2014 йилнинг энг яхши футболчисига аталган «Олтин тўп» мукофотини топшириш маросими бугун Тошкент вақти билан 22:30да Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ўтказилишидан хабар топган ўғлим ўқишдан келиши билан:
— Дада, бугун «Олтин тўп» маросими бўлар экан. Ўтган йили «Олтин тўп»ни Роналду олган эди, энди бу сафар Месси олса яхши бўларди. Чунки бизлар дўстларимиз билан ўзаро баҳслашдик. Гуруҳимизнинг тенг ярми Роналдуга, тенг ярми эса Мессига мухлислик қиламиз.
— Хўп, яхши, Нойер-чи? У ҳам яхши футболчи-ку, терма жамоаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритишида катта ҳисса қўшган-ку,— дедим.
— У дарвозобон-ку, дада, ким ҳам унинг «Олтин тўп»ни олишига ишонади, — деса бўладими.
Ўғлимнинг гапида жон бор. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Биз ҳам болалик давримизда икки жамоага бўлиниб футбол ўйнаган пайтимизда ким дарвозада туради деса, ҳеч ким турмасди. Ҳозирги болларда ҳам шу нарса мавжудми билмадим-у, негадур дарвозабоннинг (Нойер) «Олтин тўп»ни олиши уларнинг хаёлига келмагани аниқ. Ўзи, футбол тарихида «Олтин тўп»ни фақат бир марта Л.Яшин 1963 йилда қўлга киритганидан буён, мана эллик йилдан ошиқ вақт бўлибдики, ҳозирги кунгача ҳеч бир дарвозабон «Олтин тўп»ни қўлга киритишида ҳужумчи ёки бўлмаса ҳимоячилар билан баҳслашишда ожизлик қилиб келмоқда. Майдонда қанча маҳоратли дарвозабон бўлмасин, барибир мухлисларнинг кўз олдида биринчи навбатда гол урган ҳужумчилар ёки рақиб ҳужумини қайтаришда фаол бўлган ҳимоячилар гавдаланиб қолаверар экан. Мен бунга ўғлимнинг гапидан сўнг яна бир бор амин бўлдим.
Ҳар бир мухлис ўз дунё қарашидан келиб чиққан ҳолда ўзининг севимли футболчисини «Олтин тўп»га лойиқ кўради. Ўғлим ҳам бу сафар Мессининг «Олтин тўп»ни олишига ишонади. Лекин, интернетда тарқалган маълумотларга таянадиган бўлсак «ФИФА билан алоқаларини узган «Барселона» жамоаси бугунги маросимда қатнашмаслигидан ва Мессини ҳам у ерда кўрмаслигимиздан» бехабар ўғлим буни билармикан, афсус.
P/S. Роналду, Месси ва Нойер — қайси бири «Олтин тўп»ни олишидан қатъи назар уларнинг мухлисларини олдиндан табриклаб қўйишга ижозат бергайсиз.
BARSAREAL никли мухлис