10 январь куни Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогидаги илк ўйинини Шимолий Корея терма жамоасига қарши ўтказишидан хабарингиз бор. Гарчи кўпчилик хорижий ОАВларда терма жамоамизнинг ғалаба қозониши тахмин қилинаётган бўлса-да, шимоллик корейслар таркибига назар ташлаб чиқишни лозим топдик.
Ушбу юрт терма жамоаси Осиё Кубогида иштирок этадиган 16 жамоа орасида ФИФА рейтингида энг паст кўрсаткичли жамоа ҳисобланади. Шимолий Корея анча ёпиқ давлат бўлганлиги туфайли Жанубий Корея ОАВларидаги айрим маълумотлар орқали ушбу юрт футболи ҳақида оз бўлса-да тасаввурга эга бўламиз. Биз Шимолий Кореянинг 1966 йилги ЖЧдаги қаҳрамонликларию 2010 йилги ЖЧга чиққанлиги ҳақида ортиқча гапириб ўтирмасдан ҳозирги кундаги жамоа ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Осиё Кубогида қатнашувчи терма жамоалар бирин-кетин Австралияга келиб, чигалёзди машқларию ўртоқлик ўйинларига зўр бераётган бир вақтда Шимолий Корея терма жамоаси Хитойнинг кўздан йироқ Хайнан вилоятида машғулотлар ўтказди. Терма жамоа таркибни эълон қилгач, кўпчилик Чонг Те Се («Сувон», Жанубий Корея) ва Хонг Ёнг Жо («Ростов», Россия) каби тажрибали футболчиларнинг таркибдан четда қолганликларидан ҳайратда эди. Шимолий Кореяда «Халқ Руниси» дея алоҳида ҳурмат қилинадиган 30 ёшли Чонг Те Се ўрнига Европада суяги қотаётган Пак Кванг Рёнг танланди. Умуман олганда, шимолликлар таркибида 4 нафар легионер бор: Пак Кванг Рёнг («Базель», Швейцария), Ча Жонг Хёк («Виль», Швейсария), Ри Кванг Ил («Токушима», Япония), Рянг Ёнг Ки («Вегалта Сендай», Япония).
Шубҳасиз, Пак Кванг Рёнг ушбу терма жамоанинг яқин йиллардаги етакчисига айланиши кутилмоқда. 23 ёшли бу футболчи 2010 йилдан буён доимий равишда Шимолий Корея таркибидан жой олиб келмоқда. 188 сантиметрли бўйдор хужумчи 2011 йили Швейцариянинг машҳур «Базель» клуби эътиборига тушди ва шу мавсумда 14 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол киритишга эришди. 2013 йили эса футболчи пастки лигадаги «АC Беллинзона» клубига ижарага берилди. Ушбу жамоа сафида корейс футболчиси 17 ўйинда 7та гол киритди. 2014 йилги мавсумни Пак Кванг Рёнг ижара асосида Лихтенштейннинг «Вадуз» клубида ўтказди ва 24 ўйинда 9та гол киритди. Футболчи Шимолий Корея терма жамоаси таркибида 12 ўйинда 3 гол киритган. Айниқса, футболчи яқиндагина якунланган Инчеондаги Осиё Ўйинларидаги ёрқин ўйини билан ёдда қолди.
Японияда туғилиб ўсган этник корейс Рянг Ёнг Ки эса Шимолий Корея терма жамоасида 2008 йилдан буён тўп суриб келади. 33 ёшли ярим ҳимоячи 2004 йилдан буён Япониянинг етакчи клубларидан саналган «Вегалта Сендай» аъзоси ҳисобланади.
Олдинги чизиқни шубҳасиз Пак Кванг Рёнг эгаллаши ва ушбу ҳужумчининг бўйдорлигини ҳисобга олсак, ҳаводаги курашларда уни «зарарсизлантириш» терма жамоамизнинг муваффақият қозонишида муҳим омиллардан бўлса ажабмас.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-КХДР ўйини 10 январь куни соат 12:00 (Тошкент вақти билан)да бошланади.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул