9 январь куни Австралияда навбатдаги Осиё Кубоги старт олади. Мусобақага доир турли хил статистик маълумотлар билан таништиришни давом эттирамиз. Қуйида Осиё Кубогига мезбонлик қилган давлатлар рўйхати билан танишишингиз мумкин.
ОСИЁ КУБОГИ МЕЗБОНЛАРИ
1954 йили ОФКга асос солинган бўлса, орадан икки йил ўтиб биринчи марта қитъамизда Осиё Кубоги баҳслари ўтказилган. 1956 йил бўлиб ўтган дастлабки қитъа биринчилигига Гонконг мезбонлик қилганди. Кейин эса навбати билан мусобақа бошқа давлатларда ўтказилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, 1956-2004 йиллар оралиғида чемпионат фақат жуфт йиллари (ҳар тўрт йилда бир марта) ўтказилган. Фақат охирги бор ўтказилган мусобақа тоқ йилга тўғри келди. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаби бор албатта. Осиё Кубоги 2004 йил Хитойда бўлиб ўтганидан кейин навбатдагиси 2008 йил ўтказилиши лозим эди, бироқ ўша йил Европа чемпионати ўтказилгани боис ОФК раҳбарлари бизнинг мусобақа эътибордан четда қолиб кетади, чунки ҳамманинг нигоҳи Европага қаратилган бўлади деган хаёлга бориб, қитъа чемпионатини тоқ йилларда ўтказиш фикрини илгари суришди. Натижада бу барчага маъқул тушди.
Шундай қилиб мусобоқа 2007 йил ўтказилди. Орадан тўрт йил ўтиб навбатдагиси 2011 йилга тўғри келди. Осиё Кубоги шу пайтгача жами 15 марта ўтказилган бўлиб, 16та давлат мезбонлик қилишга улгурган. Айтганча, Эрон икки марта (1968 ва 1976 йиллар) чемпионатни ўзида қабул қилган. Шунингдек, 2007 йилги мусобақа тўртта давлат (Индонезия, Малайзия, Таиланд ва Вьетнам)да ўтказилгани билан эсда қолган. Кейин Эрондан кейин Қатар ҳам икки бор Осиё чемпионати мезбони сифатида тарихга кирди. Негаки 1988 йилги мусобақа ҳам айнан Қатарда ўтказилган эди. Мусобақа тарихида илк марта Осиё Кубоги қитъадан ташқарида Австралияда ўтказилмоқда.
Албатта, Осиё Кубогини ўзида ўтказишни кўпчилик хоҳлайди, лекин бунга ҳамма тайёр эмас. Чунки қитъа биринчилиги мезбони мақомига эга бўлиш учун ўша давлатда футболнинг қанчалик ривожлангани кўп ҳам муҳим аҳамият касб этмайди. Асосийси футбол билан боғлиқ барча ташкилий ишлар, шунингдек инфратузилма жойида бўлса бўлгани. Лекин тан олиш керак, мезбонлик қилишнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Бунда уй эгаси иложи борича узоққа боришни ўйлайди. Шу пайтгача Эрон (2 марта), Жанубий Корея, Исроил, Қувайт ва Япония терма жамоалари Осиё чемпионатига мезбонлик қилиб, якунда олтин медалларни қўлга киритган.
Йил Мезбон Эришган натижаси
1956 Гонконг 3-ўрин
1960 Ж.Корея чемпион
1964 Исроил чемпион
1968 Эрон чемпион
1972 Таиланд 3-ўрин
1976 Эрон чемпион
1980 Қувайт чемпион
1984 Сингапур гуруҳ босқичи
1988 Қатар гуруҳ босқичи
1992 Япония чемпион
1996 БАА 2-ўрин
2000 Ливан гуруҳ босқичи
2004 Хитой 2-ўрин
2007 Вьетнам чорак финал
Индонезия, Таиланд, Малайзия гуруҳ босқичи
2011 Қатар чорак финал