Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

ОСИЁ: Бўлиниш вақти келди(ми)?!

Баҳо:
+ | -

Осиё футболида айрим ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. ОК-2015 бошланиши арафасида ОФК Мусобақаларни ўтказиш қўмитаси ва Ижроқўм йиғилишлари бўлиб ўтади. Уларда битта муҳим масала муҳокама қилинади.

Шарқ таклифи

Шарқ мамлакатлари (Япония, Жанубий Корея, Хитой) вакиллари жаҳон чемпионати саралаш тизимининг дастлабки босқичини Ғарб ва Шарқ минтақаларида алоҳида ўтказишни таклиф қилмоқдалар. Яъни худди ОЧЛ ва ОФК кубоги мусобақалари гуруҳ бос­қичида бўлгани каби икки минтақа вакиллари бошқа-бошқа гуруҳларда иштирок этишади, қуръа пайти улар аралаштириб юборилмайди. Шу орқали жамоаларнинг узоқ масофаларга парвоз қилиши олди олинади. Бу ўз нав­батида, харажатлар камайишига сабаб бўлади (мисол учун, ОЧЛда иштирок этган «Бунёдкор» Австралияга бориб келиш учун 200 минг АҚШ доллари сарфлаган).

Хабарингиз бор, ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019 саралаш тизимининг даст­лабки босқичлари бирлаштирилди. ОФКга аъзо 47та давлат бор. Юқоридаги мусобақаларда иштирок этиш учун тушадиган аризалар сони 40тадан ошса, ОФК «плей-офф» саралаш босқичини ташкил этади ва иккинчи раундда 40та жамоа қолишини таъминлайди. Улар 8та гуруҳга тақсимланишади (5тадан). Демак, ҳозир тайёрланаётган лойиҳага кўра, 20та жамоа (4та гуруҳ) Шарқ, яна 20таси (4та гуруҳ) Ғарб минтақасида кураш олиб боради. Ҳар бир гуруҳ ғолиби ва 2-ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга яна 4та жамоа ЖЧ саралашининг сўнгги босқичига йўлланма олиш билан бирга Осиё кубоги-2019га чиқиш вазифасини ҳал қилиб қўяди.

 

Ғарб таклифи

Ана шу жойга келганда, Ғарб минтақаси мамлакатлари (БАА, Саудия Арабистони, Қатар) мутасаддилари ҳам таклиф киритишяпти: ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги босқичида ҳам гуруҳлар Шарқ|Ғарбга ажратилади. Яъни битта гуруҳда Шарқнинг 6та жамоаси, иккинчисида Ғарбнинг 6та вакили иштирок этади. Шунда ОФКга ажратилган ЖЧнинг 4,5та йўлланмасидан 2таси Шарқ, 2таси Ғарб жамоалари ўртасида ўйналади. 0,5та чипта тақдири эса якунда «плей-офф» ор­қали ҳал қилинади.

Булар ҳозирча шунчаки, лойиҳа. ОФК қандай қарорга келишини тез кунда билиб оламиз. Бизда эса бош­қа таклиф бор.

Бизнинг таклиф

Осиё жуда катта қитъа. Австралия ОФК таркибига қўшилганидан кейин унинг чегараси янада кенгайиб кетди. Бу ўз навбатида, мусобақаларни ташкил қилишда айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бунинг олдини олиш учун қуйидагиларни таклиф этамиз.

1. Қитъани иккига бўлиш керак: Ғар­бий ва Марказий Осиё ҳамда Шар­қий ва Жануби-Шарқий Осиё.

2. Ғарбий ва Марказий Осиё минтақасига қуйидаги 25та мамлакат киради: Ғарбий Осиё — Баҳрайн, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Уммон, Фаластин, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия, БАА, Яман; Марказий Осиё — Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон; Жанубий Осиё — Бангладеш, Покистон, Мальдив ороллари, Ҳиндистон, Бутан, Непал, Шри-Ланка.

3. Шунда Шарқий Осиёда 22 мамлакат қолади. Уларга Океанияни ҳам қўшиб, алоҳида конфедерация тузиш мумкин. Океанияга 11та мамлакат аъзолигини инобатга олсак, ушбу конфедерация ўзида 33та давлатни жамлайди.

4. Ҳозирги кунда ОФКга 4,5, Океания­га 0,5та ЖЧ йўлланмаси ажратилган. Ушбу конфедерациялар бирлаштирилиб, алоҳида 2та конфедерация пайдо бўлганидан кейин 58та давлат учун 5та ўрин камлик қилади, албатта. ФИФА президенти Зепп Блаттер шундоқ ҳам Осиё ва Африка учун квоталар сонини кўпайтириш кераклиги ҳақида кўп гапирди. Биз таклиф қилаётган 2та конфедерацияга жами 6та ўрин ажратилса, ҳар иккала минтақага 3тадан йўлланма берилади. Натижада «яримта» ўриндан воз кечилади ва жамоалар бутун йўлланмалар учун кураш олиб боришади.

5. Океания футбол конфедерацияси ҳам ЖЧ йўлланмаси учун курашда ОФК­га қўшилишни истайди. Ҳарқалай, бунга рози.

6. Ҳар иккала конфедерацияни битта ташкилот остида ушлаб турган маъқул. Масалан, ОЧЛ тўлиқ иккига ажратиб бўлинди. Икки минтақанинг биттадан жамоаси фақат финалда тўқнаш келади. Агар 2та минтақада терма жамоалар миқёсида алоҳида чемпионат ўтказилса, унда мусобақаларнинг савияси тушиб кетади. Худди Шарқий Осиё чемпионати ва «Форс кўрфази кубоги»га ўхшаб қолади. Шу боис, ягона Осиё чемпионати бирлашган ҳолда ўтказилиши лозим.

7. Навбатдаги Осиё кубогидан бошлаб, финал раунди иштирокчилари сони 24тага етказилишини инобатга олсак, келажакда унинг саралашига Океа­ния жамоалари (Шарқий минтақада)ни ҳам қўшиб юбориш мумкин. Масалан, Янги Зеландия ва Таити терма жамоаларининг Осиё кубогида иштирок этишлари мусобақа савияси ошишига хизмат қилади.

8. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун вақт керак. Шу боис, Осиё кубоги-2019 ва ЖЧ-2018 саралаш тизимига Океания жамоаларини қўшишнинг иложи йўқ. Буни Осиё кубоги-2023 ва ЖЧ-2022 саралашидан бошлаб амалга ошириш мумкин.

Хулоса

Булар лойиҳанинг муҳим жиҳатлари. Қолган «детал»ларни иш жараёнида босқичма-босқич ҳал қилиб бориш мумкин. Масалан, Океания клубларини ОЧЛ ва ОФК кубоги турнирларига қўшиш-қўшмасликни ҳар томонлама ўйлаб кўриш керак.

Ўйлаймизки, мазкур лойиҳа вақти келиб амалга ошса, ажабмас. Боиси, унинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Истаймизми-йўқ, Осиёнинг катта қитъа­лиги, унда мамлакатларнинг иқтисодий аҳволи турлича экани инобатга олиниши шарт. Мазкур лойиҳа амалга ошса, харажатлар камаяди, узоқ парвозлар олди олинади ва мусобақаларнинг савияси ошади. Энг муҳими, Ўзбекистон терма жамоасида Ғарбий минтақага ЖЧ учун берилажак 3та йўлланмадан бирини қўлга киритиш имконияти кўпаяди!

Абдулазиз АЗИМХЎЖАЕВ,

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:23, 08.01.2015.
Ўқилди: 10612 марта.
Фикрлар: 33 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.