сўрайман. Кўп гапириб юбордим, чоғи.

Abduaziz. Siz MTJga kim murabbiy bo’lganda yaxshi natija ko’rsatamiz deb o'ylardingiz.
Жавоб. “МЮ”да ҳам, бошқа ҳар қандай футбол жамоасида ҳам бир мураббий 5 йилдан ортиқ ишламасин экан. Футбол доим ўзгаришда, янгиланишда. Энг буюк мураббий ҳам бир жамоада ўзини ўзи такрорлай бошлайди. “МЮ”да 27 йил бир мураббий ишлаганига ақлим етмайди. Феномен. Энг буюк натижалардан сўнг ҳам, жаҳоннинг йил мураббийи- Хайнкессни “Бавария” клуби алмаштириб юборди. Тўғи қилди (биз эса Мисрдаги ЖЧ20даги ёшларимизнинг мужмал ўйинидан сўнг, Убайдуллаевга ёшлар термасини икки қўллаб топшириб Осиё ўйинларига юбордик. ОК-2011даги 0:6дан сўнг Абрамовга терма тугул Олимпиячиларни ҳам топширдик. Бу йилги Осиё ўйинларида Қосимов “маҳорати” ошкор бўлган бўлса-да, ҳозир ҳам унга ишониб, ундан умидланиб юрибмиз). Янги мусаввир янги картина чизиши кундай равшан ҳақиқат эмасми.

Munitedman. O'tgan mavsumdan keyin “Manchester United”ga ko'pchilik past nazar bilan qaray boshlashdi, lekin Van Gaal ishonchni oqlashni boshladi. Siz ”MYu"ning kelajagi haqida qanday fikrdasiz?
Жавоб. “МЮ”нинг омади бор экан. Иккинчи уринишда Фергюсонга тенг кучли Луи ван Гални олиб келди. Йўқса, жуда пастга тушиб кетармиди.

АНОР МЕВАСИ
Chimketlik. Яна битта саволим. Абрамов кучли мутахассисми?
Жавоб: Абрамов Ўзбекистон даражасида кучли мураббийлардан бири. Осиёда эмас. Агар ўз ички мусобақаларимиз Осиёда биринчилар қаторида бўлганида эди, Абрамов Осиё миқёсида ҳам биринчилардан бўлар эди. Футболимизнинг ҳароблиги фақат ўйинчиларнинг ўсишини тўсиб қолмай, мураббийларимиз истеъдодини ҳам бўғиб қўймоқда.

Atsteyka. Илгари спорт соҳасида ишламаган М.Усмоновнинг ҳам ЎФФни, ҳам МОҚни бошқаришига қандай қарайсиз?
Жавоб: Саволингиз ўринли. Футболимизнинг биринчи шахси ҳамманинг эътибор марказидадир. Мираброр Усмонов касби-коридан қатъий назар, шубҳасиз, буюк ташкилотчидир. Бугунги футболимиз даражасига унинг қўшган ҳиссаси жуда катта. Футболимиз маълум бир нуқтага етиб келди-ки, бундан буён Президентимизнинг мартабаси баланд, мавқеи ҳаммадан устун бўлгани ҳолда, буюк ташкилотчилик қобилияти янги марралар учун унга камлик қилмоқда. Бизга М.Усмонов ёнида ўзидай буюк инсон ва катта мутахассис бўлган иккинчи шахс етишмаяпти. Бошқа томондан қарасак, Абрамов бир жиҳатдан Усмоновга ўхшаб кетмоқда. Масалан, Абрамов алмусоқдан қолиб кетган қаёқдаги футболчиларни ўйнатиб бир мунча натижаларга эришиб юради. Ўтган мавсум чап қанотда Ислом Иномовнинг гоҳ тикка туриб, гоҳ пиёда юриб футбол ўйнаганига бир неча бор гувоҳ бўлганман. Усмонов ҳам қўл остидагиларни натижа бермаса-да, ўз жойида сақлаб юради. Атрофига кучли мутахассисларни эмас, ижрочиларни йиғади. Бошқа мисол келтираман.

Бабаян Темур Жўраевнинг футболдаги тақдирини анор мевасидай ғижимлаб ташлаб, “шарбатини ичолмай”- бир нимага эриша олмай ўзини чиқитга қўшиб қўйган эди. Абрамов 29га чиқсада, маҳорат чўққисига чиқа олмаган Жўраевни иккинчи дарвазабон қилиб таркибга қўшиб олди. Марат Бикмаев жароҳати туфайли ҳеч кимга керак бўлмай қолганида “Локомотив” уни таркибга қўшиб олди. Мардлик қилди. Усмонов ҳам кимларнинг бошини силамаган дейсиз.

МАРАТ ВА САРДОР.
Бошқа бир мисолни кўриб чиқайлик. “Барса”да Гвардиола олдида буюк шахс ва истеъдодли мураббий раҳматлик Тито Виланова ишлар эди. Абрамов ундай эмас. Унинг штабида ўзига тенг шахсларни кўрмайсиз. Президентимиз қўл остида ҳам мустақил, ўзига тенг, фикрловчи шахсларни кўрганим йўқ. Ҳаммаси ижрочи-бажарувчи. Тур десанг, туришади. Ёт десанг ётишади. Ҳеч нарса демасанг, йиллаб миниб олган мансаб ўриндиқларида савлат тўкиб ўтира беришади. Сўзларим туҳмат бўлмасин деб бир мисол келтираман. Гапим чўзилиб кетсаям, майлига. Чидайсиз, чунки ҳаммамиз ҳурмат қилган биринчи шахснинг фаолиятини таҳлил қилар эканман, гапларим қуруқ сўз бўлиб қолмасин. Жонсўз бўлиб қолмасин. Дилсўз бўлсин.

ПФЛ ихтиёрий ташкилот. У проф. клубларнинг бадал пули эвазига фаолият олиб борадиган яхши маънодаги бюрократик ташкилот. Мусобақаларни ташкил қилади. Ўтишини назорат қилади. Тадбирларни уюштиради. Клублар мустақил иш юритади. Мираброр Усмонов ПФЛ раҳбарига қараб “Навбатига яраша барча клублар фаолияти билан ўз жойига бориб танишгин, муаммоларини ўргангин, тавсиялар ишлаб чиққин”, деб буюрса, бу ишни бажаради. Буюрмаса йўқ. Президентимиз ПФЛ раҳбарини Андижон, Фарғона вилоятига ўзи билан бирга олиб борган эди. Бунга доимий кўриниш берайлик деб, Магометовнинг ўзи ташаббус билан чиқмайди.

Мираброр Усмонов Магометовга “Футбол ривожланмоқда. Ривожланиш, янгиланишнинг белгиси мусобақалардаги ўзгаришлардир. УЕФАдек катта ташкилот ҳам кубок турнирларига ўзгаришлар киритиб боради. Яқинда ОФК ҳам, саралаш турнирига ўзгаришлар киритди. Йиллар давомида бизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Демак ривож йўқ. Йил давомида чемпионатдаги 30та ўйин жамоа учун камлик қилмоқда. Яна битта кубок турнирини ташкил қилсакмикан деб ўйламоқдаман. Шунга тайёргарлик кўр, таклифлар кирит”, деса, бу ишни бажаради. Ўзи бундай ташаббус билан чиқмайди. “Навбатдаги ҳисобат мажлисида, чемпионат тақвимига ўзгартиришлар киритма, лекин Мураббийлар билан тақвим бўйича янги таклифларни ўрганиб чиқ”, деса буни ҳам бажарган бўлар эди.
Мажлисни тайёрлаш, уни ўтказиш, қарор чиқариш каби бюрократик вазифалар амалдорнинг кундалик ишидир. Ҳар қандай янгиланишга, ислоҳатга қарши бўлган амалдор ҳам бундай ишларни қойил қилиб бажариб юради. Амалда нимани кўрдик? Мажлиснинг кун тартибида кўриладиган масалаларни клуб эл. адресларига жўнатди. ПФЛнинг йиллик ҳисоботи ва кейинги мавсумга қуръа ташлаш кун тартибига киритилган эди. Раҳбарият мажлис олдидан тағин иккита масалани кўриб чиқишни ўзига маъқул кўрди. Лекин бу ўзгартиришлардан хабардор бўлишга клуб мураббийларини, яъни мажлис қатнашчиларини лоиқ кўрмади. Бу масалани муҳокама қилмай хўжа кўрсинга тасдиқдан ўтказиб олмоқчи бўлди, шекилли. Ҳар йили такрор бўладиган сўзлар айтилиб, кетидан учинчи масалани кўриб чиқиб маъқуллашни сўради. Йиғилганлар бир буюм каби ўтириб кетсинларми? Абрамовнинг қуръа натижалари бўйича Магометов билан айтишиб қолишининг асл сабаби ҳам шу учинчи масаланинг қўйилиши эди, менимча. У Магометовнинг мажлисида қўғирчоқ бўлиб ўтиришни хоҳламади. Магометов тепадан тушган кўрсатма бўйича ишлайди, пастдан чиққан талаб билан эмас. Агар Раҳбар “тур” демаса, ўтирган ўрнидан турмай ўзининг бюрократик вазифасини ҳам шундай “қойилмақом” қилиб бажариб берадики, асти қўя берасиз. Ислом Иномов ўйинидан нима фарқи бор. Абрамов қаноти остида юрган Ислом Иномов таркибдаги ўрнини бу йил ё келаси йили бўшатиб қўяди. Фарҳод Магомедов умрбод ўз ўрнини ҳеч кимга бермайди. Шу лавозимда соч-соқоли оқариб 70га тўлади.

(Айтмабман, учинчи масала нима эди? “Ёшлар лигаси” ўйинларидан ташқари фақат 16-17 ёшли ўсмирлар учун янги, алоҳида турнир ташкил қилиш эди. Абрамов ё ҳар қандай бошқа мураббийнинг бу масалада шахсий фикрини эшитиш керак эдику. Олдиндан келишиб ҳал қилинган масалани хўжакўрсинга мажлисда кўриб чиқиш қўғирчоқбозлик бўлмайдими?) Мираброр Усмонов жамоасининг таркибини, ўйин тактикасини, чизиқлар орасидаги боғламларни тушуна олмай гапимни чўзиб юбордим. 

RealuzA. Demak, Odil kuchli ekanda.
Жавоб. Одил Аҳмедов юқори ўйин даражасига жисмоний формасини етказа олмагани учун термамизнинг навбатдаги ОК ўйинларига урғу бера олмайди, чамамда.

МОСКВИЧ-412 МИНГАН БИЗНИНГ “ ШУМАХЕРЛАР”.
Chimketlik. Ўзбек ва қозоқ футболидан хабардормисиз? Бу икки қўшни давлат футболи ҳакида фикрларизни билдирсангиз.
Жавоб: Қозоқ футболидан бехабарман. Ўзбек футболи ОФК сафида бўлиб, қозоқ футболи УЕФАга ўтиб кетгани учун уларнинг йўллари бир биридан ажралиб кетди. Бундан Марказий Осиё футболи зарар кўрди. Осиёда Араб футболи, Узоқ шарқ футболи, Шарқий Осиё футболи шаклланиб бўлишган. Марказий Осиё футболини фақат Ўзбекистон шакллантириб бормоқда. Арабларда Форс кубоги мусобақаси, Узоқ Шарқда ўз мусобақаси бор. Янги йил арафасида 8та Шарқий Осиё давлатлари қатнашган Suzuki Cup 2014 мусобақаси бўлиб ўтди. Биз ҳам Марказий Осиё мусобақасини ташкил қилсак яхши бўлмайдими. Майли, бу турнир Турон Кубоги ё бошқа ном билан аталсин. Ёки Туркман, Тожик, Озарбайжон, Ўзбек, Қозоқ, Қирғиз футболи учун чемпионлар лига ўйинларини ташкил қилсак бўлмайдими. Регионда футбол ривожланмас экан, алоҳида-алоҳида ривожланиш мушкул масала. Азиз ўқувчим, федерацияларимиздан бирон бир садо чиқишини кутиб ўтиргунча, келинг биз қардош халқларнинг футбол ишқибозлари шу мақсад йўлида бирлашайлик. Мен тайёрман. Менинг телефон рақамимни ёзиб олинг. +998909602294.

AlibekFCB. Mana biz tumanda yoki qishloqda yashaymiz, bu yerdagi iqtidorlarni ko’ramiz va bilamiz, lekin ularni va tabiiyki ota-onalarini futbol maktablari va futbol akademiyalariga yuragi betlamaydi sababi — “SOQQA”. TJ kelajagi uchun matbuotning yoki matbuotning bir qismi sifatida Sizning yoinki saytning ushbu iqtidorlarni joylarga joylashtirishga, imtihonlarini haqqoniy topshirilishiga va baholarini adolatli qo’yilishiga yordam ko’rsata olasizlarmi? Hozirgi futbolimizda 100% emasu, 50 % dan kuprog'i kimlar ekani Sizu bizga ma'lum. Ana shular evaziga Jchga chiqish yoki OKda biron narsaga erishish...
Жавоб: Азизим, жуда муҳим мавзуни ўртага ташладингиз. Ёш истеъдодларни топиш ва уларни тарбиялаш келгусини белгилаб беради. Ўзимиздаям жуда кўп ака-ука Яҳё, Ҳабибларимиз бор. Мен ивуарлик Туреларни эсга олдим. Фақат бизда болаларимизнинг иқтидорлари ёш чоғидаёқ ўлиб кетмоқда. Бу мавзу шундай муҳум-ки, уни гап устида, тил учида, йўл-йўлакай гапириб ҳал қилиб бўлмайди. Олимхўжадан илтимос қиламан, шу мавзуга бағишлаб он-лайн конференциясини уюштириб берсин.

Chelsimilan: Ўзбек футболи яқин 3-4 йил ичида орқага кетаётгандек гўё. Агар шундай булса, бунга сабабчилар кимлар деб ўйлайсиз. Илтимос, саволларимга жавоб беринг!
Жавоб: Дўстим, фараз қилинг, биз темир йўл ёқасида “москвич” мошинасида кетмоқдамиз. Хурсандмиз. Жаҳон футболи минган тезюрар, замонавий поезд олдимиздан ўтиб кета бошлади. Унга тикилиб турсак, бизга “москвич”имиз орқага қараб кетаётгандек туюла беради. ЖЧ-2014 ўйинларини кўра туриб менда ҳам шундай тасаввур пайдо бўлди. “Поезд” ўтиб кетди. Биз “Москвич”имизни (чемпионатимизни) мақтаб, кўчадаги яккам-дуккам ўсган силжимас дарахтларга қараб “тезлигимиздан” (ғолиб “Пахтакор”, ё ”Локомотив” ўйинларидан) хурсанд бўлиб юра берамиз. Яккама-якка пойгада биз минган эски “Москвич” ютқазиб қўйса борми (Кореяга ютқазиб келган пайтимизни эсланг), омадни, ҳакамларни айблаб юрамиз (Рустам Акрамов ўшанда айтган баҳоналарини эсланг). Миниб олган “москвич”имизни (чемпионатимизни) эмас.

ВАТАНДОШЛАРИМ....
RealuzA. OK-2015da guruhdan chiqish imkoniyatlarini qanday baholaysiz?
Жавоб. Яхши ният қилайлик. Яхши ният — ярим мол. Термамизга ғалабалар тилайлик. Худо хоҳласа, гуруҳдан чиқиб, плей-оффда мазмунли ўйинларда қақшатқич кураш олиб борамиз.

Мен уйда ўтириб, кўк чой хўплаб ушбу саволларга жавоб ёзар эканман, ишқибозлар билан сиртдан учрашиб, улар билан сиртдан кўришиб, сиртдан тиллашиб, диллашиб ўтиришимни ўзаро жонли фикр алмашинувига, жонли суҳбатга ўхшатдим. Сизларга бир пиёла кўк чой узата олмаётибман, холос. Ҳаммангиздан ушбу суҳбат учун миннатдорман. Янги йилда соғ-омон бўлайлик.

Менга нотаниш қадрдонларим, январда бир ой сизлар менга ҳамдард бўласизлар. Ўзбек футболига бўлган ишқибозлигимиз туфайли бизлар бир ой бир дард билан бирга яшаймиз, биргаликда қайғурамиз, биргаликда завқланамиз. Яратган эгам, ЎЗИНГ буюксан. Термамиз узоқ Австралия юртига бориб олтита ўйинда майдонга тушиб, жанг қилиш маҳоратини олтита ўйинга ошириб қайтишини ҳамма ишқибозлар қаторида мен ҳам Сендан сўраб, илтижо қилиб қоламан.

6.01.2015й.
Ҳурмат билан, Ҳасанали отангиз.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:01, 06.01.2015.
Ўқилди: 5530 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.