Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Осиё кубоги олдидан: Ҳужумчи ўрнига ҳужум

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси муҳим мусобақа олдида турибди. Футболимиз асл салоҳиятига Осиё кубогида баҳо берилади - термамиз қитъанинг олд жамоаларидан бири эканини исботлайди ёки ўтган сафарги ярим финал тасодиф эканини тан олишимизга тўғри келади. Хуллас, мусобақанинг аҳамияти жуда катта.

Шунга монанд, терма жамоанинг Осиё кубогига тайёргарлиги ҳам кенг кўламли бўлди. Миржалол Қосимов шогирдлари БААда 2 марта йиғин ўтказдилар ва ўртоқлик ўйинларида майдонга тушдилар. Мураббийнинг таъкидлашича, йиғин чоғи жисмоний тайёргарликка катта урғу берилган. Буни терма жамоа етакчилари - Сервер Жепаров ва Темур Кападзе ҳам тасдиқлашди. «Машқда оғирлик сезилса, жангда осон бўлади», - деди Сервер. «Жисмоний тайёргарликка қаратилган машғулотлар анча оғир кечди, аммо Осиё кубогида бунинг аҳамияти катта. Биз бош мураббий талабларини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилдик», - дея унинг фикрига қўшилди Кападзе. Буларнинг барчаси жамоада ҳамжиҳатлик юқори эканини кўрсатади.

Аммо шу билан бирга тан олиш лозим, Ўзбекистон миллий жамоасида муаммолар ҳам етарли. Хусусан, ҳужум чизиғи кўнгилни тўлдирадиган даражада эмас. Ўртоқлик ўйинлари буни тасдиқлаши мумкин. БААдаги 2та йиғин давомида 5та ўртоқлик ўйини ўтказилди - «Окленд Сити» клуби, Фаластин ва Иордания термаси билан бир мартадан, Ироққа қарши эса 2 марта. Бу ўйинларда умумий ҳисобда 4та гол урилди. Шу голлардан 3таси пенальти самараси эканлигини инобатга олсак, терма жамоамизнинг тўпурарлик салоҳияти анча шубҳа остида қолиши тайин. Боз устига, голларнинг фақат биттаси ҳужумчи ҳисобига ёзилди - Наврўз Алимов Иорданияга қарши учрашувда захирадан майдонга тушди ва дарвозани ишғол қилди. Қизиқ томони - айнан шу ҳужумчи якунда Осиё кубогига борадиган якуний таркибга киритилмади.

Миржалол Қосимов йиғинлар давомида Наврўз Алимовдан ташқари, яна 3 нафар ҳужумчини синовдан ўтказди - Игорь Сергеев, Воҳид Шодиев ва Баҳодир Насимов. Уларга тенг имконият тақдим этилди, аммо бирорта гол уришмади. Умид қиламизки, Осиё кубогида бу салбий анъана барҳам топади ва «шунқорлар» ҳам гол уришни ўрнига қўйишади. Аммо ҳозирча бунга ишонишимиз қийин бўлиб турибди.

Ўз навбатида, умумий ҳолат Миржалол Қосимовни ҳам ташвишга солмай қолмайди. Шунга қарамай, мураббий ҳужум бобида ишлар яхши бўлишига ишонишини билдирди. «Агарда ҳужумчиларимиз гол уриш учун бирорта имконият ҳосил қилишмаганида, ташвишлансак арзирди. Аммо бизда вазиятлар етарлича юзага келди, фақат улардан фойдаланишда оқсадик. Ҳужумчиларимизга совуққонлик етишмаяпти, шекилли. Аммо бу муаммони бартараф этишимизга ишонаман. Олдинда яна назорат учрашувлари бор ва голлар ҳам албатта, келади», - деди мураббий.

Мураббийнинг ишончи яхши, албатта. Аммо шу билан бирга мавжуд муаммо ечими бўйича қўшимча режа тайёрланса ҳам зарар қилмасди. Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага тортсак. Испания терма жамоаси ҳам 2012 йилги Европа чемпионати олдидан деярли шундай муаммога дуч келганди. Жамоанинг асосий тўпурари Давид Вилья жароҳатланган, Фернандо Торрес ва Фернандо Льоренте эса тайинли ўйин амалиётига эга эмасдилар. Гарчи Испания термаси Евро-2012да ғолиб чиқишга асосий даъвогар ҳисобланса-да, ҳужум чизиғидаги муаммолар туфайли босим остида қолганди. Ўшанда Висенте Дель Боске ажо-йиб қарор қабул қилди ва жамоасини оғир вазиятдан олиб чиқиб кетди. Жаҳон футболи тарихида бунга ўхшаши бошқа учрамаса керак. Тажрибали мураббий кўзни чирт юмиб, ҳужумчилар хизматидан воз кечган ва майдонга 6 нафар ярим ҳимоячи туширганди. Испания терма жамоасининг ярим ҳимояси қай даражада кучли эканини ҳамма яхши билади. Табиийки, Хави, Иньеста, Хаби Алонсо, Бускетс, Сеск Фабрегас ва Давид Сильва бирдан майдонга тушишгач, рақиблар анча довдираб қолгандилар. Испанлар тўпга тўлиқ эгалик қилишган ва Давид Сильва ҳамда Сеск Фабрегас жарима майдони ичида алмашиб ҳаракатланиб, рақибни анча чалғитгандилар. Ўша мусобақада Испания миллий жамоаси ёрқин ўйин намойиш этмаган ва бунинг учун бош мураббий Висенте Дель Боске кўп бора танқидга учраганди. Аммо салбий қарашларга қарамай, испанлар керак вақт керакли натижага эришгандилар. Ахир муҳими шу эмасми?

Албатта, Ўзбекистон миллий жамоасини кимсан - Испания билан таққослаш ноўрин. Ҳатто кулгули, дейиш ҳам мумкин. Аммо шу билан бирга тан олайлик, ҳар икки жамоадаги муаммолар ўхшаш. Миржалол Қосимов қўл остидаги жамоада ҳам ярим ҳимоя чизиғи анча кучли кўриниш олган -  ҳар ҳолда, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаровни бутун қитъада яхши билишади. Шунингдек, Сардор Рашидов ва Жамшид Искандеров ҳам Осиё миқёсида умидли футболчилар ҳисобланишади. Шундай экан, ўша испанлар қўллаган услубни бизда ҳам синаб кўриш имконияти нега йўқ бўлсин? Ахир терма жамоа ҳужум чизиғи қай даражада заифлиги шундоқ кўриниб турибди-ку...

Албатта, бу борада сўнгги қарор Миржалол Қосимовга боғлиқ. Мураббий ўз зиммасига юклатилган масъулият қай даражада баландлигини тушуниб турибди. Осиё кубогига йўл олиш олдидан ўтказилган матбуот анжуманида буни алоҳида таъкидлаб ҳам ўтди: «Яхши натижа кўрсатишни ҳаммамиз истаймиз. Агар мухлислар буни юз чандон истасалар, футболчиларнинг хоҳишлари ундан-да кўпроқ. Чунки улар майдонга тушадилар ва Ватанга ёруғ юз билан қайтишни истайдилар. Биз бунинг учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз. Умид қиламанки, кўзлаган мақсадимизга эришамиз». Албатта, биз ҳам шундай бўлишига тилакдошмиз. Қолганини эса, энди Австралияда кўрамиз...

Трансляция кўлами кенг

ОК-2015 ўйинларини жаҳоннинг деярли 100та телеканали жонли эфирда намойиш қилади. Тахминий ҳисоб-китоб бўйича мусобақани 2,5 миллиард киши телевидение орқали кузатади. Қуйидаги телеканаллар турнир ўйин­ларини трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олган:

Қизиқарли фактлар

Эроннинг persianfootball.com сайти Осиё кубогига оид айрим қизиқарли маълумотларни ҳавола этди.

— Австралиядаги мусобақа ҳисоб бўйича 16-Осиё кубогидир;

— Фақат 6 марта мусобақа мезбони чемпионликни қўлга киритган;

— Осиё кубоги финал босқичида энг кўп гол эронлик Али Даи ҳисобига ёзилган. У 3та мусобақада иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 14 марта ишғол қилган;

— Мусобақалар давомида 15 марта «хет-трик» қайд этилган. Улардан 6таси эронликлар, 3таси японлар ҳисобига ёзилган;

— 4 нафар бразилиялик мураббий бошчилигидаги жамоа ғолибликни қўлга киритган;

— Осиё кубоги-2015 томошабинларнинг ўртача ташрифи бўйича Хитойда бўлиб ўтган ОК-2004 натижасини (1та ўйинга ўртача - 31877 мухлис) янгилаши мумкин;

— Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари 13-марта қитъа чемпионатида иштирок этишади;

— Фаластин Осиё кубогида илк марта қатнашади;

— Эрон термаси Осиё чемпионатлари тарихида энг кўп ғалабага эришган (34та) ва барчадан кўп гол урган (112та) жамоадир;

— Япония қитъанинг 4 карра чемпионидир;

— Фақат Австралия, КХДР, Ўзбекистон, Баҳрайн, Фаластин ва БАА терма жамоаларини маҳаллий мутахассислар бошқаришади.

--------------------------------------------------

Чипталар баҳоси қанча?

ОК-2015 ўйинларига чиқарилган чипталар баҳоси 5дан 149 Австралия долларигача белгиланган. Очилиш учрашуви (Австралия-Қувайт)ни томоша қилиш учун чипта тоифасига қараб, 34,5; 69; 109 ва 149 доллардан тўлашга тўғри келади. Гуруҳ босқичининг қолган учрашувлари чипталари 5; 10; 15; 20 ва 30 доллар туради. Австралия термаси иштирокидаги ўйин­лар чиптаси нисбатан қимматроқ: 24,5; 39,5; 49; 49,5 ва 99 доллар. «Плей-офф» ўйинлари чипталари баҳоси ҳам тайин:

Чорак финал - 14,5; 24,5; 29; 34,5; 49 ва 69 доллар

Ярим финал - 24,5; 39,5; 49; 49,5; 79 ва 99 доллар

Учинчи ўрин учун баҳс - 14,5; 24,5; 29; 34,5; 49 ва 69 доллар

Финал - 39,5; 79; 109 ва 149 доллар

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:54, 07.01.2015.
Ўқилди: 6554 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.